ЎзА Ўзбек

11.09.2018 22:00 Чоп этиш версияси

Ҳиндистонда Ўзбекистон маданияти кунлари очилди

Ҳиндистонда Ўзбекистон маданияти кунлари очилди

Деҳли шаҳрида Ҳиндистонда Ўзбекистон маданияти кунларининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.

6e62fb7e-c84e-4feb-a1a4-42dd9aa86661.jpg

Маросимни Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги «Правас Бхаратия Кендра» форумлар саройида бўлиб ўтган тантанали оқшом бошлаб берди.

53afb1ba-649b-4883-b64e-7369096834fb.jpg

Тадбир Ҳиндистон ТИВ ҳузуридаги Маданий муносабатлар бўйича Ҳиндистон кенгаши, "Ҳиндистон-Ўзбекистон" дўстлик жамияти, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилди. 

7990ee72-ab95-420e-8155-95e56cefe1fb.jpg 

Тадбирда ўзбекистонлик мусиқа ва рақс гуруҳлари чиқишлари намойиш этилди. Очилиш маросимида давлат, жамоат, сиёсий ва маданий ташкилотлар вакиллари, фан ва санъат намоёндаларидан иборат 300 дан ортиқ меҳмон иштирок этди.

b24dfc86-f26d-4475-9630-afdc0ba7df80.jpg

Форумлар саройида Ўзбекистон амалий санъати кўргазмаси ташкил этилди. Эътиборга молик жиҳати, «Правас Бхаратия Кендра» форумлар саройи Ҳиндистоннинг барча ҳудудларидан жамланган бой санъат асарлари коллекцияси билан машҳур. Улар билан уйғун ҳолда Ўзбекистоннинг сопол буюмлари, сўзанаси, тўқимачилик, ёғоч ўймакорлиги ва амалий санъат намуналари кўргазмага ўзгача файз бағишлади.

Меҳмонлар эътиборига мамлакатимизнинг сайёҳлик ва маданий салоҳиятига бағишланган фильм, жумладан, яқин кунларда Шаҳрисабзда бўлиб ўтган Халқаро мақом санъати анжуманидан видеоролик ҳавола этилди.

Тадбирда “Сирдарё наволари” гуруҳининг концерт дастури ҳам намойиш этилди.

Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Фарҳод Арзиев халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик маънавий-маърифий ришталарга тўхталиб, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги маданий мулоқот бугунги кунда янги суръатлар билан ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга давлат ташрифи икки томонлама, жумладан, маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликка янги мазмун бахш этишига ишонч билдирди.

Ўз навбатида, ҳиндистонлик иштирокчилар бу каби тадбирлар "халқ дипломатияси"нинг муҳим воситаси ҳисобланиши ва Ҳиндистон жамоатчилигига Ўзбекистоннинг кўп қиррали маданияти билан яқиндан танишиш имконини беришини қайд этди.

Ҳиндистон ташқи сиёсий идораси департаменти директори Маниш Прабат Ҳиндистон ва Ўзбекистонни умумий маданият боғлаб туриши, мамлакатларимиз ўртасида азалдан яқин ва дўстона муносабатлар йўлга қўйилганини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистон маданияти кунлари икки томонлама муносабатлардаги тарихий воқеа – Ўзбекистон Президентининг Ҳиндистонга давлат ташрифи арафасида ўтказилаётгани билан аҳамиятли эканини қайд этди.

Атоқли жамоат арбоби, "Ҳиндистон – Ўзбекистон" дўстлик жамияти президенти Анил Шастри:

– Тадбир ташкилотчиларидан бири сифатида дўстлик жамияти Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий мулоқотни чуқурлаштиришга хизмат қилади. Шунингдек, Ўзбекистон маданияти кунлари доирасида Лал Баҳодур Шастри номидаги Менежмент институтида махсус дастур ўтказилиши кўзда тутилган. Бугун биз ёрқин таассуротлар, дилтортар наволар, юксак иқтидор ва энг асосийси, ўзбек халқига хос меҳмондўстлик ва бағрикенглик байрамининг гувоҳи бўлдик.

Тадбир доирасида Деҳлида Ҳиндистоннинг йирик таълим муассасаларидан бири бўлган Жамия Миллия Исломия университетининг ўзбек тили бўйича профессори Ш.Таслим раҳбарлигида чоп этилган тўрт жилдлик ўзбек тили дарслиги тақдимоти ҳам ўтказилди. Ушбу университетда ўзбек тили кафедраси фаолият юритиб, ўзбек адабиёти бурчаги ташкил этилган.

Ҳиндистонда Ўзбекистон маданияти кунлари жорий йилнинг 14 сентябрига қадар давом этади. Дастур доирасида, шунингдек, Лал Баҳодур Шастри номидаги Менежмент институтида концерт, Ўзбекистон маданий мероси тақдимоти, Ноида шаҳридаги машҳур «Марва Студиос» марказида ўзбек фильмлари намойишини ўз ичига олган маданий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

ЎзА
6 290