Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.10.2017 11:20 Чоп этиш версияси

Қимматга тушган “фойдали иш”

Гиёҳвандликка ружу қўйиш ёки унинг савдоси билан шуғулланиш охир-оқибат ҳалокатга элтади. Фарғона вилояти Фарғона туманида яшовчи Жасурбек Жумабоев ҳам нафс қутқусига учраб, гулдай умрини хазон қилди.

Ҳеч қаерда ишламай юрган кезлари, яъни 2015 йилда Жасурбек қайтариш шарти билан 500 доллар қарз сўраб қирғизистонлик таниши Ғ.Тайиржоновга мурожаат қилади. Таниши бунча пули йўқлиги, аммо хоҳласа, “фойдали иш” борлигини айтади.

Абдураҳмон Абдураҳмонов "Tiko” русумли автомашинасида ҳайдовчилик қиларди. Ж.Жумабоев доимий йўловчисига айландию, унинг босар-тусари ўзгарди. Қозонга яқин юрсанг, қораси юқади, деганларидек Абдураҳмон ҳам Жасурбекка шерик бўлди. Август ойида Жасурбек Қирғизистон Республикасидан миқдори номаълум бўлган пул жўнатилаётгани, уни тегишли жойга етказиб бериш зарурлигини айтади. “Омонат” етиб келгач, уни Қўқон шаҳрига етказиб бериш учун 200 минг сўм ҳақ олади. Жасурбек қутини 500 доллар эвазига эгаларига топширади.

2015 йил декабрь ойи бошларида бу ҳолат яна такрорланади. Аммо бу сафар қоғоз қутидаги “пуллар” етказиб берувчига бироз шубҳали туюлади. Очиб қараса, қутида пул ўрнига гиёҳванд модда қўйилгани А.Абдураҳмоновни бироз ташвишга солади. Ж.Жумабоев билан тортишиб қолади. Юзага келган келишмовчиликни бартараф этиш учун сўмлар валютага айланади. 200 доллар хизмат ҳақи тайинлангач, ҳайдовчи ноқонуний ҳаракатларга кўз юмади. Яна эски манзилга йўл олади.

Ўтган йили февраль ойида Ж.Жумабоев Россия Федерациясига ишлаш учун жўнаб кетади. Лекин ҳеч қанча вақт ўтмай, қайтиб келади. Қирғизистондан 1 килограмм гашиш гиёҳвандлик воситасини чегарадан ўзи олиб ўтиб, ҳайдовчи кўмагида харидорларга топширади.

Даромад чўғидан завқланган А.Абдураҳмонов энди “операция”ларда иштирок этувчи эмас, бевосита етказиб берувчига айланади. Фарғона шаҳридаги нотаниш аёлга 4 минг доллар эвазига гиёҳвандлик моддаси етказиб бериш ваъда қилинади. 2017 йил 19 январь куни Қирғизистон чегарасидан узатилган 2 дона целлофандаги 889 грамм “гашиш” гиёҳвандлик воситасини И.Раҳимовдан 200 минг сўм эвазига қабул қилиб олади.

– Юкни олдим. Пулларни Ж.Жумабоевга беришингиз мумкин, – дейди у кутиб турган харидор аёлга қўнғироқ қилиб.

Аммо юк манзилига етмай, Фарғона туманининг Сатторобод қишлоғи ҳудудида жойлашган блок постида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан қўлга олинади.

Суриштирув давомида жиноий гуруҳнинг кўп миқдорда гиёҳвандлик воситасини Қирғизистон Республикаси ҳудудидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига контрабанда қилиш йўли билан олиб ўтгани ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан фош этилди.

Жиноят ишлари бўйича Тошлоқ тумани суди Ж.Жумабоевга 11 йил, А.Абдураҳмоновга 10 йилу 6 ой, И.Раҳимовга 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Кўза кунда эмас, кунида синади, деганларидек, бу жиноий гуруҳ қилмишлари ҳам вақти келиб фош бўлди. Жиноятчилар жиноятига яраша жазо олди.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
4 469






Все о погоде - Pogoda.uz