ЎзА Ўзбек

08.12.2019 Чоп этиш версияси

Инсофли эгалловчининг ишончи поймол қилинмаслиги шарт

Инсофли эгалловчининг ишончи поймол қилинмаслиги шарт

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида мамлакатимизда амал қилувчи олий қадриятлар ва асосий тамойиллар белгилаб қўйилган. Жумладан, Конституциянинг 14-моддасига кўра, давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади, деб кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳар бир чиқишида ижтимоий адолатнинг барқарор, бардавом ва изчил таъминланишига алоҳида урғу беради. Инсон ҳамма нарсага чидаши мумкин, бироқ адолатсизликка чидамайди. Шу сабабли ҳам инсон учун ижтимоий ҳаётнинг ҳамма соҳаларида адолатни қарор топтириш ва унга риоя қилинишини таъминлаш давлатимизнинг асосий устувор дастуриламал қоидаларидан ҳисобланади.

Ижтимоий адолатнинг қарор топиши сўнгги йилларда фуқароларнинг мурожаатларига нисбатан диққат-эътиборда, инсон учун қулай шарт-шароитларни яратишга қаратилган тадбирлар тизимида ва, айниқса, тадбиркорлар ва мулкдорларнинг ҳуқуқларига риоя қилиш соҳасидаги янги тартиб-таомилларда ўз ифодасини топмоқда. Агар илгари уй-жойларни бузиш, тадбиркорлар фаолиятига асоссиз аралашиш, ишлаб турган корхоналарни олиб қўйиш, хорижий инвесторлар фаолиятига тўсқинлик қилиш, қайсидир “тўранинг” хоҳиши, инжиқлиги, бармоқ ишораси билан содир бўлган бўлса, эндиликда бундай ҳолатларга чек қўйилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг “Ер участкаларини олиб қўйиш ва компенсация бериш тартиби” бунга яққол мисолдир. Энди ер участкаси давлат эҳтиёжи учун олиб қўйиладиган бўлса, ҳокимлик; инвестор эҳтиёжи учун олиб қўйиладиган бўлса, инвестор ва мулкдорлар ўртасида очиқ муҳокама ўтказилади. Дастлабки ҳисоб-китоблар амалга оширилади. Компенсация бериш учун етарли ресурслар мавжудлиги ўрганилади. Ер участкасини олиб қўйишдаги фойда ва харажатлар ўрганиб чиқилади. Ресурслар етарли бўлганда ҳамда фойда харажатлардан устун келганда, ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарор қабул қилинади. Уйи бузиладиган мулкдор учун мавҳумлик, сансоларлик, ноҳақликлар қилинишига йўл қўйилмайди. Ижтимоий адолат қарор топишининг яна бир юридик асоси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 ноябрдаги “Мамлакатда бизнес муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарорида белгилаб қўйилди. Унга кўра, барча даражадаги давлат ҳокимият бошқарув органлари раҳбарлари, ҳокимликлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддаси ҳамда “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида“ги қонун талабларига сўзсиз риоя қилиши шартлиги ҳақида қатъий огоҳлантирилди. Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижаларини, шу жумладан, объектларнинг қийматларини баҳолаш натижаларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш масалалари юзасидан давлат органлари, шу жумладан, назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар томонидан ташаббус билан чиқиш хусусий мулкнинг дахлсизлигини бузиш сифатида баҳоланади ҳамда бундай ишлар кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди, деб кўрсатилди. Ушбу қоидага риоя қилмаслик мансабдор шахсларнинг муқаррар жавобгарлигини жиноий жавобгарликка тортишга қадар оширишни таъминлаш Бош прокуратурага топширилди. Бу ўринда шуни таъкидлаш ўринлики, гарчи 2011 йилда қабул қилинган қонунда хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқишда давлат органлари ташаббус кўрсатишига тақиқ қўйилганига қарамасдан, ҳокимликлар ва ҳатто прокуратура органлари бу соҳада ташаббус кўрсатишда давом этаётган эди, энди бунга қатъий чек қўйилди. Бироқ ижтимоий адолатни қарор топтириш соҳасида тадбирлар давом эттирилиши лозим. Энди мулкдор ва тадбиркорларга нисбатан снослар масаласида қонунийлик, мақсадга мувофиқлилик ва адолатли компенсациялар жорий этилди. Буларнинг барчаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 августдаги “Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида“ги фармонида назарда тутилган нормалар рўёбга чиқарилиши орқали амалга оширилди.

Ушбу фармонда яна бир норма мавжуд – инсофли фаолият юритган инвестор ва тадбиркорлик субъектига давлат органи томонидан уларга нисбатан қабул қилинган маъмурий ҳужжатнинг қонуний кучига ишониш сабабли келиб чиққан мулкий зарарнинг ўрни қопланади. Агарда ушбу ҳужжатнинг қонуний кучига ишониб, мол-мулкдан фойдаланган, битим тузган ёки тақдим этилган афзаллик ва устунликлардан бошқача фойдаланган ҳамда мазкур ҳужжат кейинчалик ҳақиқий эмас, деб топилган ёки бекор қилинган, бошқача айтганда, инвестор, тадбиркор ёки бошқа фуқаро давлатнинг ҳуқуқ-тартиботига, қонуний ҳужжатига ишониб иш юритди, инвестиция киритди, мол-мулк сотиб олди, кейинчалик турли асослар билан суд тартибида ёки маъмурий тартибда ҳужжат бекор бўлди, битим, шартнома хақиқий эмас, деб топилди, инвестор, мулкдор, фуқаро “тешик тоғора” олдида қолди. Унинг шундай ҳолга тушишига сабабчилар баъзилари турмада ўтирибди, баъзилари қочиб кетган, баъзилари ҳеч нарсаси йўқ “бомж”, баъзилари эса ҳеч нарса бўлмагандай “креслолар“да ўтиришибди. Бунинг қурбони бўлган жабрланувчи – юридик тилда инсофли эгалловчи деб аталади. Афсуски, тадбиркорлик соҳасида ҳам, инвестиция соҳасида ҳам, фуқаролар ўртасидаги уй-жойлар, автомашиналар, олди-сотди шартномалари бўйича ҳам бундай куйиб қолган инсофли эгалловчилар салмоғи анчагина. Вақти-вақти билан уларнинг оҳу додлари оммавий ахборот воситаларида эшитилмоқда, бироқ кўпчилигимиз уларга нисбатан ачинишдан бошқа ҳеч қандай ёрдам бера олмаймиз.

Нотариал гувоҳлантирилган битимга, давлат кадастрдаги маълумотларга, йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасидаги давлат реестрига ишониб, корхона, кўчмас мулк, уй-жой сотиб олган, автомобиль сотиб олган ва охир-оқибатда ҳеч нарсасиз қолганлар тақдири улар мавжуд ҳуқуқ-тартиботга, давлат юридик воситаларига ишонганининг оқибати эмасми?!

XIX аср охиридан бошлаб дунёнинг баъзи мамлакатларида вазият ёки фирибгарлик қурбони бўлган инсофли эгалловчиларни қўллаб-қувватлаш тизими яратилган. Маълумки, кўчмас мулк давлат рўйхатидан ўтказилганида, бунинг учун муайян тўлов ёки давлат божи ундирилади. Бунда тўловлар сал кўпроқ бўлади, масалан, 50 доллар эмас, 100 доллар. Кейинги 50 доллар махсус жамғармага тўпланади, мамлакатда ҳар йили кўчмас мулкларга нисбатан ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилишининг ўн минглаб ҳолатлари рўй беради. Тома-тома кўл бўлур, деганларидек, бундан сезиларли миқдорда жамғарма ҳосил бўлади. Ушбу жамғарма ҳисобидан инсофли эгалловчиларга компенсация тўланади. Юз минглаб доллар сарфлаб кўчмас мулк сотиб олаётган шахслар учун эллик доллар эмас, юз доллар давлат божи тўлаш муаммо эмас. Россия Федерацияси ҳам 2020 йил 1 январдан бошлаб инсофли эгалловчиларга компенсация тўлаш тизимини жорий этмоқда. Худди шундай тизим автомобилларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳолатлари бўйича ҳам жорий этилса, бу ҳолда давлат рўйхатига ишониб, автомобиль сотиб олган ва кейинчалик автомобилни ҳақиқий мулкдорига қайтарган автомобилнинг инсофли эгалловчиси учун қулай ечим бўлган бўлур эди. Кўчмас мулклар учун ҳам, автомобиллар учун ҳам бундай тизимни тезроқ жорий этиш керак. Давлат реестрига, давлат кадастрига ишониб, битим-шартнома тузган ва кейинчалик суд қарори асосида ушбу мол-мулкдан маҳрум бўлган инсофли эгалловчилар ишончини давлат оқлаши лозим.

Асосий қонунимизда белгиланган ижтимоий адолат тамойили моҳиятидан шундай хулоса келиб чиқади.

О.ОКЮЛОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист,
ТДЮУ профессори

8 558
ЎзА