ЎзА Ўзбек

29.10.2019 Чоп этиш версияси

Инновацион ғоялар ҳафталиги

Инновацион ғоялар ҳафталиги

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар залида “INNOWEEK – 2019” инновацион ғоялар ҳафталиги бошланди.

Давлатимиз раҳбарининг “2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида таъкидланган инсон капиталини мамлакат рақобатбардошлиги ва халқаро майдонда инновацион юксалишнинг асосий омили сифатида ривожлантириш ҳафталикни ўтказишга асос бўлган бош мақсадлардан биридир.

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ташкил этилган мазкур нуфузли халқаро анжуманнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов, шунингдек, мамлакатимиздаги қатор халқаро ташкилотлар масъул вакиллари иштирок этди.

Маросимда бугунги жадал ўзгаришлар даврида ҳар қандай давлатнинг тараққий этиши бевосита инновацияларга боғлиқ экани, шу маънода янгиланган Ўзбекистоннинг инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ташаббуслари халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътироф этилаётгани, ушбу ҳафталик ҳам мамлакатимизда айни йўналишда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми экани таъкидланди.

photo5314626995344223243.jpg

Ўтган йили юртимизда ўтказилган Инновацион ғоялар ҳафталигида 20 давлатдан 5000 га яқин вакил иштирок этганди. Бу йилги “INNOWEEK – 2019” доирасида эса 30 дан ортиқ мамлакатдан келган 6000 га яқин иштирокчи жам бўлди. Энг муҳими, тадбирнинг нуфузи, аҳамияти нафақат сон кўрсаткичлари, балки сифат даражаси бўйича ҳам сезиларли ортгани қайд этилди. Ҳафталик ҳам шакл, ҳам мазмун жиҳатидан мутлақо янгича кўринишда ташкил этилган.

“INNOWEEK–2019” инновацион ғоялар ҳафталигининг дастлабки кунида бир қатор муҳим тадбирлар ўтказилди.

Ҳафталик доирасидаги инновацион маҳсулотлар кўргазмасида маҳаллий ҳамда хорижий инновацион ва илмий марказлар, инвестиция жамғармалари, технология агентликлари, технопарклар ва бизнес инкубаторлар ўзларининг энг сўнгги технологиялари, инновацион лойиҳалари, прототиплари ва бизнес моделлари билан иштирок этмоқда. Намойиш этилаётган маҳсулотлар, лойиҳалар ва ғоялар мамлакатимиз иқтисодиёти учун қулай бўлган янги инвестицияларни танлаш ва жалб этиш имконини беради.

“INNOWEEK–2019” дастуридан, шунингдек, Халқаро инновацион-инвестицион форум, IRC халқаро робототехника чемпионати, Осиё-Тинч океани технологиялар трансфери маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган “Инновациялар ва технологиялар трансферида интеллектуал мулкнинг аҳамияти” мавзусидаги минтақавий семинар, “Инновацион ғоялар етакчиси” кўкрак нишони совриндорларини тақдирлаш маросими, “Future Foresight” семинар-тренинглар ўрин олган.

Ҳафталик барча иштирокчилар учун ўз ғояларини ҳаётга самарали татбиқ этишда ажойиб майдон вазифасини ўтайди.

photo5314296746718899283.jpg

photo5314626995344223234.jpg

photo5314626995344223235.jpg

photo5314626995344223236.jpg

photo5314626995344223238.jpg

photo5314626995344223241.jpg

4 957
Ғ.ХОННАЗАРОВ, О.МИРСОАТОВ (сурат), ЎзА