ЎзА Ўзбек

13.08.2019 19:01 Чоп этиш версияси

Инфратузилмавий лойиҳаларда халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик

Инфратузилмавий лойиҳаларда халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик

Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки президенти Цзинь Лицюнь бошчилигидаги делегациянинг мамлакатимизга ташрифи доирасида 13 август куни пойтахтимиздаги “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасида “Инфратузилмани яхшилашнинг мамлакатни ривожлантиришдаги ўрни” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбирда мамлакатимизнинг тегишли вазирлик ва идоралари, молия институтлари, тижорат банклари вакиллари иштирок этди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки президенти Цзинь Лицюнь Ўзбекистонда давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида янгиланиш ва ижобий ўзгаришлар кечаётгани, улкан бунёдкорлик ва инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ишларда Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки ҳам фаол иштирок этаётгани таъкидланди.

9.JPG
Бугунги кунда мамлакатимизда мазкур банк билан иқтисодиётнинг турли секторларида, ижтимоий соҳа ва бошқа манфаатли йўналишларда ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Банк мамлакатимизда муҳим лойиҳаларни молиялаштиришда иштирок этмоқда. Бухоро вилоятида инфратузилмани яхшилаш мақсадида кредит маблағлари ажратиш режалаштирилган.

Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида 2022 йил якунига қадар Бухоро вилоятининг 99 фоиз аҳолиси ичимлик суви билан таъминланади, оқова тизимининг 83 фоизи янгиланади.

Шунингдек, бугунги кунда мамлакатимизда “Обод қишлоқ” дастурини самарали рўёбга чиқариш мақсадида Жаҳон банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкининг қўшимча маблағларини жалб этиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Давра суҳбатида мамлакатимизда уй-жой фондини сақлаш, коммунал хизматлари кўрсатиш тизимини ривожлантириш, аҳолининг арзон уй-жойларга бўлган эҳтиёжини таъминлашда қўшма дастурларни ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.

11.JPG

Тадбир якунида замонавий транспорт инфратузилмасини барпо этиш, шаҳарларни ривожлантириш, сув таъминоти ва телекоммуникациялар соҳасида қатор лойиҳаларни молиялаштириш юзасидан ҳамкорлик ўрнатиш бўйича келишувларга эришилди.

Ғайрат ХОННАЗАРОВ, Отабек МИРСОАТОВ (сурат), ЎзА
5 382