Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.08.2018 17:47 Чоп этиш версияси

Имтиҳон олиш манзилининг ўзгаргани ҳақида хабар бермаган мактаб-интернатда имтиҳон бўлиб ўтди

Имтиҳон олиш манзилининг ўзгаргани ҳақида хабар бермаган мактаб-интернатда имтиҳон бўлиб ўтди
Аввал хабар берганимиздек, жорий йилдан бошлаб Мирзо Улуғбек номидаги астрономия, физика, математика ва информатика фанларига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатига 2018-2019 ўқув йили учун қабул бошланди. Бугун ушбу таълим муассасасига кириш тест синовлари ўтказилди. 

Кузатувчи Отабек Ҳамидовнинг айтишича, қабул жараёнида 148 нафар ўқувчининг ҳужжати қабул қилинган бўлиб, шулардан 87 нафари рус, 61 нафари ўзбек гуруҳлари учун даъвогарлик қилишмоқда. Имтиҳонга улардан 3 нафари қатнашмаган. Мактаб-интернатга 30 нафар ўзбек тилидаги гуруҳга ва 30 нафар рус тилида машғулотлар ўтиладиган гуруҳларга ўқувчилар қабул қилинади.

— Ўғлим астрономия соҳасида етакчи мутахассис бўлишини хоҳлайман, – дейди Нилуфар Абдуллаева. – Дадам Ўзбекистон ҳаво йўллари миллий авиакомпаниясида 25 йил учувчи бўлиб ишлаган. Ўғлим ҳам бобоси сингари шарафли касб эгаси бўлади, деган умиддаман.

Мактабга қабул қилиш тўғрисидаги эълонда бу йил фақат Тошкент шаҳрида яшовчи болаларнинг қабул қилиниши баён этилган эди. Биз ота оналар билан суҳбатимиз давомида гувоҳ бўлдикки, онлайн тарзда бошқа вилоятлардан ҳам ҳужжат топширилган.

photo5433659995318233292.jpg

— Тошкент шаҳрида укам яшайди шу ердан қатнайди, деб ҳужжат топширган эдим, – дейди Фарғона вилоятидан келган Дилфуза Избаева. – Боиси, бизда айнан физика математика фанларига ихтисослаштирилган мактабларда рус гуруҳлари йўқ. Имтиҳон бошланишида ўғлимни киритишмади. Кеч келдик, сабаби банк коллежига бордик. Чунки, http://astrin.uz​ сайтида Тошкент банк коллежида 10 август куни имтиҳон бўлади, дейилган. Эрталаб соат 8 ларда сайтни текширганимда ҳам хабар ўзгармаган эди. Ўғлимни кеч бўлса-да имтиҳонга киритишди.

Танлов физика, математика ва инглиз тили фанларидан тест синовлари шаклида ўтказилди. Ота-оналар кузатув камералари орқали жараённи кузатиб боришди. Имтиҳон жавоблари бугуннинг ўзида эълон қилинди. ​Биз фарзанди имтиҳондан ўта олмаган онадан шаффофлик таъминландими, деб сўраганимизда, ижобий жавоб олдик. Лекин улар мактаб-интернатга қабул қилинадиган ўқувчилар сони камлигидан шикоят қилишди.

photo5433739263234648436.jpg

Қабул учун масъуллар биноларнинг баъзи қисмларида қурилиш ва реконструкция ишлари якунланмагани сабабли фақат жорий йилда иккита синф (битта рус ва битта ўзбекча) учун ўқувчилар саралаб олинишини, келгуси йилдан бошлаб эса қарорда кўрсатилгандек квоталар асосида қабул бўлишини маълум қилишди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 сентябрь куни имзоланган “Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатини ва “Астрономия ва аэронавтика” боғини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига асосан Астрономия институти қошида математика, астрономия, физика ва информатика фанларини чуқур ўргатишга ихтисослаштирилган Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати ташкил этилган бўлиб, мактабда 200 нафар ўқувчи таҳсил олиши ҳамда ва 150 ўринли турар жой биноси ташкил этилиши кўзда тутилган эди. 

photo5433998262647498955.jpg

Ҳужжатга биноан қурилиш-таъмирлаш, таълим муассасасини жиҳозлаш ишлари Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил Инвестиция дастури доирасида Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасалари моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда. Буюртмачи сифатида Тошкент шаҳар ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи” инжиниринг компанияси белгиланган ва барча қурилиш-таъмирлаш ишларини 2018 йил 1 августига қадар якунлаш режалаштирилганди. 

Мактаб-интернат 2018-2019 ўқув йили бошлангунига қадар Халқ таълими вазирлиги томонидан барча зарур мебель, ўқув-лаборатория жиҳозлари, компьютер техникаси, дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминланиши керак.

ЎзА
6 223