Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

23.08.2017 10:50 Чоп этиш версияси

Ҳилол Насимов: Бизда тажрибали, маҳоратли ижодкорлар кўп, аммо ташаббус етишмайди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини ўқиб...

Кино – катта таъсир кучига эга санъат турларидан бири. Ҳар қандай фильм инсоннинг онгига, маънавиятига, дидига, дунёқарашига маълум маънода таъсир ўтказади. Шу маънода томошабинни эзгуликка ё ёвузликка бошлаш, уни тарбиялаш ё тарбиясини бузиш масъулияти ижодкорнинг зиммасидадир.

Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, барча соҳалар қатори маданият, санъат, жумладан, кино санъатини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Юртимизнинг буюк тарихи ва бугунини акс эттирган, халқимизнинг ўзлигини англашга, маънавиятини юксалтиришга хизмат қиладиган мазмунан бой асарлар, замон қаҳрамонлари образини яратиш борасида ижодкорларга муҳим вазифалар юкланди. Буни амалга ошириш учун барча зарур имконият ва шароитларни яратиш, киностудиялар фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилди.

Лекин виждонан жавоб берганда биз ижодкорлар бу имкониятлардан қай даражада унумли фойдалана олдик? Тўғри, бу борада қандайдир ижодий изланишлар бўлди. Аммо тан олиш керак, бугунги кўпгина фильмларимиз нафақат жаҳон, балки ўзимизнинг томошабинларнинг ҳам талабига жавоб бера олмаяпти. Хусусий киностудиялар эса фильмга тиккан маблағини “чиқариб олиш” важи билан мазмунан саёз, ўта маиший, бачкана, томошабиннинг меъдасига тегадиган маҳсулотлар – халқ тили билан айтганда “хонтахта фильм”лар ишлаб чиқаришга муккасидан кетди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 3 август куни Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувда ўзбек кино санъатининг бугунги аҳволи, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари ҳақида куюнчаклик билан гапирди. Кино ижодкорларига жаҳон цивилизацияси ва маданиятига улкан ҳисса қўшган улуғ аждодларимиз сиймосини кино экранларда акс эттириш, бугунги кунда Ватан равнақи йўлида фидойилик кўрсатаётган замон қаҳрамонлари образини яратиш борасида муҳим вазифаларни топширди. Бу вазифаларни амалга оширишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини таъкидлади: “Бизнинг нафақат тарихимиз, балки бугунги ва эртанги ҳаётимиз учун ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлган бу вазифани амалга ошириш учун биз катта миқдордаги маблағларни, керак бўлса, эркин муомаладаги валюта маблағларини ҳам топиб беришга, киночиларимизни чет давлатларга ижодий сафарларга юборишга ҳам тайёрмиз”.

Давлатимиз раҳбари томонидан шу йил 7 август куни қабул қилинган “Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор миллий кино санъати ривожида янги босқични бошлаб берди.

Бугун замон шиддат билан одимлаб бормоқда. “Ахборот асри”, “Юксак технологиялар даври”, дея ном олаётган XXI аср кино санъати ва кино саноатида ҳам туб бурилиш ясади. Бугунги кунда дунё киноижодкорлари томонидан тақдим этилаётган асарларда замонавий технология имкониятларидан кенг фойдаланилмоқда. 3D формат, махсус эффектлар каби тушунчалар аллақачон кино санъатининг ажралмас қисми бўлиб улгурди.

Киноижодкорларимиз шундай фильмлар ярата олмайдими? Албатта, ярата олади. Бизда тажрибали, маҳоратли ижодкорлар кўп. Аммо бизда ташаббус етишмайди, “маблағ йўқ, замонавий техникалар йўқ” каби баҳоналар билан кучимизни севимли адибимиз айтганидек, “ўтин ёришга” сарфладик.

Президентимизнинг қарори киноижодкорлар, айниқса, ёшлар учун ҳақиқий имкониятлар эшигини очди. Мазкур ҳужжатда киностудияларни таъмирлаш, уларнинг моддий-техник базасини кучайтириш, энг замонавий технологиялар билан таъминлаш, янги кинотеатрлар қуриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

"Ўзбеккино" Миллий агентлиги учун давлат буюртмасига асосан миллий кино маҳсулотларини яратиш йиллик ишлаб чиқариш ҳажмларининг прогноз кўрсаткичлари белгилаб берилди. Унга кўра, тўлиқ метражли бадиий фильмлар, ҳужжатли, илмий-оммабоп, ўқув-услубий фильмлар, киносолномалар, киножурналлар, мультипликацион фильмлар, давлат буюртмаси асосида ишлаб чиқарилган фильмларни жаҳон бозорига чиқариш ва фестивалларда намойиш этиш учун чет тилларга субтитрлаштириш ва дубляж қилиш, миллий кинематографиянинг энг сара асарларини тиклаш, реставрация қилиш ва замонавий форматга ўтказиш белгилаб қўйилган.

Айниқса, ёш кино ижодкорларнинг ўн соатдан иборат қисқа метражли фильмларини суратга олиш белгиланганлиги ижодкор йигит-қизлар учун туҳфа бўлди. Бу фильмлар орқали ҳар йили камида 40-50 ёш киночи ўз қобилиятини намоён этади, ҳақиқий истеъдод эгаларини саралаб олишимизга ёрдам беради.

Қарорда миллий кинематография санъатини замон талаблари асосида ривожлантириш, ёш кино ижодкорларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ҳузурида Миллий кинематографияни ривожлантириш жамғармасини тузиш назарда тутилган. Кинематография соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш мақсадида “Ўзбеккино” Миллий агентлиги қошида атоқли кино ижодкорлар дарс берадиган малака ошириш курсларини ва “Маҳорат мактаблари”ни ташкил этиш, мамлакатимизнинг ёш, истеъдодли кино ижодкорлари малакасини ошириш мақсадида уларнинг тегишли етакчи хорижий таълим муассасаларида мунтазам равишда таҳсил олишига зарур шарт-шароитлар яратиш, давлат буюртмаси асосида ишлаб чиқариладиган кинофильмларнинг ғоявий-бадиий савияси, мазмун-моҳияти ҳамда профессионал даражасини ошириш мақсадида соҳа намояндалари, тажрибали етук мутахассислардан иборат Бадиий кенгаш таркибини шакллантириш асосий вазифалар сифатида белгилаб берилди.

Энди тасаввур қилинг, ана шундай кенг имконият ва шароитлар яратилган пайтда яна ўша аввалги маиший мавзудаги, миллий менталитетимизни бузиб кўрсатадиган кинолар яратишда давом этсак, халқимизга, давлатимизга қайсидир маънода хиёнат қилган бўлмаймизми?

Президентимиз буюк аждодларимизнинг ҳаёти ва фаолиятига оид мазмунан теран ҳақиқий кино асарларини кўпайтириш вазифасини бежизга илгари сургани йўқ. Зеро, бизнинг бой тарихимиз, буюк сиймоларимиз бор. Дунё тараққиётининг бешиги бўлган диёримиздан етишиб чиққан буюк боболаримиз ҳар бирининг ҳаёти тўлақонли фильмларга сюжет бўла олади.

Минг афсуски, тарихимизни ўрганиш, ўзиники қилиб кўрсатиш, ўзлаштириш, бузиб кўрсатаётган ҳолатлар ҳозир жаҳон киносида кўпайиб бормоқда. Бунга маълум маънода ўзимиз ҳам айбдормиз. Тарихимизни бузиб кўрсатишга уринишлар бўлаётган бир даврда биз ҳақиқий тўлақонли кинолар яратиб, ўз асарларимиз билан уларга жавоб беришимиз керак эди. Ҳатто мустабид тузум даврида ҳам устоз ижодкорларимиз "Ўтган кунлар", "Алишер Навоий" фильмларини суратга олиб, шундай оғир замонда жасорат кўрсата олган. Биз улардан ҳар жиҳатдан ўрнак олишимиз керак.

Биз ижодкорлар қачонки миллий маданиятимиз, тарихимиз, менталитетимиз, қадриятларимизни, буюк аждодларимизнинг аслида ким эканини ҳаққоний тасвирлай олсак, ўз фильмларимиз билан томошабинда, халқимиз қалбида аждодларимизга чексиз ҳурмат туйғусини шакллантира олсак, ўз мақсадимизга етган бўламиз. Бунинг учун энди бизда барча имкониятлар бор. Фақат ишлашимиз, ташаббус кўрсатиб ижод қилишимиз керак!

Ҳилол Насимов,

Ўзбекистон Республикасида хизмат
кўрсатган маданият ходими.

ЎзА
3 905






Все о погоде - Pogoda.uz