ЎзА Ўзбек

27.04.2020 Чоп этиш версияси

Инсон бахтли яшаши учун нима керак?

Инсон бахтли яшаши учун нима керак?

Жиззах вилоятида жорий йилнинг ўтган даврида 9 минг 100 нафарга яқин ёшлар ишга жойлаштирилди.

Жорий йил бошида халқ депутатлари вилоят кенгаши томонидан 28,7 мингдан ортиқ ёшларнинг 19,9 мингдан зиёдини доимий иш ва барқарор даромад манбаи билан таъминлаш учун манзилли режа ҳамда йўл харитаси ишлаб чиқилиб, тасдиқланган эди. Айни пайтга қадар вилоят бўйича 9 минг 97 нафар ёшнинг бандлиги таъминланиб, йиллик режанинг 46 фоизи бажарилди.

Шу йил бошидан буён вилоятда ёшларнинг 27,5 миллиард сўмлик кредит ҳисобидан 471 та лойиҳаси молиялаштирилди, 1 минг 787 нафар ёшлар тадбиркорлик фаолиятини бошлади. 2 мингдан зиёд йигит-қиз жамоатчилик ишларига, яна 2 минг 166 нафар ёшлар бошқа соҳаларга ишга жойлаштирилди.

Ишсиз ёшларнинг салмоқли қисми – 2 минг 733 нафари қишлоқ хўжалиги йўналишида ишга жойлаштирилди. Жумладан, 1 минг 786 нафар ёшларга қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ерлардан 1 минг 363 гектар ер ажратилди.

photo_2020-04-27_21-44-59.jpg

Мелиоратив ҳолати ёмон, барқарор ирригация тизимига эга бўлмаган бу ерлардан фойдаланиш барчанинг ҳам қўлидан келмаслиги маълум. Шунинг учун республика ишчи гуруҳи, Президент халқ қабулхоналари ва секторлар раҳбарлари биргаликдаги фаолияти натижасида янги имкониятлар излаб топиш, қўриқлар очиш, унумсиз майдонни унумдор далага айлантириш, ерларга сув чиқариш, ёшларни кўчат, уруғ, ўғит билан таъминлаш, техника ёрдамида ерларга ишлов бериш суръати икки карра оширилди.

Айни пайтда ажратилган майдонларни сув билан таъминлаш учун янги қудуқлар, 40 километр ариқ қазилди, кўмилган ўзанлар тикланди. насослар ёрдамида зовурлардан сув чиқарилди. Томчилатиб суғориш тизими йўлга қўйилмоқда.

Бу ишларнинг натижасида ёшларга ажратилган янги ерларнинг 1 минг 20 гектарига сабзавот, полиз, картошка, дуккакли, бошоқли дон, мевали дарахтлар экилди. Бундан ташқари, 27 та бирлашма ташкил қилиниб, қарийб 1 минг нафар ёшларга кооперация асосида 1 минг 114 гектар ер берилиб, янги боғлар барпо қилинмоқда.

Ёшларни жалб этиш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш мақсадида амалга оширилаётган бу янгича ёндашув вилоятнинг чўл ҳудудидаги ер майдонининг катта қисми шўрхок, сизот сув сатҳи баланд туманлари учун қўл келаётир.

photo_2020-04-27_21-45-21.jpg

– Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан амалга оширилаётган қишлоқ ёшлари бандлигини таъминлаш, мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда амалга оширилаётган бу иш бизнинг чўл туманларимиз учун муҳим аҳамиятга эга, – дейди Дўстлик тумани маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи ўринбосари Нарзулла Абдуаҳадов. – Ернинг ёмони, фойда бермайдигани бўлмайди.

 Бироқ қаровсизликдан шўри юзага кўтарилган, қамиш босган ташландиқ ҳолга келган ерлар ҳамма ҳудудда бор. Бугун бу ерлар ўзлаштирилиб, бинойидек экинзорлар пайдо бўлди. Энг муҳими ёшларимизга даромад манбаи яратиб берилди. Демак, шу ерда ишлаётган ёшларнинг оилаларида фаровонлик билан бирга тотувлик, яхши турмуш маданияти, маънавият қарор топади. Бу эса инсоннинг бахтли яшаши дегани.

Ушбу туманнинг “Олтин водий” маҳалласи ҳудудида 30 гектар жинғил, тикон-у қамиш ўсиб ётган ташландиқ ерни март ойи бошида ўзлаштиришга киришилган эди. Фойдаланиш имконсиздек кўринган ер кўпнинг кучи билан бир ҳафтада текисланиб, шудгорланиб бинойидек экин майдонига айлантирилгач, камбағал оилалардаги 60 нафар ишсиз ёшларга 50 сотихдан ажратиб берилди. Янги ер эгалари карантин кунларида бу ерга яхши ният билан эккан кунгабоқар ва ошқовоқ уруғлари серёғин кунлардан сўнг бир текис униб чиқди. Мутахассисларнинг фикрича, 50 сотихдан ўртача 2 тонна кунгабоқар пистаси ва 10 тонна ошқовоқ ҳосили олиш мумкин. Айни пайтда кунгабоқар чопиқ қилинмоқда.

– 50 сотих майдондаги кунгабоқарим биринчи чопиқдан сўнг баравж ўсаётир, – дейди 27 ёшли Элёр Ўроқбоев. – Ерга ишлов бериб, уни тайёрлашда жуда катта ёрдам берилганидан хурсандман. Ёшларни қўллаб-қувватлаётган Президентимиздан беҳад мамнунман. Энди буёғини ўзим уддалаб, бу ғамхўрликка юртимиз фаровонлиги йўлида сидқидилдан меҳнат қилиш билан жавоб бераман.

photo_2020-04-27_21-45-12.jpg

Элёр ҳаракатчан йигит. Тошкентда бир муддат беданачилик фермасида ишлаган бу йигит шу йил март ойи бошида Агробанк туман бўлимидан 30 миллион сўм имтиёзли кредит олиб 2 минг бош бедана боқишни ҳам йўлга қўйган. Карантин бошланган кунларда укаси билан ҳар куни бозорга 1 минг 300 дона бедана тухуми чиқариб 270-300 сўмдан сотаётир. Бу билан нафақат оиласининг, бошқаларнинг ҳам карантин даври қийинчиликларини енгишларига кўмаклашди.

Вилоятда бундай мисоллар кўп. Ҳаракат қилган одамга имконият ҳамма жойда бор. Айниқса ер энг катта имконият. Бугунги оғир-мураккаб вазият – коронавирус пандемияси оқибатида вилоятда камида қўшимча 5,5 минг нафар ишсиз ёшлар пайдо бўлиши кутилаётгани бу имкониятлардан янада самарали фойдаланиш энг муҳим вазифа бўлиб турибди. Бу ишни амалга оширишда республика ҳукумати, вилоят хокимлиги, сектор раҳбарлари томонидан амалий ёрдам кўрсатилаётир.

Республика ишчи гуруҳининг икки кунлик фаолияти давомида ёшларга ажратилган 2 минг 277 гектар ерларга ишлов берилди, 490 гектардан зиёд янги ер очилди, 250 гектар ерга дарахт кўчатлари, сабзавот-полиз уруғлари экилди, ёш мулкдорлар ерлари учун қарийб 30 тонна кимёвий ўғитлари етказиб берилди, 23 та янги қудуқ ўрни белгиланиб, сув чиқаришнинг молиявий манбаси ҳал қилинди.

Бу йилги баҳор мамлакатимиз ҳаётида коронавирусга қарши кураш, карантин туфайли фаолият чекловларига қарамай барча қийинчиликларни енгган ўзига хос фасл сифати тарихга кирмоқда. Ушбу яшариш, янгиланиш, яратиш фасли юртимизда амалга оширилаётган яратувчилик ишлари халқимизнинг ҳаёт меъёрларини барқарор сақлаш билан бирга одамларнинг онги шуурини, дунёқарашларини ҳам ўзгартирмоқда. Бу ўзгаришлар давлатимиз раҳбарининг халқимиз манфаатини, эртанги бахтли ва ҳаётини кўзлаб олиб бораётган янги-янги ташаббусларини катта-ю кичик, барча бирдек қўллаб-қувватлаб, ҳамжиҳатлик билан қилаётган меҳнатларида намоён бўлаётир.

photo_2020-04-27_21-45-15.jpg

4 277
Т. БЕКНАЗАРОВ. Ж. ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА