ЎзА Ўзбек

11.09.2018 10:17 Чоп этиш версияси

Индонезия ва Ўзбекистон мутахассислари ҳамкорликда “Йўл харитаси” ишлаб чиқди

Индонезия ва Ўзбекистон мутахассислари ҳамкорликда “Йўл харитаси” ишлаб чиқди

Жорий йилда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда биринчи марта 15 минг гектарда экспортбоп аччиқ қалампир етиштирилди.

Жанубий Корея ва Индонезия давлатларида етиштириладиган аччиқ қалампир навларини Ўзбекистон шароитида етиштириш ва ҳосилни экспорт қилиш юртимизда илк марта амалга оширилаётганлигига қарамасдан яхши натижаларга эришилмоқда.

Бу ҳақида Тошкент давлат аграр университети, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) билан ҳамкорликда ўтказилган “Ўзбекистонда аччиқ қалампир етиштириш истиқболлари: муаммолари ва ечими” илмий-амалий семинарида маълум қилинди.

Унда маҳаллий ва хорижий мутахассислар Ўзбекистонда аччиқ қалампир етиштиришда йўл қўйилган камчиликлар ва уларни келгусида бартараф этиш, жаҳонда аччиқ қалампир ишлаб чиқаришнинг бугунги ҳолати ва Ўзбекистонда ривожланиш истиқболлари, аччиқ қалампирни экспортга чиқариш, кўчатларини тайёрлаш, етиштириш, сақлаш ва қайта ишлаш бўйича тавсиялар ва кўрсатмалар берди.

Семинар якунида Индонезия ва Ўзбекистон мутахассисларини кейинги ҳамкорлик фаолияти бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. “Йўл харитаси”да аччиқ қалампирни етиштириш бўйича ўқув адабиётларини яратиш, фермер хўжаликлари учун тавсияномалар ва кўрсатмалар ишлаб чиқиш ҳамда мутахассисларни ўзаро тажриба алмашишини йўлга қўйиш кўрсатиб ўтилган.

ЎзА
4 075