Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.07.2018 18:42 Чоп этиш версияси

Илмий-амалий ҳамкорлик истиқболлари

Илмий-амалий ҳамкорлик истиқболлари
Наманганда “Инновацион ривожланиш даврида интенсив ёндашув истиқболлари” мавзуида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтмоқда.

Наманган вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган анжуманда Россия, Япония, Тожикистон, Малайзия, Португалия каби қатор давлатлардан олимлар, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тизимидаги илмий-тадқиқот институтлари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, мутахассислар, тадқиқотчилар, магистрантлар, истеъдодли талабалар, шунингдек, ишлаб чиқариш соҳаси вакиллари иштирок этмоқда.

Тадбирнинг очилиш маросимида мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни янги, янада самарали босқичга кўтаришда инновацион ғоя ва технологияларнинг устувор аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

2.jpg

– Ҳар қандай замон ва маконда тараққиётга илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро бири-бирини ҳаракатга келтириш механизми, масалага инновацион ёндашув асосида эришилади, – дейди Жанубий Урал давлат университети (Россия) профессори А.Тошев. – Бундай анжуманлар бу борадаги халқаро тажрибани бойитиш, мамлакатлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, пировардида, ижтимоий-иқтисодий тараққиётга хизмат қилади. Мен анжуманга 2017 йилда Наманган муҳандислик-технология институти билан бизнинг муассаса ўртасида имзоланган меморандум асосида келдим. Мақсадимиз мазкур институт кимё лабораторияси фаолияти билан танишиш, шунингдек, кадрлар тайёрлаш, дарслик ва ўқув қўлланмалари яратиш, умумий овқатланиш тизимига инновацион технологияларни жорий қилиш каби долзарб масалалар юзасидан ҳамкорлик қилишдир.

5.jpg

Наманган давлат университети, Наманган муҳандислик-технология институти ва Наманган муҳандислик-қурилиш институтида икки кун давом этадиган анжуманда ядро энергетикасининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, қишлоқ хўжалигини, умуман, мамлакатни инновацион ривожлантиришда таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясининг роли, нанотехнологияларга алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, Фарғона водийси ҳудудида шахсий уй-жойларнинг зилзилага бардошлилигини таъминлаш, муҳандислик соҳасида илм-фан интеграцияси, ун-қандолатчилик маҳсулотларини тайёрлашда инновацион технологиялар, автомобиль йўллари қурилиши каби 20 га яқин илмий маърузалар тингланади.

Акромжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат) ЎзА
9 596