ЎзА Ўзбек

14.01.2020 Чоп этиш версияси

Ҳиндистон Ташқи ишлар вазири билан учрашув

Ҳиндистон Ташқи ишлар вазири билан учрашув

2020-йил 14 январь куни Деҳли шаҳрига амалий ташриф билан келган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ҳиндистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Субраҳманям Жайшанкар билан учрашди.

Ўзбекистон ТИВ раҳбари Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги шафеьлигида ўтказилаётган “Raisina Dialogue” бешинчи халқаро конференциясига таклиф учун миннатдорлик билдирди.

Учрашувда Президент Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Нарендра Моди ўртасидаги муҳим келишувларга асосланган Ўзбекистон-Ҳиндистон ҳамкорлигининг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Вазирлар 2020-йилда бўлиб ўтадиган олий ва бошқа даражалардаги учрашувлар жадвали, қўшма тадбирлар ўтказиш муддатлари бўйича таклифларни кўриб чиқдилар.

Ўзбекистон ва Ҳиндистон иқтисодий соҳадаги ҳамкорликни кенгайтиришга устувор аҳамият бериши таъкидланди.

Афғонистон масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон ва Ҳиндистон Афғонистондаги вазиятни тезроқ барқарорлаштиришдан манфаатдорлиги таъкидланди, бу эса минтақадаги ҳамкорликни фаоллаштириш ва кенгайтириш учун кенг имкониятларни очиб бериши қайд этилди. Ушбу мақсадларга эришишда 2019-йил январь ойида Самарқанд шаҳрида илк бор ўтказилган ташқи ишлар вазирлари даражасида Афғонистон иштирокидаги “Ҳиндистон – Марказий Осиё” мулоқоти мажлисларининг мунтазам ўтказилиши ҳам кўмаклашади.

Учрашувда маданий-гуманитар, айниқса, таълим ва фан соҳаларидаги алоқаларни мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди.

1 771
ЎзА