ЎзА Ўзбек

17.08.2018 20:26 Чоп этиш версияси

Ҳиндистон делегацияси Бухорода

Ҳиндистон делегацияси Бухорода
Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Ҳиндистон ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган Ҳиндистон Республикаси делегацияси аъзолари – турли компаниялар мутасаддилари ва тадбиркорлар 17 август куни Бухорога келди.

Меҳмонлар вилоят ҳокимлигида қабул қилинди. Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ф.Умаров Бухорода турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хорижий сармоядорлар учун яратилган қулай инвестицион муҳит ҳақида тўхталиб ўтди. Меҳмонларга ҳудуднинг иқтисодий салоҳияти, Президентимизнинг тегишли қарорлари асосида ташкил этилган “Ғиждувон” ва “Бухоро-агро” эркин иқтисодий зоналари ҳақида маълумот берилди. Вилоятдаги тўқимачилик корхоналари, хусусан, “BCT CLUSTER AGROKOMLEXS” масъулияти чекланган жамиятида олиб борилаётган ишлар билан таништирилди.

– Учрашувда вилоятингизда бизнес юритиш учун яратилган қулай муҳит, муҳим янгиликлар ҳақида хабардор бўлдик, – дейди “MSME Forum” компанияси раиси Ражниш Гоенка (Ҳиндистон). – Шунингдек, бухоролик тадбиркорлар ва бизнинг ишбилармон доира вакиллари ўртасида ўтказилган мулоқот ҳам ғоят сермаҳсул бўлди. Ўзаро фикр алмашиш жараёнида енгил саноат, чарм, мўйна, қурилиш материаллари ҳамда бошқа соҳаларда икки томонлама манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Бундай мулоқотлар амалий ишларга ўтишда кўприк бўлиб хизмат қилади.

Ҳиндистонлик меҳмонлар Бухоро шаҳрининг тарихий-меъморий ёдгорликлари ва бошқа диққатга сазовор жойлари билан танишди.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
7 833