ЎзА Ўзбек

13.06.2019 21:12:33 Чоп этиш версияси

Инновацион ғоялар танлов асосида молиялаштирилмоқда


45 амалий ва инновацион лойиҳани 45,9 миллиард сўмга молиялаштириш кўзда тутилган

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан давлат илмий-техника дастурлари доирасида илмий лойиҳаларни танлаш, саралаб олиш, мониторинг қилиш ва ҳисобини юритишнинг яхлит тизимига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги амалий илмий-техник лойиҳалар, инновацион ишланмалар ҳамда долзарб тематик тадқиқотлар танловларини эълон қилгач, ҳар бир йўналиш бўйича танловга келиб тушган лойиҳалар вазирлик ҳузуридаги Илмий-техник кенгашлар томонидан экспертизадан ўтказилмоқда. Шу асосда тегишли қарорлар қабул қилинмоқда.

Президентимизнинг 2018 йил 7 майдаги “Иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларига инновацияларни жорий этиш механизмларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида 11 турдаги 16 фан йўналишига оид 176 тематик лойиҳалар танловлари эълон қилинган.

Таъкидланишича, бу танловларнинг дастлабки 7 тури бўйича якуний натижалар эълон қилинган. Унга кўра, 45 амалий ва инновацион лойиҳа танлаб олиниб, молиялаштириш учун 45,9 миллиард сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Устувор инновацион, илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик, стартап лойиҳаларини ўз харажатларини ўзи қоплаш асосида молиялаштириш учун Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармасига 50 миллиард сўм бюджет маблағи ажратилган эди. Шу мақсадда илк танлов ўтказилди. Танлов якунига кўра, 23 лойиҳа 18,1 миллиард сўмга молиялаштиришга тавсия этилди.

Шунингдек, халқаро илмий-техник ҳамкорлик доирасида 21 лойиҳа, жумладан, 2019-2021 йилларда беларуслик ҳамкорлар билан бажарилиши мўлжалланган 15, германиялик ҳамкорлар билан амалга ошириладиган 6 лойиҳа ҳаётга татбиқ этилмоқда. Иқтисодий-ижтимоий масалалар ечимига қаратилган 6 лойиҳа 6,6 миллиард сўмга молиялаштирилмоқда.

Матбуот анжуманида маълум қилинишича, ҳозирги кунга қадар 95 лойиҳа 78,6 миллиард сўмга молиялаштиришга тавсия этилди.