ЎзА Ўзбек

24.09.2020 Чоп этиш версияси

UZIMEI: Андижонда ҳам 3 нафар шахсга жиноят иши қўзғатилган

UZIMEI: Андижонда ҳам 3 нафар шахсга жиноят иши қўзғатилган

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида брифингда IMEI-кодларни рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ масалаларда кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида брифинг ўтказилди.

Брифингда «Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази» давлат унитар корхонаси директори Бобур Тиллабоев ушбу тизимни жорий этишдан мақсад, мобиль қурилмаларнинг IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш тартиби ҳақида маълумот берди. Шунингдек, ушбу масала бўйича сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда юзага келаётган фикр-мулоҳазаларга муносабат билдирди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда мобиль қурилмалар IMEI-кодларини рўйхатга олиш тизими жорий этилган. Мазкур тизимни жорий этишдан мақсад – истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, республикамизга сифатсиз мобиль қурилмалар кириб келиши ва унинг ноқонуний савдоси олдини олишдир.

«Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази» давлат унитар корхонаси – тизим оператори томонидан мобиль қурилмаларнинг IMEI-кодларни рўйхатдан ўтказиш учун шахснинг паспорт маълумотлари, учинчи шахслар томонидан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш мақсадида мобиль қурилмаларни рўйхатдан ўтказиш жараёнига қўшимча текширув алгоритми киритилган. Яъни, қурилманинг IMEI-кодини рўйхатдан ўтказишда жисмоний шахсларнинг абонент рақами маҳаллий мобиль операторларидан ариза берувчи номига расмийлаштирилганлиги талаб этилади.

Бугунги кунда мобиль қурилмаларни рўйхатдан ўтказиш тизими орқали 47,14 миллиондан зиёд IMEI-кодлар рўйхатдан ўтказилган. Жумладан, 2019 йил 1 апрелдан 2019 йил 1 ноябргача 42,61 миллион IMEI-коди автоматик тарзда, 2019 йил 1 ноябрдан 1 декабргача 1,47 миллион та IMEI-коди бепул равишда операторга мурожаат этиш орқали, 2020 йилнинг 1 январидан 15 сентябригача 3,06 миллион та IMEI-код пуллик асосда тизимда рўйхатдан ўтказилган.

Брифингда шунингдек, Давлат божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи Рустам Қобулов, Ички ишлар вазирлиги тергов департаменти катта терговчиси Жавоҳир Қодиров мавзуга оид йўналиш бўйича тизимда амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Қайд этилишича, мазкур муаммоли масала юзасидан Давлат божхона қўмитаси томонидан ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, аввало, Қўмитанинг туну кун ишлайдиган 11-08 қисқа рақамли ишонч телефони орқали мазкур масала юзасидан фуқароларнинг мурожаатлари кўриб чиқилиши йўлга қўйилди.

Шунингдек, қонунбузарлик ҳолатларини аниқлаш борасида олиб борилган тадбирлар натижасида рўйхатдан ўтмаган мобиль қурилмаларни чегара орқали ҳаракатланган фуқароларнинг номларига ноқонуний йўллар билан рўйхатга қўйиш, шахсларга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиб, улардан ғаразли ниятларда фойдаланиб келаётган жиноий гуруҳ фаолияти фош этилди.
Аниқланишича, Ўзбекистон Республикаси фуқароси О.А шериклари М.Б ва Т.Р билан қўшни давлатларга ўтиб, у ерда Ўзбекистонга кириб келаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг паспорт маълумотларини телефонда расмга тушириб, телеграм ижтимоий тармоғи орқали юбориб, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган мобиль қурилмаларни Uz IMEI тизими орқали ушбу фуқаролар номига рўйхатдан ўтказиш билан шуғулланиб келишган.

Биргина фуқаро М.Бнинг уяли алоқа воситаси кўздан кечирилганида, телефон хотирасида Ўзбекистон фуқароларининг 200 га яқин паспорт расмлари борлиги, у ушбу паспорт маълумотларни йиғиб, жиноий шериги О.Ага етказиб берганлиги учун ҳар бир паспортга 5 АҚШ долларидан ҳақ олганлиги маълум бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан Давлат божхона қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов органига юборилди.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, мобиль қурилмалар импорти 2019 йилнинг 1 январидан 15 сентябрига қадар 58 минг 810 тани (4,6 миллион доллар) ташкил этган бўлса, жорий йилнинг шу даврида 451 минг 39 тани (29,8 миллион доллар) ташкил этди. Давлат бюджетига 2019 йилнинг ушбу даврида 8,7 миллиард сўм, жорий йилда эса 72,6 миллиард сўм ундирилди.

Мазкур тизим тўлиқ амалиётга жорий этилгандан сўнг, 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил 15 сентябрга қадар 911 минг 882 та мобиль қурилма (47,3 миллион доллар) импорт қилинган бўлиб, давлат бюджетига 100,1 миллиард сўм ундирилган. Жорий йилда жами 4,9 миллиард сўмлик 7 минг 484 та уяли алоқа воситасининг ноқонуний олиб ўтиш ҳолатлари аниқланди.

Ички ишлар вазирлиги катта терговчиси Ж.Қодиров фуқароларнинг шахсига доир маълумотларидан ноқонуний равишда фойдаланиб, уларнинг номига UZ IMEI тизими орқали уяли телефон қурилмаларини рўйхатга қўйиш билан шуғулланаётган шахсларнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйиш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича маълумот берди.

Сўнги вақтларда хорижий давлатлардан мамлакатимизга келаётган фуқароларнинг шахсга доир маълумотларидан учинчи шахслар томонидан ноқонуний равишда фойдаланилиб, уларнинг маълумотлари асосида мобиль қурилмалар IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш тизими орқали, келиб чиқиши маълум бўлмаган уяли алоқа воситалари рўйхатга қўйилаётгани ҳақидаги мурожаатлар сони ортиб бормоқда.

Андижон вилояти ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда Андижон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда уч нафар шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Терговнинг якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниб, ушбу фуқароларга нисбатан жавобгарликнинг муқаррарлиги таъминланади. Жиноят иши бўйича дастлабки тергов жараёнида, фуқаро банк филиалидан ўзининг номига берилган 5 та пластик картадаги пул маблағларидан «UZPAYNET» МЧЖ орқали жами 2 минг 158 та уяли алоқа воситаларини қонунга хилоф равишда «Мобил қурилмаларини рўйхатга олиш тизими»га қайд этганлиги аниқланган. Ушбу холатда гумон қилинувчилар 3 минг 115 та уяли алоқа воситасини қўшни Қирғизистон Республикасидан Ўзбекистон Республикасига божхона назоратини четлаб, айланма йўллар билан олиб кирганлиги аниқланган.

Айни вақтда мазкур ноқонуний фаолият билан шуғулланаётган шахсларни аниқлаш ва уларга нисбатан қонуний чора кўриш юзасидан ички ишлар органлари томонидан тегишли тадбирлар давом эттирилмоқда.

3 570
Шаҳноза МАМАТУРОПОВА, ЎзА