ЎзА Ўзбек

05.02.2020 Чоп этиш версияси

Илмий натижаларни чоп этиш тавсия этилган миллий илмий нашрлар рўйхати бекор қилинмоқда

Илмий натижаларни чоп этиш тавсия этилган миллий илмий нашрлар рўйхати бекор қилинмоқда

Хорижий давлатда илмий даража ва илмий унвон олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш тартиби тубдан қайта кўриб чиқилиб, жараён Давлат хизматлари агентлиги ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида амалга оширилиши йўлга қўйилмоқда.

Бу ҳақда Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилинди. 

photo5321235012982516853.jpg  

Анжуманда ОАК фаолиятидаги тизимли ишлар, натижалар ва устувор вазифалар, тизимга ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш, ривожлантириш, ҳужжатлар ижроси, мурожаатлар билан ишлаш ва ижро интизомини мустаҳкамлашга доир масалалар хусусида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, математика, кимё ва геология каби фанлар йўналишида эришилган асосий натижалар, келгусидаги муҳим вазифалар ҳақида тўхталиб ўтилди.

– Бугун мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида кечаётган янгиланиш ва ўзгаришлар илм-фан, таълим соҳасида ҳам юқори даражаларда бўй кўрсатмоқда, – деди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси раиси Аҳмадбек Юсупов. – Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш, аттестациядан ўтказиш масаласига юксак даражада эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2013-2019 йиллар давомида 3 минг 450 нафар талабгорнинг 1 минг 175 нафари фан доктори, 2 минг 275 нафари фалсафа доктори илмий даражаларига тасдиқланди. Шулардан фан доктори илмий даражасига тасдиқланган талабгорларнинг 787 нафари, фалсафа доктори даражасида тасдиқланганларнинг эса барчаси, яъни 2 минг 275 нафари 2017 йил 1 июлдан кейинги даврда илмий даражаларга эришдилар. 

photo5321235012982516852.jpg  

2017 йил 1 июлга қадар республикамизнинг олий таълим ва илмий- тадқиқот муассасаларида 40 та илмий кенгаш фаолият юритган бўлса, эндиликда уларнинг сони 160 тани ташкил қилмоқда. Ўтган 2019 йилда Oлий аттестация комиссияси раёсатида жами 1612 та аттестация иши кўриб чиқилди. Жумладан, 321 фан доктори илмий даражаси, 1139 фалсафа доктори илмий даражаси, 131 профессор, 82 катта илмий ходим ва 417 нафар киши доцент илмий унвонларига тасдиқланди. 2 та фан доктори, 28 та фалсафа доктори дипломлари нострификация қилинди. 41 та аттестация ишига эса рад жавоби берилди.

Яна бир эътиборга молик масала шундаки, фан доктори илмий даражасига тасдиқланганларнинг 33 фоизини, фалсафа доктори илмий даражасига тасдиқланганларнинг 37 фоизини аёллар ташкил этмоқда. 

photo5321235012982516851.jpg  

Ҳимоя қилинган барча диссертацияларнинг илмий натижалари амалиётга жорий қилинди.

Мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва инновацион тараққиётини жадаллаштиришда илмий ва илмий-педагогик салоҳиятни такомиллаштириш, самарали илмий фаолиятни рағбатлантириш, олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестациясини ташкил этиш сифатини ошириш бўйича бир қатор таклифлар ишлаб чиқилди. Жумладан, Бинар (иккиталик) ҳимоя тизими асосида илмий ишланма яратган фалсафа доктори ёки унга тенглаштирилган илмий даражага эга талабгорга фан доктори, илмий натижаларни амалиётга татбиқ этган талабгорга фалсафа доктори илмий даражаларини бериш тартиби жорий этилмоқда. Аттестация соҳасида олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари мустақиллигига эришиш учун доцент, катта илмий ходим ва профессор илмий унвонларини мустақил бериш ваколати тажриба тариқасида ОТМ рейтинги бўйича юқори турувчи 30 та олий таълим муассасасига ҳамда Фанлар академияси тавсияси асосида илмий-тадқиқот муассасаси кенгашларига берилмоқда.

photo5321014182944026049.jpg

17 667
Хуршид ҚОДИРОВ, ​Аъло АБДУЛЛАЕВ​ (сурат), ЎзА