ЎзА Ўзбек

01.05.2018 14:44 Чоп этиш версияси

Инновация ва истиқбол

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида “Замонавий узлуксиз таълим муаммолари: инновация ва истиқболлар” мавзуида халқаро илмий конференция бўлиб ўтди.

Унда профессор-ўқитувчилар, хорижий мутахассислар, жумладан, Италия, Мальта, Россия, Хитой, Руминия, Норвегия, Жанубий Корея, Қозоғистон, Тожикистондан келган олимлар, талаба-ёшлар иштирок этди.

Мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини тубдан ислоҳ қилишга қаратилаётган алоҳида эътибор келажак ворисларини соғлом ва интеллектуал салоҳиятли этиб тарбиялашда катта аҳамиятга эга. Шунингдек, умумий ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва олий таълим тизимида тадрижий ислоҳотлар давом этмоқда.

Тадбирда олий педагогик таълимда инновацион жараёнлар, ҳозирги даврда таълимни ривожлантиришнинг долзарб педагогик-психологик муаммолари, узлуксиз таълим тизимида ўқитишнинг инновацион методлари, мактабгача таълим: ислоҳотлар ва истиқболлар, Ўзбекистонда ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини ислоҳ қилишнинг назарий ва амалий муаммолари, имконияти чекланган болаларга таълим беришнинг долзарб муаммолари, олий таълимдан кейинги таълимни ривожлантириш, педагогик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш каби масалалар муҳокама марказида бўлди.

Махсус тўпламга киритилган конференция иштирокчиларининг маърузалари таҳлил қилинди.

Тадбир доирасида республикамиз ёш олимларининг илмий изланишлари натижалари юзасидан кўргазмалар ташкил этилиб, янги нашр этилган китоблар тақдимотлари ўтказилди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
8 929