Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

03.08.2018 16:50 Чоп этиш версияси

Инновацион тиббиётни жорий этишда Япония билан ҳамкорлик қилинади

Инновацион тиббиётни жорий этишда Япония билан ҳамкорлик қилинади
Япониялик мутахассислар Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига ташриф буюришди. Делегация аъзоларини Инновация вазири Иброҳим Абдураҳмонов қабул қилди.

Вазирлик матбуот хизматининг хабар беришича, делегация аъзолари малакали шифокорлар етишмаётган айни шароитда Ўзбекистонга телемедицина тизимини татбиқ қилиш лозимлиги ҳақида таклиф беришган. Шунингдек, Япония ва Ўзбекистондаги тиббий олий таълим муассасаларининг ҳамкорлигини йўлга қўйиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Унда қайд этилишича, тиббиётга инновацион технологияларни жорий этиш учун венчур компанияларини тузишга доир ҳужжатларни шакллантиришда японияликлар ёрдам беришга тайёр.

Ўз навбатида, меҳмонларга вазирликда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар, жумладан, Инновацион ривожланиш вазирлиги қошида халқаро стандартлардаги лаборатор ва илмий-амалий (GLP, GSP) талабларга жавоб бера оладиган Молекуляр аллергология халқаро маркази ташкил этилаётгани, тез тиббий ёрдам тизимини такомиллаштириш чораларини амалга ошириш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилаётгани ҳақида маълумот берилди.

Медицина соҳасига инновацион технологияларни татбиқ қилиш, шу соҳада ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича ишларни амалга ошириш учун делегация раҳбари жаноб Мацумото Кеничи тиббиёт ва соғлиқни сақлаш соҳасида Японияда ҳар ой ўтказиладиган кўргазмаларга вазирлик ходимларини таклиф қилди.

Учрашувда “Япония-Ўзбекистон Ипак йўли” жамғармасининг тиббиёт ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича ишчи гуруҳи раиси, "Sakura Global Holding Co., LTD" компанияси бошқарув кенгаши раиси Мацумото Кеничи, "Paramount Bed Co., LTD" компаниясининг халқаро масалалар бўйича вице-президенти Нодзаки Акихико, Кейо университети тиббиёт факультети профессори Др. Осамуро Йошиюки, Кейо университетининг спорт тиббиёти илмий-тадқиқот маркази профессори Ишида Хироюки, “Green Hospital Supply” компанияси вице-президенти Кобаяши Хироюки, ОМЕТА ассоциацияси вице-президенти Яно Муморо ва бошқа Япониянинг соғлиқни сақлаш ҳамда тиббиёт соҳасидаги жамғармалар, ташкилотлар раҳбарлари иштирок этишди.

Н. Тошпўлатова, ЎзА