ЎзА Ўзбек

15.08.2018 11:49 Чоп этиш версияси

Инновацион ғоялар намойиши (+фото)

Инновацион ғоялар намойиши (+фото)

Самарқандда “Баркамол авлод” болалар марказлари тўгарак аъзолари ўртасида ўтказилаётган “Менинг инновацион ғоям” кўрик-танловининг республика босқичи бўлиб ўтди.

photo5449503111765928277.jpg

Халқ таълими вазирлиги ва “Баркамол авлод” республика болалар техник ижодиёт маркази ҳамкорлигида ташкил этилган танловда унинг қуйи босқичларидан сараланган 42 нафар ўғил-қиз қатнашди.

photo5449503111765928278.jpg

– Танлов ўқувчи-ёшларнинг техник ижодкорлик қобилиятини шакллантириш, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадига қаратилган, – дейди “Баркамол авлод” республика болалар техник ижодиёти маркази директори Хадича Зокирова. – Ҳакамлар ҳайъатига тақдим этилган ғоя ва таклифлар ёш авлоднинг нечоғли юксак салоҳиятга эга эканини кўрсатди.

photo5449503111765928279.jpg

Иштирокчилар танловда техник ижодкорлик – авиаракетамодель, автомодель, работотехника ва электрон ўйинчоқлар йўналиши бўйича ҳаракатланувчи ихтироларини намойиш этди.

photo5449503111765928280.jpg

– Электр қуввати билан ишлайдиган “Саёҳатчи” номли автомодель яратдим, – дейди танлов иштирокчиси Абдулла Абдуллаев. – Сайёҳлар учун мўлжалланган мазкур автоуйда овқатланиш, ювиниш хоналари ва ётоқ мавжуд. Авто восита қуёш батареяси орқали қувватланади.

Танловга тақдим этилган чиқиндиларни қайта ишлаш, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш, экологик зарарсиз қишлоқ хўжалиги техникалари, йўл қоидаларини ўргатувчи ўйин қурилмаси каби лойиҳалар ҳакамлар томонидан юқори баҳоланди. Авиаракетамодель йўналишида биринчи ўринга Наманган вилояти вакили Малик Маматов сазовор бўлди. Автомодель йўналишида жиззахлик Азиз Ўринбоев, робототехника ва электрон ўйинчоқлар йўналишида самарқандлик Абдусалим Рустамов ғолиб бўлди.

А. Исроилов (сурат) ЎзА
8 867