Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.03.2017 12:29 Чоп этиш версияси

Инсон манфаатларига йўналтирилган лойиҳалар

Пойтахтимизда қандли диабетнинг олдини олиш ва эрта аниқлаш усулларини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган лойиҳаларга бағишланган конференция бўлиб ўтди.

Тошкент шаҳридаги «Umid» хайрия жамоат бирлашмаси ташаббуси билан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда олимлар, шифокорлар, давлат, жамоат, халқаро ташкилотлар вакиллари, хорижлик экспертлар иштирок этди.

Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари вазифасини бажарувчи З.Ҳалимова, «Umid» хайрия жамоат бирлашмаси раиси Н.Ибрагимова ва бошқалар мамлакатимизда аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш, тиббий-профилактика ёрдамини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 5 январь ва 7 февралда соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан учрашувларда соҳада олиб борилаётган ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш, тиббиёт тизимини тубдан такомиллаштириш борасидаги муҳим вазифаларни белгилаб берди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастурида тиббий-ижтимоий соҳани такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари кўрсатилган.

«Umid» хайрия жамоат бирлашмасининг Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширган қишлоқ аҳолиси орасида қандли диабетнинг олдини олиш, эрта аниқлаш лойиҳаси ҳам бу вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда ўзига хос аҳамиятга эга.

Жаҳон диабет фонди гранти асосида 2014-2017 йилларда амалга оширилган ушбу лойиҳа доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Фарғона, Самарқанд, Қашқадарё, Навоий ва Тошкент вилоятларида соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинида ишлайдиган бир минг уч юз нафардан кўпроқ эндокринолог, кардиолог, офтальмолог ва умумий амалиёт шифокорларининг малакаси оширилди. Еттита тумандаги кўп тармоқли марказий поликлиникаларнинг эндокринолог хонаси компьютер, глюкометр ва бошқа тиббий жиҳозлар билан таъминланди. Вилоятлардаги эндокринология диспансерларига биокимёвий анализаторлар, реагентлар етказиб берилди. Диабетни барвақт аниқлаш мақсадида аҳоли орасида скрининг текшируви ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда ҳудудларда маҳалла маслаҳатчилари иштирокида ўқув-услубий тадбирлар ташкил этилди. Бундан мақсад аҳоли орасида тиббий-профилактика тадбирларини амалга оширишда маҳалла фаолларининг салоҳиятидан унумли фойдаланиш, оилаларда тиббий маданиятни юксалтиришдир.

Тадбирда Ўзбекистонда диабетология хизмати ва унинг истиқболлари, бу борадаги халқаро тажриба, аҳоли орасида қандли диабетнинг олдини олиш ва тиббий-профилактика хизматини янада ривожлантириш масалалари, халқаро ҳамкорлик истиқболларига оид маърузалар тингланди.

Қишлоқ аҳолиси орасида диабетнинг олдини олиш, касалликни эрта аниқлашга йўналтирилган лойиҳа натижалари таҳлил этилди, давлат, жамоат, халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида бу йўналишда амалга ошириладиган истиқболдаги лойиҳалар хусусида фикрлашилди.

Баҳор Хидирова, ЎзА
2 295






Все о погоде - Pogoda.uz