ЎзА Ўзбек

25.05.2020 Чоп этиш версияси

“Илтимос, ўзбекча гапиринг, жон ука!”

“Илтимос, ўзбекча гапиринг, жон ука!”

Она тилим – олтин сандиғим

2014 йил ёзида оиламиз билан Анталияга борган эдик. Болалар “шаҳар айланамиз” дейишгач, бир куни эрталабдан автобусга чиқиб, шаҳар марказига йўл олдик.

Манзара – субтропик. Яшил-кўкиш денгиз то уфққача тўлқинланади. Теварак ораста, аммо ҳаво нам. Ўзимиздаги қуруқ, турли исларни опкеладиган ҳавога ўхшамайди. Барибирам ўзгачалиги бор.

Шаҳарнинг катта супермаркетларидан бири – “Терра Сити” соат ўнда очилар экан. Кун исий бошлади. Ҳали ярим соатча вақт бор. Яқин бир жойда кичкина фавворали салқин боғчага кўзимиз тушиб, ўша ёққа бораётсак, ортимиздан бировнинг:

– Шошманг-шошманг! Тўхтанг! – деган овози келди.

Қарасам, гулдор кўйлагини шими устига тушириб олган, тўладан келган бир киши, биз томон лапанглаб чопиб келяпти.

– Ўзбекистонданмисиз? – деди у ҳарсиллаб, нафаси тиқилиб.

– Ҳа, Ўзбекистондан.

– Худога шукр! Ўтиб кетаётганингизда ўзаро ўзбекча гаплашаётганингизни эшитиб, ортингиздан югуравердим! Шу чопаман, етолмайман! – У рўмоли билан юз-кўзини арта-арта ўзини таништирди: – Менинг исмим Музомиддин, Бўкаданман. Келинг, яна бир кўришиб қўяйлик!

Болалар фаввора ёнига кетишди, ортидан кўркам бир аёл – унинг хотини ҳам етиб келди. Музомиддин ака гул-гул яшнаб, хотинига “Ана, кўрдингми, Ўзбекистондан дедим-ку” деб такрорларди. Тинмай бир нималарни сўраб-суриштирарди. Шаҳар қанақа? Чорсу, Ўрда жойида турибдими? Анҳор бўйлари ўзгариб кетгандир-а? Одамлар-чи, ўшандагидай юришибдими?

– Гапиринг, гапиринг! Ўзбекча гапиринг! – дерди менга қулоғини тутиб, ҳузурланиб. – Илтимос, ўзбекча гапиринг!

“Хўп” дейман-у, унинг ҳузурланишидан ўзим ҳам завқланаман.

– Мен ахиска турклариданман. Бўкада, ички ишларда ишлардим, – деди Музомиддин ака. – Халқлар қотили Сталин сургунидан сўнг қирқ йил Ўзбекистонда ўз уйимиздагидай яшадик. Тўй-маъракаларда елкадош бўлдик, қиз олиб, қиз бердик. Уйинг куйиб кеткур совет 1989 йилда атай фитна қўзғади. Қочгани жой тополмадик. Қўни-қўшниларимиз ёрдам беришди, оиламиз билан Озарбайжонга кетдик. У ердан Туркияга келдик, турк фуқаролигини олдик. Ўн йилдан ошди, Анталиядамиз. Асли Андижонда туғилганман, ўзим бу ерда бўлсам, отажоним-онажоним ўша ёқда...

Ана энди ҳолатини кўрсангиз. Кап-катта одам, ота-онаси, амма-холалари эсига тушиб, ўпкасини босолмай йиғлайди денг!

– Андижонни тераклари бўларди, узун-узун! Кўча чети тўла терак, остида ариқ оқарди, оқиш баргли ялпизлари бўларди. Ҳалиям бормикин-а, турибдимикин-а?

Жўшади-йиғлайди. Гапиради-йиғлайди... Бир соат ўтди ҳамки, суҳбат тугамайди.

Ниҳоят, узримизни айтиб қўзғалдик. Хайрлашиш чоғида Музомиддин ака уй манзилини, телефон рақамини берди:

– Мана бу уйимизники, бу – ўзимни қўл телефоним, буниси – аёлимники...

– Албатта келинглар, хўпми? Бизнинг уйда би-ир ош қилайлик! – деди орзумандларча.

Яна хабарлашишга келишиб, анча юрган эдик, ортимиздан яна “Тўхтанглар!” деган садо келди. Қарасак, Музомиддин ака! Ўшандай лапанглаб, ҳарсиллаб келяпти.

– Сизлар “Терра-сити”га борасизлар-ку, а? Майлими, биз ҳам борсак? Айланиб чиққунингизча кутиб турамиз, сизларни музқаймоқ билан меҳмон қилмоқчимиз...

Қаранг, азбаройи яна гаплашгиси келганидан шуни ўйлаб топибди!

– Юринг, юраверинг! – дедим кулиб. – Болалар томоша қилиб чиққунча биз гаплашиб ўтирамиз.

...У кунлар ўтди, Ватанимизга қайтиб, ишларимизга шўнғиб кетдик. Музомиддин ака Фейсбукда саҳифа очган экан, ора-сира хабарлашиб турдик. Ўзбекистонни зиёрат, йўқ-йўқ, тавоф қилиш орзуси борлигини, соғлиги кўтармаётгани учун бу иш ортга сурилиб турганини айтарди. Бир-икки йилдан сўнг Музомиддин ака интернетдан боғланиб: “Укажон, Ватанга бориш насиб қилмайди, шекилли. Яна келасизларми?” деб сўради. “Ҳа, борамиз” десам суюниб кетди.

– Андижон девзирасидан обораман, ака, – дедим. – Водийча ош қиламиз уйингизда!

– Ҳа-ҳа! Анжанни уруғсиз узуми бор-у, кишмиш! – деди у. – Ўшани майизидан ҳам албатта олиб келинг, ошга соламиз!

Бу суҳбат 2017 йилнинг баҳорида бўлиб ўтди. Май ойида Музомиддин акага бир неча марта хат ёздим, жавоб йўқ! Қўл телефони рақамини ҳам берган эди, “Ватсапп”дан, Фейсбукдан ёздим, яна жим.

Ниҳоят, “Ватсапп”дан кимдир жавоб берди:

– Ало!

– Музомиддин ака, бормисиз?

– Ало? Сен кимсан?

Анграйиб қолдим.

– Бу Музомиддин аканинг рақами эмасми?

–.... (жавоб йўқ).

Орадан икки-уч ҳафта ўтгач, у кишининг аёли Ҳуризод хонимдан хабар келди: Музомиддин ака бир ойча аввал Ҳақ раҳматига қовушибди. “Ватсапп”да менга жавоб берган кимса эса у кишининг ўғли экан!

Ҳалигача эсласам, ўша манзара кўз олдимга келади. Гуллаган жўка ва настаринлар остидан ҳаллослаб чопиб келаётгани, гулдор кўйлаги... “Ўзбекистонданмисиз?” деган қувонч тўла сас!

Ватан десалар, шу воқеани эслайман. “Илтимос, ўзбекча гапиринг, жон ука” деб ялинишлари қулоғимга эшитилади. “Отамнинг, онамнинг, болалигимнинг, ҳаётимнинг тили, жон ўзбекчамда гапиринг!”

Очиғи, бу самимий кишини ич-ичимдан ёқтириб қолган эдим. Унинг хатти-ҳаракати, ҳаяжони ва юрт соғинчи Анталияни Ўзбекистонга айлантириб қўйган эди-да.

Ичи соғинчга тўлиб кетган у киши ҳам, аёли ҳам Ўзбекистонни бир умр қўмсаб яшашибди. “Бу ерларда худди вақтинчадаймиз”, деган эди. “Кун келиб, Андижонимга, Бўкамга қайтиб борадигандайман” деган эди. “Ота-онамни кўргани бораман. Вақти келганида қанийди, уларнинг ёнида, икковига эркаланиб-эркаланиб ётсам...” деган эди...

Ушбу ҳаққоний ҳаёт воқеасини бўкалик таниқли ёзувчи Муҳаммаджон Соипов ҳам тасдиқлайди. Улар Музомиддин ака билан ёшликдан қалин дўст бўлишган экан.

Шу улуғ айём кунларида яқинларим, улуғларим, устозларим, тенгдошларим, ўн гулидан бир гули очилмай сўлган гул-чечакларимни эслар эканман, бехосдан Музомиддин ака ҳам хаёлимга келди. Гул-гул яшнаб, юз-кўзида соғинч аралаш қувонч балқиб шоша-пиша сўзлашлари, Ҳуризод хонимнинг бош ирғаб, эрининг гапларини тасдиқлашларини эсладим.

Начора, ўлим ҳақ. Руҳи шод бўлсин, нур ичида ётсин! Қолганларга, у кишининг умр йўлдоши Ҳуризод хонимга узоқ умр, соғлик-саломатлик берсин.

Дарвоқе, Музомиддин аканинг бир ўғли ҳам бор эди. Лекин ундан сира хабарим йўқ. Сўзлашмадик ҳам, кўришмадик ҳам. Ким билсин, балки юргандир ўша ёқларда...

Исажон СУЛТОН,

Ўзбекистон Республикасида хизмат

кўрсатган маданият ходими, ёзувчи.


7 015
ЎзА