ЎзА Ўзбек

27.04.2020 Чоп этиш версияси

Инфрақизил тиббий термометрларнинг тўғри ва аниқ ишлаши жуда муҳим

Инфрақизил тиббий термометрларнинг тўғри ва аниқ ишлаши жуда муҳим Ўзбекистон миллий метрология институти директори Лазиз Саидорипов бу борадақуйидаги фикрларни билдирди.

“Аҳоли соғлом турмуш тарзини ривожлантириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида инфрақизил тиббиёт термометрлари текширувини бепул амалга оширмоқдамиз.

Айни кунларда аҳоли кўп ташриф буюрадилар жойлар, бу — бозорлар, йирик супермаркетлар, озиқ овқат магазинлари ва тиббиёт муассасаларига кириш жойларида санитар масканлар ташкил этилиб, одамларнинг тана ҳарорати ўлчанмоқда. Санитар масканларда ишлатилаётган инфрақизил тиббий термометрларнинг тўғри ва аниқ ишлашини текшириш муҳим. Бу ҳам касаллик тарқалишининг олдини олишда илк ташхис қўйиш учун тезкор, қулай восита бўлиб хизмат қилади.

Инфрақизил тиббий термометрлар бизнинг лабораторияларимизда мавжуд махсус ускунада малакали мутахассислар томонидан тўғри ва аниқ ишлаши текширилади.

Соддароқ айтганда, ускунадаги белгиланган иссиқлик даражаси инфрақизил тиббиёт термометри кўрсаткичи билан бир хил бўлиши керак. Унинг тўғри ишлаши шу тахлит аниқланади. Жорий йилнинг 15 мартидан ҳозирги кунга қадар 5660 дона тиббиёт инфрақизил термометрлари давлат метрологик текширувидан бепул ўтказилди.

Шундан, 610 донаси 15 та ташкилот ва идоралар томонидан даврий текшириш учун тақдим қилинди, 5050 донаси Ўзбекистон Республикаси ўлчаш воситалари Давлат реестрига киритиш мақсадида метрологик аттестация қилиниб, мувофиқлик сертификати расмийлаштирилди. Бу ишлар бугунги кунда ҳам давом эттирилмоқда.

Қайд этиш керакки, Ўзбекистон миллий метрология институти ва ҳудудий филиалларида пандемия даврида мурожаатларни онлайн тарзда қабул қилиш ва иш фаолиятни қисман масофавий тарзда олиб бориш йўлга қўйилган. Мурожаатлар метрология соҳасида асосан асбоб-ускуналарни жорий ва бирламчи синовдан ўтказиш билан боғлиқ бўлмоқда. Албатта, бизга келиб тушаётган ҳар бир мурожаат эътиборимизда.

Шу йилнинг 16 мартидан ҳозирга қадар Ўзбекистон миллий метрология институти ва ҳудудий филиаллари метрологик лабораторияларига ишлаб чиқарувчи ҳамда хизмат кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларидан 2 минг 392 ариза келиб тушди. Шулардан ўлчаш воситаларни даврий қиёслаш 1 988 та мурожаат, ўлчаш воситаларини бирламчи синовдан ўтказиш 404 тани ташкил этди.

Натижада 27 минг 421 дона ўлчаш воситалари метрологик текширувдан ўтказилди. Бундан 25 минг 761 донаси ўлчаш воситаларни даврий қиёслаш бўлса, 1 минг 660 донаси ўлчаш воситаларни метрологик аттестатлашдан иборат.

Мисол учун, Бухоро вилоятида 1676 дона ўлчаш воситаси, Қашқадарё вилоятида 3 281 дона ўлчаш воситаси, Сурхондарё вилоятида 2578 дона ўлчаш воситалари қиёслашдан ўтказилиб, тегишли хулосалар расмийлаштирилди".

1 950
ЎзА