Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.04.2018 17:40 Чоп этиш версияси

Инновацион давлат хизматлари

Президентимиз топшириғи асосида инновацион давлат хизматлари кўрсатиш янада кенгаяди ва бу халқимиз учун катта қулайликлар яратади

Бирор идорага борганда навбат кутиб қолишдан ёмони йўқ. Айниқса, ҳозирги тезкор, ахборотлашган замонда буни қабул қилишнинг ўзи қийин.

Бундай ҳолатларга барҳам бериш мақсадида мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш тобора кенгаймоқда. Аммо шунга қарамай, навбат кутиш, кўп вақт йўқотиш, ортиқча харажат қилиш, бюрократик ҳолатларга дуч келиш каби ҳолатлар, афсуски, ҳамон учраб турибди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган йиғилишда юқоридаги каби ҳолатларга чек қўйиш мақсадида мутасадди идораларга инновацион давлат хизматларини янада кенгайтириш вазифасини топширди.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда? ЎзА мухбири ушбу масалада вазирликка мурожаат қилди.

– Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида контактсиз шакллардан фойдаланишни фаоллаштириш мақсадида Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг янги талқини ишга туширилди, – дейди вазирлик масъул ходими Элбек Долимов. – Ягона портал орқали 360 дан ортиқ электрон хизмат кўрсатилмоқда. Ушбу хизматлардан фойдаланиш учун 1,9 миллиондан ортиқ ариза келиб тушди. Бу билан аҳолининг кўп вақт сарфлаши, сарсон бўлиши, сарф-харажат қилишининг олди олинди.

Идоралараро интеграцион платформа орқали давлат органларининг 60 дан ортиқ ахборот тизими ўртасида ўзаро онлайн тарзда маълумот алмашинуви йўлга қўйилди. Бир ой давомида 2 миллиондан зиёд, кунига ўртача 70 мингга яқин маълумот давлат хизматлари доирасида электрон кўринишда тақдим этиб келинмоқда. Идоралараро ҳимояланган маълумотлар узатиш тармоғи давлат ташкилотларига ўзаро хавфсиз ахборот алмашинувини таъминлаб бериш мақсадида яратилган ёпиқ тармоқдир. Бугунги кунда ушбу тармоққа 50 дан зиёд давлат органлари ахборот тизими уланган.

“Лицензия” ахборот тизими комплексида 16 давлат лицензияловчи органи, 14 маҳаллий давлат ҳокимияти органи, 16 мингта лицензия ва 58 мингта рухсатномалар ҳақида маълумот жойлаштирилган. Мисол учун, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари ҳамда Давлат ветеринария қўмитаси ушбу тизим орқали лицензия олиш учун топширилган аризаларни кўриб чиқиш жараёнини тўлиқ автоматлаштирди. Натижада 1,5 мингдан зиёд ариза автоматлаштирилган ҳолда кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан талаб юқори бўлган 26 хизматни электрон шаклга ўтказиш режалаштирилган. Ҳозирги кунда ишлаб чиқилган давлат хизматлари Регламентларига асосан Ягона интегратор “UZINFOCOM” томонидан ушбу давлат хизматларини босқичма-босқич Ягона порталга жорий этиш ишлари олиб борилмоқда.

Адлия вазирлиги ва Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда ўз ичида 8 ахборот тизими, маълумотлар базалари, ҳимояланган маълумот узатиш тармоғи ва Давлат хизматлари марказларини техник жиҳозлаш (видеоконференц алоқа, электрон навбат, видеокузатув тизими, инфокиоск ва бошқа) бўйича Концепция ва Техник топшириқ ишлаб чиқилиб, тасдиқланди. Бундан ташқари, вазирлик томонидан Электрон ҳукуматнинг идоралараро маълумотлар узатиш тармоғини такомиллаштириш ва идоралараро интеграцион платформага улаш бўйича ишлар давом эттирилмоқда. Ушбу вазифалар бугунги кунда ишлаб чиқилган 2018-2021 йилларда “Электрон ҳукуматни ривожлантириш” стратегияси лойиҳасида белгиланган.

Идоралараро маълумот узатиш тармоғини такомиллаштириш ва барча туман ҳокимликларини унга улаш ҳамда 350 километр оптик толали алоқа линияларини ётқизиш ишлари бошланган. Жорий йилда давлат органлари томонидан электрон давлат хизматлари кўрсатишни автоматлаштириш бўйича 20 дан ортиқ электрон ҳукумат тизимининг ахборот тизимлари яратилиши белгиланган.

Давлат хизматлари кўрсатиш тизимини янада ривожлантириш ҳамда юқорида кўрсатилган масалаларни ҳал этиш мақсадида жорий йилда қуйидагилар амалга оширилади:

давлат хизматлари марказлари ва давлат идоралари ўртасида ўзаро ҳамкорликни амалга ошириш давлат хизматлари марказларида фойдаланилаётган 8 ахборот тизими ва маълумотлар базасини (электрон навбат тизими, давлат хизматлари кўрсатиш мониторинг тизими, давлат хизматларини баҳолаш тизими ва ҳ.к.) интеграция қилишни кўзда тутувчи Ягона ҳимояланган ахборот платформаси яратилади;

ташкил этилган давлат хизматлари марказларида 26 та давлат хизматларини жорий этиш лойиҳаси доирасида идоралараро маълумот алмашинувини автоматлаштириш мақсадида Электрон ҳукумат тизимидаги 20 дан ортиқ ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари интеграцияси таъминланади;

электрон ҳукумат тизими орқали кўрсатиладиган электрон давлат хизматлари учун тўланадиган давлат божлари ва тўловлари учун тўловлар ҳисоб-китобларини амалга оширишга мўлжалланган ягона автоматлаштирилган электрон хисоб-китоб тизими яратилади ва жорий этилади.

Аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматларининг инновацион усуллари кенгаяётгани уларга катта қулайлик бўлиб, ортиқча вақт ва маблағ сарфлашнинг олдини олади, муҳими, ортиқча қоғозбозликларга бутундай барҳам беради. 

Норгул Абдураимова, ЎзА
6 339