ЎзА Ўзбек

17.09.2020 Чоп этиш версияси

Имконияти чекланганлар учун шароитлар етарли эмас

Имконияти чекланганлар учун шароитлар етарли эмас

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги қошидаги “Эл-юрт умиди” жамғармаси ташаббуси билан АҚШдаги Сиракьюз университети мутахассислари иштирокида ўтказилган видеоконференцияда бу қайд этилди.

Юртимизда аҳоли, хусусан, ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга муҳтож қатламга ҳар томонлама шарт-шароитлар яратиш ҳамиша эътиборда. Жумладан, имконияти чекланган фуқаролар учун янги уй-жойлар бериш тартиби, уларни иш билан таъминлаш ва моддий ёрдам кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ишлар кишини қувонтиради. Аммо бу борада ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар ҳам талайгина.

Видеоконференциянинг асосий мақсади АҚШнинг имконияти чекланган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги илғор тажрибасини ўрганиш ва Ўзбекистонда жорий этишдан иборатдир.

АҚШда истиқомат қилиб, тадқиқотлар олиб бораётган ҳамюртимиз, Миржаҳон Турдиев ва Сиракьюз университети клиникасининг ногиронлар ҳуқуқлари бўйича директори Профессор Майкл Шварц “Ўзбекистонда ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда АҚШнинг нуфузли Сиракьюз университети тажрибасидан фойдаланиш имкониятлари” мавзусида маъруза қилди. Шунингдек, Олий Мажлис қонунчилик палатаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Ўзбекистон ногиронлар жамияти ва бир қатор ташкилотлардан мутахассислар иштирок этди.

Видеоконференцияда олий таълим муассасалари ва АҚШнинг Сиракьюз университетининг ушбу йўналишда катта тажрибага эга бўлган мутахассислари ногиронлар ҳуқуқини ҳимоя қилишни янада такомиллаштириш ва уларга бунданда кенг имкониятлар яратиш бўйича фикр алмашди.

Экспертларнинг таъкидлашича, АҚШнинг илғор тажрибаларидан бири – бу инфратузилмаларни ва жиҳозларни барчага тенг фойдаланадиган даражада етказиб беришдан иборат. Жумладан, АҚШда барча пиёдалар йўлаги ногиронлар аравачаси учун қулайлиги, иш берувчилар одатда ногиронлар аравачаси баландлигидаги столларни ўрнатиши, кўзи ожизлар фойдаланиши мумкин бўлган компьютерлар ва автобусларда махсус кўтаргичлар мавжудлиги каби маълумотлар берилди. Юртимиз мутасаддилари Ўзбекистонда ногиронлар учун шаҳар ва қишлоқларда янада кўпроқ инфратузилма ва қулайликлар яратиш кераклиги, улар учун берилаётган имконият етарли эмаслигини таъкидлади.

Шу билан бирга, ногиронларга олий таълим муассасаларида ажратилган грант ва стипендияларни кўпайтириш, уларни ҳар томонлама ўқиш жараёнида қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари билан таъминлаш юзасидан халқаро экспертлар томонидан тавсиялар берилди.

1 717
Б.Мелиқулова, ЎзА