ЎзА Ўзбек

10.07.2018 16:58 Чоп этиш версияси

Қинғирлик фош этилди

Тегишли тартибга мувофиқ, республикамизда жисмоний шахслар божхона чегаралари орқали шахсий фойдаланиш учун турли номдаги 10 тагача ва ҳар бири 5 ўрамдан ортиқ бўлмаган дори препаратлари ҳамда 5 бирликдан ортиқ бўлмаган тиббий буюмларни олиб киришлари ёки олиб чиқишлари мумкин.

Тошкент вилояти божхона бошқармаси “Ғишткўприк” чегара- божхона пости ходимлари томонидан қўшни давлатдан пиёда кириб келган Х.Ю.нинг қинғир қилмишлари фош қилинди.

Ушбу аёл холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилганда, аёл юбкасининг ички қисмидан хуфёна тикилган чўнтакларга йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилинмаган 2 турдаги 80 конвалютада “Amaril” номли, 20 та шиша идишларда “DOSTINEX” номли таблеткалар ва 6 та шприцга тортилган тайёр холда “CLEXANE” номли (инсулин) дори воситаларининг яширинча олиб кираётганлиги фош қилинди. Мазкур дори воситаларининг умумий қиймати салкам 9,5 миллион сўмни ташкил қилди.

Худди шундай ҳолат мазкур пост орқали ҳаракатланаётган фуқаро Р.М. томонидан ҳам содир этилди. ушбу аёл холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилганда, ички кийимларига тикилган хуфёна чўнтакларда 4,2 миллион сўмлик худди шу дори воситаларидан яширинча олиб ўтаётган пайтда тўхтатиб қолинди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.

ЎзА
10 397