ЎзА Ўзбек

25.08.2018 16:27 Чоп этиш версияси

Инсофли солиқ тўловчилар бор бўлсин!

Инсофли солиқ тўловчилар бор бўлсин!
Жиззах вилояти давлат солиқ бошқармасида тадбиркорлик субъектлари, йирик корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда ҳисобчилари, якка тартибдаги тадбиркорлар иштирокида “Солиқ хизмати – инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкори” мавзусида семинар бўлиб ўтди. 

Президентимизнинг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида” ги фармони ҳамда 2018 йил 26 июндаги “Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори асосида тизимга киритилган ўзгариш ва янгиликларнинг моҳияти тўғрисида маърузалар тингланди. 

Ушбу ҳужжатлар соҳадаги мавжуд муаммоларга барҳам бериш, амалга оширилаётган ислоҳотларни янги босқичга кўтариши билан аҳамиятлидир.

Ўзбекистон Республикаси солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси доирасида 2019 йил 1 январдан меҳнатга ҳақ тўлаш фондига солиқ юкламаси, барча жисмоний шахслар даромадларига 12 фоизлик ягона солиқ ставкаси жорий этилиб, шундан 0,1 фоизи шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобларига йўналтирилиши, ижтимоий бадаллар бекор қилиниши амалда фуқароларнинг даромадлари кўпайиши демакдир.

Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясига киритилган бизнес учун ягона ижтимоий тўлов ставкасини 15 фоиздан 12 фоизгача пасайтириш, юридик шахслар айланмаларидан ундириладиган давлат мақсадли фондларига мажбурий ажратмаларни бекор қилиш каби ўзгаришлар тадбиркорларга катта енгиллик беради. Худди шундай юридик шахслар фойдасига солиқ ставкаси 14 фоиздан 12 фоизгача, тижорат банклари учун эса 22 фоиздан 20 фоизгача пасайтирилиши ҳам иқтисодиётнинг ривожига ижобий таъсир кўрсатади.

Тадбирда Президентимизнинг “Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори асосида солиқ хизмати органларини солиқ тўловчиларнинг бизнес-ҳамкори ва маслаҳатчиси сифатидаги янги имижини яратиш орқали хизмат кўрсатишга йўналтирилган идорага айлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилади. Эндиликда ҳар бир ходим томонидан “Солиқ хизмати – инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкори” деган мақсадли вазифани сўзсиз бажариши устувор вазифа ҳисобланади.

Бу эса мамлакатимиз раҳбари томонидан билдирилган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идораси халқимизга хизмат қилиши керак” деган ҳаётий шиорнинг солиқ тизимидаги амалий исботидир. 

– Солиқ тизимидаги янгиликлар, ўзгаришларни халқимиз катта қизиқиш билан кузатиб, соҳада олиб борилаётган ислоҳотларга ўзининг муносабатини билдирмоқда, – дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари М.Турсунмуродов. – Негаки, солиқ тизимида мамлакатимиз, халқимиз фаровонлигини кўзлаб қилинаётган ўзгаришлар ҳар бир одамнинг ҳаётига таъсир ўтказади. Шунинг учун бу ўзгаришлар тўғрисида ҳар бир солиқ тўловчининг билиши муҳим аҳамиятга эга. Ушбу семинардан кўзланган мақсад ҳам шу – солиқ тўловчиларни тизимда амалга оширилаётган ўзгариш ва янгиликлар билан таништиришдир.

Асосий мақсад эса солиқ тўловчилар зиммаларидаги мажбуриятларини ўз вақтида бажаришлари, нима учун солиқ тўлаётганликларини тўлиқ ҳис қилишлари, бу жараёнларда давлат солиқ хизмати органларидан рози бўлишларига эришишдан иборат.

Бу ўз навбатида солиқ маъмуриятчилиги ва назоратининг мутлақо янги тизимини яратиш, шунингдек, коррупциявий омилларга йўл қўймаслик ва олдини олишга хизмат қилади.

Семинар иштирокчиларига даромадларни яширмай, солиқларни ўз вақтида тўлаш учун маъмурий тартиб камайтириш, соддалаштириш, текширишдан олдинги ва масофавий назорат-таҳлил ишларини такомиллаштиришни таъминлайдиган илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишдаги янгиликлар бўйича ҳам батафсил тушунчалар берилди.

Тадбирда вилоят давлат солиқ бошқармаси қошида ташкил этилган “Жамоатчилик кенгаши” аъзоларига бошқарманинг ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

Т.Бекназаров, ЎзА
5 341