Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

11.09.2018 20:59 Чоп этиш версияси

Инновациялар – тараққиётнинг муҳим омили

Тошкент шаҳрида 11 сентябрь куни «Ижтимоий соҳадаги инновациялар – жамият ривожининг муҳим омили» мавзусида халқаро форум бўлиб ўтди.

Тадбир “Тараққиёт стратегияси” маркази, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Германиянинг Конрад Аденауэр жамғармаси ваколатхонаси томонидан иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларнинг муҳим тармоқларини жадал ривожлантириш масалалари, жаҳон илм-фанининг сўнгги ютуқлари, замонавий инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилди.

Мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларига инновацияларни татбиқ этиш, таълим-тарбия жараёнида инновацион лойиҳалардан кенг фойдаланиш, ривожланган давлатлар билан ҳамкорликни кенгайтириш инновацион соҳадаги устувор йўналишлардандир. Мазкур форум ҳам “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури ижроси, жорий йилга мўлжалланган ислоҳотлар мазмун-моҳиятига бағишланди.

Анжуманнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раиси И.Абдуллаев, инновацион ривожланиш вазири И.Абдураҳмонов, мактабгача таълим вазири А.Шин ва бошқалар мамлакатимизда инновацион соҳани ривожлантириш ислоҳотларнинг муҳим бўғини этиб белгилангани, ижтимоий соҳада инновацияларни татбиқ этиш борасидаги ишлар ҳақида сўз юритди.

Форумда мамлакатимизнинг тегишли вазирлик ва идоралари, ННТ ва жамоат ташкилотлари вакиллари билан бир қаторда етакчи хорижий экспертлар иштирок этиб, соғлиқни сақлаш, таълим тизими ва бошқа соҳаларда инновацияларни татбиқ этиш масалалари ҳамда ушбу соҳалардаги мавжуд муаммо ва камчиликлар юзасидан фикр алмашди.

Жумладан, германиялик эксперт, доктор Дитер Альтхаус Германия тажрибаси мисолида инновацион ва иқтисодий ривожланиш жараёнлари, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Ж.Макгрегор таълим сифатини ошириш, иқтисодиёт талабларидан келиб чиққан ҳолда кадрлар тайёрлаш тизими мослашувчанлигини таъминлаш, Япониянинг Васеда университети профессори Кубояма Рикия таълим соҳасида инновацияларни ривожлантириш бўйича Япония тажрибаси ҳақидаги тақдимотлари билан иштирок этди.

– Европа давлатларида, хусусан, Германияда инновацион соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратилади, – деди доктор Дитер Альтхаус. – Юртингизда жамиятнинг барча соҳаларига инновацион лойиҳаларни татбиқ этиш жадал суръатларда амалга оширилаётганига гувоҳ бўлдим. Мамлакатингиз раҳбари томонидан жорий йил номи инновацияларни фаол қўллаб-қувватлашга қаратилгани бу борадаги ишлар давлатингиз эътиборида эканидан далолатдир. Ўйлайманки, қисқа муддатда инновациялар жамиятингизнинг барча соҳасида ўз самарасини беради.

Форумнинг сессия мажлисларида 2021 йилга қадар Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегияси тақдимоти, илмий тадқиқотлар ва ишланмалар самарадорлигини ошириш, фан, таълим ва ишлаб чиқаришни интеграциялашнинг самарали механизмларини яратиш, соғлиқни сақлаш соҳасида ижтимоий инновацияларни қўллаш каби масалалар муҳокама қилинди.

Тадбир якунида мавзуга доир масалалар юзасидан фикр алмашилди. Келгуси фаолиятда амалга ошириш учун вазифалар белгилаб олинди.

Зуҳра Мирзабоева 

ЎзА