ЎзА Ўзбек

02.03.2020 Чоп этиш версияси

“Имом Бухорий“ зиёратидан чексиз руҳий мадад олдим

“Имом Бухорий“ зиёратидан чексиз руҳий мадад олдим

Татаристондаги Булғор ислом академияси проректори Айнур Темирханов:

– Шу пайтгача Миср, Туркия, Америка Қўшма Штатлари ва бошқа давлатларда бўлганман. Лекин Ўзбекистонга келмаган эдим. “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзуидаги халқаро конференция туфайли бу муқаддас юртга келганимдан жуда бахтиёрман.

Бугун Самарқанддаги буюк муҳаддис Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиш ва бу ерда ибодат амалларини бажариш насиб этди. Тўғриси, бундан чексиз руҳий қувват олдим, енгиллик ҳис қилдим.

Мажмуа яқинида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Ҳадис илми мактаби ташкил этилгани ҳақида эшитган эдим. Бугун бу иншоотлар билан танишиб, ҳайратда қолдим, ҳавас қилдим. Негаки, шу пайтгача ҳам кўплаб хорижий давлатлардаги халқаро илмий марказларда бўлганман, уларнинг фаолияти билан танишганман. Шунинг учун бу ерга киришда бошқача тасаввурда эдим. Ичкаридан эса бутунлай бошқача тасаввур билан чиқдим. Чунки, халқаро марказда ҳам, олий мактабда ҳам хорижий давлатлар тажрибаси билан бирга миллий анъаналарга алоҳида эътибор қаратилган. Бу уларнинг ўқув дастурларида, ўқитувчилар ва тингловчилар, тадқиқотчилар учун яратилган шароит, берилаётган имкониятларда ўз аксини топган. Ҳаммаси пухта ўйланган, майда деталларгача эътибор берилган. Бу ушбу соҳага давлат томонидан жуда катта эътибор берилаётганидан далолатдир.

Халқаро анжуманга таклиф этишгани ва Ўзбекистонда бугунги кунда олиб борилаётган ислоҳотлар билан танишиш имкониятини яратишгани учун ўзбек дўстларимиздан миннатдорман. Биз келгусида ҳамкорлик алоқаларимизни янги суратда давом эттирамиз ва бундан манфаатдормиз.

1 534
Ғ.ҲАСАНОВ ёзиб олди, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА