ЎзА Ўзбек

27.04.2020 Чоп этиш версияси

Инсон камоли – ахлоқан юксалишда

Инсон камоли – ахлоқан юксалишда
Мулоҳаза 

Коронавирус тарқалиши билан барча давлатларда одамларни бу балодан қутқариш, оммавий тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида зарур чоралар кўрилди. Вақтинчалик карантин қоидалари жорий этилди.

Давлатимиз томонидан нафақат инфекцияга чалинган беморлар, балки карантинга олинган шахслар, қийинчиликка дуч келган оилаларга ҳам амалий ёрдам бериш бўйича тизимли чоралар амалга оширилмоқда.

Эътиборлиси, вирус билан касалланганлар махсус шифохоналарда бепул даволанмоқда. Ҳолбуки, бошқа давлатларда бу жараён пуллик асосда амалга оширилаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Тиббиёт ходимлари ўз жонини гаровга қўйиб, туну-кун беморлар қошида. Ҳуқуқ посбонлари осойишталикни таъминлаш ниятида доим постида. Карантин вақтида саховотпеша кишилар ўзидан ортиб бошқалар корига яраш, қўлидан келганича беғараз ёрдам кўрсатиш пайида.

Оммавий ахборот воситалари орқали доимий равишда бу ҳолатлар, ҳамда вирус юқтириш оқибатлари, жаҳонда минг-минглаб одамлар вафот этаётгани, касалликни юқтирмаслик чоралари, карантин қоидалари, ундан кўзланган мақсад ёритиб борилмоқда.

Афсуски, шунга қарамасдан, била туриб, онгли равишда карантин жойларидан қочиш ва карантин қоидаларини бузиш ҳолатлари кўплаб кузатилаётгани ажабланарли.

Ўз-ўзидан савол туғилади: Нега одамлар фойдасини, соғлиғини кўзлаб жорий этилган вақтинчалик қоидалар бузилмоқда? Нега эл бошига синов келган бундай пайтда кимлардир ўзи ва бошқаларнинг хавфсизлигига шунчалик беэътибор?

Аслида ушбу одамлар, шунингдек, бугун турли жиноятга қўл ураётганлар бу офатдан ўзларига хулоса қилишлари лозим эмасмиди? Бунинг сабаби нимада, ақлсизликми?

Йўқ, бу ақлсизликдан эмас, балки адабсизликдан бўлиб, ҳам тарбия ва маънавият билан боғлиқдир. Аллома Абдулла Авлоний “Бугунги кунда жамиятимизнинг юзини қора қилувчи пасткашлар, ёмонлар, бебошлар, ўғрилар, гиёҳвандлар ва нашавандлар... кеча тарбияларига эътибор берилмаган болалардир”, деб бежиз қайд этмаган.

Барча иллатларнинг сабабчиси тарбиямизга, нима савоб, нима гуноҳ эканлигини, ҳаромдан халолнинг фарқини англашимизга боғлиқ.

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида “тинимсиз ўқиб-ўрганиш” тўғрисида, “чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиши керак”лиги, “ёшларимизни чуқур билим, юксак маънавият ва маданият эгаси қилиб тарбиялаш” масалалари тўғрисида тўхталиб ўтдилар. 2020 йилни Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили деб эътироф этганлиги ҳам бежиз эмас.

Мурожаатнома билан танишган одам давлатимиз раҳбарининг халқимизнинг бахтли яшаши учун эртанги кунимиз бўлган – ёшларга, уларни баркамол авлод қилиб тарбиялаш масаласига қанчалик қайғураётганлигини кўради. Дарҳақиқат, ёшларимизни чуқур билим, юксак маънавият ва маданият эгаси қилиб тарбиялаш энг асосий устувор вазифалардан биридир.

Карантин даврида йўл қўйилган тартиббузарлик, аҳлоқсизлик ва жиноятларнинг асосий қисми ёшлар томонидан содир этилганини ҳисобга олсак, бу яна бир бор ҳали олдимизда ёшлар тарбияси, хусусан, уларни комил инсон қилиб тарбиялаш масаласида қатор вазифалар мавжудлигини кўрсатди, десак хато бўлмас.

Жазоланган ҳуқуқбузар ёки жиноятчининг ҳаммаси ҳам нотўғри ҳаракатини тушуниб етяпди, дея олмаганимиздек, уларни жазолаш билан масала тўлиқ ҳал бўлади, ҳам дея олмаймиз.

Бобоколонимиз Абдурауф Фитрат “...Одамнинг камоли фақат соғлиқ ва кучдан иборат бўлмай, балки жисмонан, ақлан ва аҳлоқан юксалишдан иборат ”, деганлар.

Дарҳақиқат келгусида жамиятимиз турли иллатлардан холи бўлиши учун ёшларимизни ҳам жисмонан, ҳам ақлан комил инсон қилиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим.

Бунда, Ёшлар иттифоқи ҳамда маҳалла оқсоқоллари, фаоллари, яъни икки авлод вакилларининг (ҳар бир маҳаллада) ўзаро яқин муносабатини, катта авлод вакилларининг ёшларга ўрнак ҳам назоратчи бўлишини (жамоатчилик назорати, яъни маҳалла ёшларининг салбий ҳам ижобий ҳаракатларини муҳокама қилиб бориш орқали жамоат таъсир чораларини кўриш назарда тутилмоқда), ёшларимизнинг эса катта авлод вакилларига иззат-ҳурмат билан ўзларининг яқин маслаҳатчиси, деб қарашларини шакллантиришимиз зарур. Бу, ўз навбатида, азалий қадриятларимизни авлоддан-авлодга ўтказишда катта самара бериши шубҳасиз.

Холмўмин ЁДГОРОВ,
Олий суд раисининг ўринбосари

1 494
ЎзА