ЎзА Ўзбек

06.06.2018 07:30 Чоп этиш версияси

Имкониятлар барча учун баробар

Имкониятлар барча учун баробар Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Тошкент марказий эко-боғида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг «Ёшларга имкон» маркази томонидан кунлик иш қидириб юрган ёшлар ўртасида спортнинг бир неча турлари бўйича беллашувлар ўтказилди.

Спорт – саломатлик гарови. Мунтазам шуғулланиш нафақат танани, балки иродани ҳам тоблайди. Профессионал спорт билан шуғулланиш анчайин вақт ва имконият, сабр-тоқат, иродани талаб этади. Аммо инсон чин дилдан истаса бунинг учун имкон даражасида вақт топа олади.

Элёрбек Исмоилов ҳам спортга жуда қизиқади, келажакда етук спортчи бўлиб, юрт байроғини баланд кўтаришни истайди. Аммо кундалик ташвишлар, оилавий эҳтиёжлар уни ҳар куни Яшнобод тумани вақтинчалик ишларни ташкил этиш бюроси томон етаклайди.

«Ёшларга ёрдам» маркази ташкил этган спорт мусобақалари Элёрбек каби спортга қизиқувчан ёшлар учун катта имконият эшигини очиши мумкин ва у мусобақада қатнашиб, турникка тортилиш баҳсида биринчи ўринни эгаллади.

4.JPG

– Марказимиз томонидан уюшмаган ёшлар ўртасида ўтказилаётган бугунги спорт мусобақалари «Ёшлар келажак бунёдкори» шиори остида ташкил этилди, – дейди «Ёшларга ёрдам» маркази раҳбари Рустам Иброҳимов. – Ўз ичига турникка тортилиш, армрестлинг йўналишларини олган "Work out" йўналиши бўйича мусобақалар ташкил этилди. Ҳар бир йўналиш бўйича 20 дан зиёд ёшлар иштирок этди.

Ғолибларга диплом ва медаллар топширилди.

Инобат Аҳатова, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА
4 769