ЎзА Ўзбек

08.08.2018 21:10 Чоп этиш версияси

Ҳиндистонлик ишбилармонлар билан видеомулоқот

Тошкент шаҳрида 8 август куни Ўзбекистон ва Ҳиндистон ишбилармон доираларининг онлайн видеомулоқоти бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан Ҳиндистон Савдо палатаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда иқтисодиёт, энергетика, савдо, сармоя, тиббиёт, кимё ва электрон маҳсулотлар, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби соҳалар учун масъул концерн ва компаниялар вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов 6-7 август кунлари Ҳиндистонда икки мамлакат вазирлик, йирик корхона ва ташкилотлари раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган учрашув ва музокаралар якунлари ҳақида маълумот берди. Ҳиндистоннинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Винод Кумар шу йил 16-18 август кунлари пойтахтимизда ўтказилиши режалаштирилган савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон Ҳиндистон ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ва бизнес-форум икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Видеоконференцияда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида савдо, фармацевтика, текстиль, тиббиёт, туризм ва логистика тармоқларидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ишбилармон доираларнинг таклифлари тингланди. Сўнгги икки йилда туризм, логистика ва тиббиёт соҳаларида товар ва хизматлар айирбошлаш ҳажми жадал ўсгани, бошқа соҳаларда ҳам шундай ривожланиш суръатларини таъминлаш учун имкониятлар юқори экани қайд этилди.

– Салкам 10 йилдан буён тиббиёт йўналишида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаман, – дейди Тошкентдаги “Astam Healthahe” компанияси директори Манож Кумар. – Ушбу онлайн учрашувда дори-дармон маҳсулотларини рўйхатга олиш тизимини қайта кўриб чиқиш ва икки томон учун ҳам қулайликлар яратиш бўйича ўз таклифларимни бердим. Бундай мулоқотлар ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва ишбилармонлар алоқаларини янада яхшилашда қўл келади.

Учрашувда икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида истиқболли ҳамкорликни кенгайтириш, Тошкентда “Ўзбекистон – Ҳиндистон тадбиркорлигини ривожлантириш маркази”ни ташкил этиш масалалари юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Дилобар Маматова, ЎзА
5 583