ЎзА Ўзбек

21.08.2018 18:59 Чоп этиш версияси

Ҳиндистон – илғор технологиялар етакчиси

Ҳиндистон – илғор технологиялар етакчиси Президентимизнинг етук ислоҳотчи, Марказий Осиё интеграциясининг чинакам ташаббускори сифатидаги роли дунё аҳлининг Ўзбекистонга бўлган қизиқишини кучайтириб юборди.

Давлатимиз раҳбарининг йирик мамлакатлар пойтахтига тез-тез таклиф этилаётгани ана шу интилишларнинг маҳсули десак, янглишмаган бўламиз. Осиёнинг қудратли давлатларидан бири Ҳиндистон мамлакатимиз билан тарихий муносабатларни мустаҳкамлаш ниятида.

Аҳолиси сони бўйича дунёда иккинчи ўринни эгалловчи Ҳиндистоннинг динамик равишда ривожланаётган демократик жамият қуришга эришгани кенг миқёсда тан олинади. Ҳиндистон буларнинг барчасига бир неча асрлик хорижий мустамлакачилик асорати ортидан эришган.

Социализм қуриш орзусида бўлган Ҳиндистоннинг биринчи Бош вазири Жавоҳарлал Неру мамлакатда дастлаб давлат бошқарувига асосланган тузумни ўрнатди. Бора-бора ҳукумат хусусийлаштириш сиёсатини жиддий равишда ҳаётга татбиқ этишни бошлайди. Дунёда энг кўп пахта етиштираётган давлатлар учлигига кирувчи Ҳиндистон тез орада қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилувчи илғор давлатлар сафидан ҳам ўрин олади. Бунинг ортидан қўшниси ва асосий рақиби Хитой ҳамда бошқа қудратли давлатлар Ҳиндистонга қизиқиш кўрсата бошлайди.

Ҳиндистон шаҳарларида кундан-кунга гуллаб-яшнаётган ўрта синф шаклланади ва улар ахборот технологияси соҳасида катта ютуқларни қўлга киритади. Ҳозирда мамлакат ўз сунъий йўлдошларини фазога учириш билан бирга Ойни ҳам забт этиш режасидадир.

345-3.jpg

Бундан уч йил бурун ҳукумат тепасига келган Бош вазир Нарендра Моди аҳоли камбағал қатламининг ҳаётини яхшилаш ва иқтисодий ислоҳотларни давом эттиришни ўзининг асосий вазифаси эканини эълон қилганди.

Статистик маълумотларга кўра, иқтисодий тараққиётнинг ривожланиши ва аҳоли турмуш даражасининг кўтарилиши нуқтаи назаридан Ҳиндистон анча тезкор илдамламоқда. Хусусан, 2017 йилнинг биринчи ярмидан мамлакатдаги нарх-наво ҳам жиддий суратларда пасайиб борганлиги қайд этилди. Бу 2016 йилнинг ноябрида мамлакат Бош вазири Нарендра Моди томонидан амалга оширилган валюта сиёсати натижасида муомаладаги икки турдаги банкноталарнинг бекор қилингани билан боғлиқ. Ўшанда мамлакатдаги кўпгина корхона ва фирмалар фаолиятида кескин пасайиш ва ҳалокатли банкротлик ҳолатлари кузатилди. Кўпгина корхоналар мазкур реформа натижасида барбод бўлиш даражасига келиб қолганди. Аммо кўп ўтмасдан аҳвол бирданига ўнгланди ва иқтисодиётда ҳаёт қайта жонланди. Энди мамлакатда ишлаб турган корхоналар фаолиятида тўхтамасдан ўсиш кузатила бошланди.

Халқаро валюта жамғармаси жорий йил молиявий кўрсатгичлари бўйича Ҳиндистон Хитойдан камида 7,4 фоизга ўзиб кетишини тахмин қилмоқда.

Бунинг сабабларидан бири сифатида Ҳиндистондаги 100 миллиондан ортиқ кичик фирмаларнинг муваффақиятли ишлаб тургани келтирилмоқда. Яна бир қизиқ маълумот. 2017 йилда Ҳиндистон Францияни қувиб ўтиб, ялпи ички маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми бўйича дунё мамлакатлари рўйхатида олтинчи ўринни эгаллади. Соҳа экспертлари яқин ўн йилда Жанубий Осиёнинг бу мамлакати жаҳоннинг учта йирик иқтисодиётларидан бирига айланишини башорат қилаётганлари ҳам бежиз эмас. Негаки, охирги йилларда давлат саноатни ва илғор ахборот технологияларини кучайтириш, экспортни кенгайтириш ва глобал интеграция жараёнларида фаол қатнашиш ҳисобига жиддий силжишга қўл урди. Афсуски, ижтимоий тенгсизликнинг юқори кўрсаткичи ва малакали кадрларнинг етишмовчилиги Деҳли учун жиддий бош оғриқ бўлиб қолмоқда. Шунга қарамай, “ҳинд мўъжизаси” жаҳон иқтисодиёти манзарасига ўзгариш киритиб бўлди.

4-16.png

Жаҳон банкининг баҳолашича, 2017 йил якунига кўра, ҳинд ЯИМ 2,597 триллион АҚШ долларига етди. Францияда эса бу рақам 2,582 триллион кўрсаткични ташкил этди. Шундай қилиб, бир неча йил ичида Ҳиндистон иқтисодиёти ривожланаётган мамлакатлар орасида энг тез ўсувчисига айланади.

Ваҳоланки, 2007 йилда 1,2 триллион долларга тенг ЯИМ билан Ҳиндистон 12-ўринни эгаллаб турган эди. Албатта, 10 йил ичида иқтисодий кўрсаткичларни икки баробарга ошириш ҳаммага ҳам эмас. 2032 йилга бориб, мамлакат Буюк Британия, Германия ва Японияни ортда қолдириши мумкин экан.

Одатда ҳинд иқтисодиётининг ўсиши демографик омил билан боғланади. Бугунги кунда аҳоли сони 1,3 миллиарддан ошган. Бундай вазият хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш учун барча шароитларни юзага келтиради. Унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши эса 50 фоиздан ошиб улгурди. Айни пайтда Ҳиндистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг илғор экспортчисига айланди. Айниқса, Хитой бозорида озиқ-овқат маҳсулотлари етишмовчилигидан муваффақиятли тарзда фойдаланиб, Чин бозорини забт этди. Хитой тўқимачилик маҳсулотлари сезиларли қимматлашуви ортидан Ҳиндистон бутун дунёга арзон газлама маҳсулотларини етказа бошлади, яъни Хитой бозорининг ўринбосарига айланди.

Қарам мамлакатдан мустақил иқтисодий йирик давлатга айланиши қувонарли албатта. Бу унинг глобал интеграцион жараёнларга фаол қўшилиши билан ҳам изоҳланади. Ҳиндистоннинг ШҲТга аъзо бўлиши, шунингдек, ЕвроОсиё иқтисодий ҳамжамиятига аъзо давлатлар билан эркин савдо зонасини ташкил этиш борасидаги музокаралари иқтисодиёти келажаги йўлидаги изланишлардан биридир. Зеро, ҳали олдинда ечилиши лозим бўлган талай муаммолар бор. ЯИМ юқори кўрсаткичларига қарамай, аҳоли жон бошига тўғри келадиган маҳсулот 1 минг 963 долларга тенг, Хитойда эса бу рақам 7 минг 330 долларни ташкил этади.

Кадрлар саводхонлигини ошириш ҳам устувор вазифалардан. Бу айниқса, жанубий штатларда долзарб саналади. Ҳозир расмийлар халқаро таълим тизимини барпо этиш масаласи устида муттасил иш бормоқда. Бу йўналишдаги энг йирик лойиҳа – Наланда университети бўлиб, бу ерда АҚШ, Германия, Хитой ва Сингапур мутахассислари иш олиб бормоқда.

Sundar-Pichai-Google-for-India.jpg

Коррупцияга қарши мавзуси бош оғриқли муаммолардан. Коррупция Осиё мамлакатлари иқтисодиётига зарба бераётган энг хавфли чиркин иллат. Транспаренcй Интернатионал ташкилоти маълумотига кўра, 2017 йилда Ҳиндистон коррупциялашганлик даражаси бўйича 176 мамлакат орасида 81 ўринни эгаллаган.

Шунга қарамай, ўсиб бораётган ҳинд иқтисодиётининг афзаллиги аҳоли таркибининг асосан ёшлардан иборатлигидир. Бугун ҳиндларнинг 50 фоиздан кўпроғи 30 ёшдан кичик ёшлардир. Демак, ишчи куч ёш ва арзон, аҳолининг қарилиги муаммоси йўқ. Шунинг учун кўплаб буюртмалар Ҳиндистонга оқиб келяпти. Республика босқичма-босқич ўзига технологик гигантларнинг йирик йиғма ишлаб чиқаришини жалб этмоқда. Мисол тариқасида Аппле компанияси мазкур давлат ҳудудида заводларини оча бошлади.

Ҳиндистон 2020 йил 26 январда мамлакатни суверен, демократик республика, деб эълон қилган Конституция кучга кирганининг 70 йиллигини нишонлайди. 1947 йилнинг 15 августида мустақилликка эришган Ҳиндистон ўтган ўн йилликлар мобайнида ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий тараққиётнинг оғир йўлини босиб ўтди.

Халқаро муносабатларда ҳам Деҳли Жанубий Осиёнинг сўзсиз етакчиси. Қолаверса, унинг бошқа минтақаларда, хусусан, жануби-ғарбий ва жануби-шарқий Осиёдаги геосиёсий таъсири кучайиб бораётганини ҳам таъкидлаш ўринли. Бунга давлатнинг ўсиб бораётган ҳарбий-сиёсий имкониятлари ва ядровий давлат мақоми имкон беради.

Иқтисодиётнинг сезиларли кўтарилиши, илғор ахборот технологиялари соҳасидаги етакчилик, ядровий қурол, етакчи давлатлар билан стратегик шерикчилик, шу ва шу каби омиллар яқин истиқболда Ҳиндистоннинг нафақат минтақадаги, балки халқаро ҳамжамиятдаги етакчилик ролини белгилаб берса ажабмас.

Унинг жуғрофий ўрни ҳам улкан аҳамиятга эга. Олайлик, жанубий Осиё субконтинентида жойлашган Ҳиндистон Бангладеш, Бирма, Бутан, Хитой, Непал, Покистон билан қуруқликда, денгиз орқали Шри-Ланка ва Мальдив республикаси билан умумий чегарадош. Ҳиндистоннинг ҳинд океанининг муҳим савдо йўлларига яқин жуғрофий жойлашуви жаҳон савдо тизимида геостратегик ўрнини белгилайди.

india-push-cleaner-greener-technology_183.jpg

Мамлакат кўплаб атом электр станцияларига эга бўлгани сабабли уранга жуда муҳтож. Ҳиндистон ўзининг стратегик захираларини тўлдириш мақсадида Ўзбекистондан уран сотиб олиш ҳақида ҳам музокаралар олиб боришдан манфаатдор. Бугунги кунда Ҳиндистон Россия, Қозоғистон, Канада ва Австралиядан уран сотиб олмоқда.

Айни пайтда Ҳиндистонда умумий қуввати 6 минг 780 мегаватт бўлган 22 та АЭС ишлаб турибди ва яна 21 та АЭС қурилмоқда. 2021-2022 йилларга келиб Ҳиндистон атом энергияси ишлаб чиқариш икки бараварга ошади

2030 йилга келиб эса АЭСлар умумий қувватини 22 минг мегаваттга етказмоқчи.

Ҳиндистоннинг иқтисодиётдаги салмоқли ютуқларига узоқни ўйланган ва изчил сиёсати сабаб бўлганлигини таъкидлаш жоиз. Мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига оид таҳлилларнинг кўрсатишича, мустақилликни қўлга киритган ёш ҳинд давлати кўп сонли муаммоларни ечишга шошмасдан, босқичма-босқич ёндашган.

Агар 1950-1960 йилларда Ҳиндистон ўз олдига ўзини озиқ-овқат билан таъминлаш ва қашшоқликни камайтириш, бир вақтнинг ўзида мамлакатни саноатлаштириш вазифаси қўйилган бўлса, 80-йилларда биринчи ўринга илмий-техник инқилобни амалга ошириш ва юқори технологияларга эга бўлиш вазифаси чиқди. 1990 йилларда либерал ислоҳотлар ўтказилиб, дунёда кечаётган глобаллашув жараёнлари ҳисобга олинган ҳолда халқаро хўжаликка интеграциялашув йўли танлаб олинди. Айнан янги либерал иқтисодий сиёсат ЯИМ, биринчи навбатда саноат ишлаб чиқарилишининг ўсиш суръатларини рағбатлантирди. Яқин Шарқ ва Форс кўрфази давлатлари учун нефтгаз тармоғи қанчалар ҳаётбахш бўлса, Ҳиндистон учун дастурий таъминот ишлаб чиқариш ва унинг экспорти шунчалик фойда келтирувчи манбага айланди. Мазкур соҳани ривожлантириш учун расмий Деҳли 1983 йилдаёқ аниқ чораларга қўл урди. Хусусан, ҳукумат ҳар бир вазирликка ўз бюджетидан 2-3 фоиз маблағни информацион технологияларни ривожлантиришга ажратишни тавсия қилди, шунинг баробарида ахборот технологиялари сектори бўйича асосий солиқ имтиёзларини тақдим этди.

Canal-top-Solar-Power.jpg

Ҳукумат ахборот технологиялари бўйича махсус венчур фонди ташкил этилишини тасдиқлади. Унга кўра, давлат электроника бошқарувида 30 фоиз улушга, кичик бизнесни ривожлантирувчи Ҳиндистон банки 40 фоиз, молия ва тадқиқот институтлари, хусусий компаниялар 30 фоизли улушга эга бўлди. Фонд фаолиятининг мақсади – дастурий таъминот устида иш олиб бораётган фирма ва компанияларга ахборот технологияларини ривожлантириш учун молиявий капитал ва заёмлар тақдим этиш эди.

Компьютер жиноятларининг олдини олиш, электрон тарзда савдо олиб боришнинг ҳуқуқий базасини таъминлаш, электрон савдони ривожлантириш учун махсус буйруқ ишлаб чиқилди. Натижада секторни ривожлантириш соҳасидаги солиқ, сармоявий, савдо сиёсатининг либераллашуви ахборот технологиялари тизимида улкан “портлаш”ни юзага келтирди. Бу эса ҳукуматга мазкур сектор ривожига сарфлаган харажатларни тўлиқ қоплашга, ҳатто сармояларни кириб келишига йўл очди.

Эътибор беринг, кейинги ўн йилда мамлакатга кириб келган тўғридан-тўғри хориж сармояларининг миқдори 23,6 миллиард долларни ташкил этдики, унинг асосий қисми юқори технологик тармоқларни ривожлантиришга йўналтирилгани сиёсатнинг нақадар чуқур ўйланганидан далолат беради.

India_iStock.com_by_Bartosz_Hadyniak_1.jpg

Ҳозирги кунда Ҳиндистон дунёнинг деярли 100 та мамлакатига юқори сифатли дастурий таъминотларни етказиб беради. Дунёдаги 500 та етакчи компанияларнинг 140 таси дастурларга бўлган эҳтиёжини Ҳиндистон экспорти ҳисобига қондиради. Мамлакатда яратилаётган дастурларнинг 65 фоизга яқинини Америка компаниялари (Cисcо дан тортиб Генерал Элеcтриc гача) харид қилади. Айнан шу соҳанинг ўзи 200 миллиондан зиёд ўрта синфнинг шаклланишига йўл очди.

Ислом Ҳиндистондаги иккинчи йирик дин ва мамлакат ҳам сон жиҳатдан дунёнинг иккинчи йирик мусулмон мамлакати. Бу ердаги мусулмонлар Бобурийлардан жуда фахрланади.Қолаверса, Ҳиндистон рамзи бўлган Тож Маҳални ҳам айнан Бобурийлар тиклаган. Бобурий шоҳ Акбар даврида эса Ҳиндистонда динлар орасида уйғунлик ва дўстликка эришилган.

Ҳиндистон аҳолисининг ўрта қатлами 90-йиллардан кейинги иқтисодни эркинлаштириш сиёсати орқали бойиб кетди. Ўзбекистоннинг Жанубий Осиёдаги Ҳиндистон билан ҳар томонлама ҳамкорлигидан икки мамлакат ҳам ютади. Иккаласи ҳам ўз минтақасининг етакчилари.

Абдували Сойбназаров, сиёсий шарҳловчи
4 854