Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

26.08.2018 14:03 Чоп этиш версияси

Ҳаёт – яшашга арзийди!

Ҳаёт – яшашга арзийди!
Яқинда икки ёш турмуш қуришга розилик берилмаганлиги учун ўзини поезд тагига ташлаганлигини эшитдим. Қиз ўн етти ёш, йигит йигирма бир ёш экан.

Бу ҳодисани турлича талқин қилиш мумкин. Муҳаббат учун, бир-бирлари учун жонини ҳам аямади дейиш ҳам... Бу дунёда бирга бўлмасак, нариги дунёда бирга бўламиз, бизни ҳеч бир куч ажратолмайди, дейиш ҳам... Қаршиликларга қарши исён ёки романтика, ёшликка хос жўшқинлик оқибати, дейиш ҳам мумкин. Лекин нима бўлганда ҳам, энг катта жабр улар ўйлаганидек, бошқаларга эмас, айнан уларнинг ўзларига бўлди. Улар қарши чиққан, улар ўч оламиз, улар мана кўриб қўйишади нима бўлишини деб ўйлаган, улар душман деб ўз ота-оналари, қавму қариндошларига эмас, энг катта жабрни, энг катта йўқотиш ва фалокатни ўзгалар эмас, айнан икки ёшнинг ўзлари кўришди. Ҳаётларини йўқотди, умрларини бой беришди. Бу дунёдаги энг азиз нарса тириклик, деган улуғ неъматдан бебаҳра қолди. Қолганлар ғам-андуҳ чекиб, қайғуга ботсалар-да, ҳаёт ўз гўзалликлари билан қолганларни роҳатлантиришда давом этмоқда.

Қолаверса... муҳаббат, бу – бир-бирини жарга итариш эмас, бир-бирини юксаклик сари етаклашдир. Йигит ростдан ҳам қизни жон-дили билан севганида, уни поезд тагига ташлашга ҳеч қачон рози бўлмаган, аксинча, мен сени дунёдаги энг бахтли, энг саодатли, барча орзу-умидлари ушалган, маликалар сингари ҳаёт кечирувчи қизга айлантираман ва бунинг учун танимда қатра қон қолгунча курашаман, бу дунёда ҳеч қандай тўсиқ йўлимни тўсиб қололмайди, мени ҳеч ким, ҳеч қачон тўхтатолмайди, дейиши керак эди.

Агар қиз ҳам йигитни жон-дилидан севганида, авваламбор, бу сўзни қиз йигитга айтиши керак эди. Чунки, яшаш маъносида қиз болалар ўғил болаларга нисбатан ҳамиша ақллироқ, донороқ, яшовчанроқ, ҳаётни севувчанроқ, камроқ таваккал қилувчи, мардлик, жасорат кўрсатувчи бўлишади. Агар қиз бола, қўйинг, бу йўлдан қайтайлик, мен сизни яшашингизни истайман, мен сизни дунёдаги энг бахтли инсон бўлишингизни, севги ва муҳаббатдан ҳамиша сармаст яшашингизни, сиз давримизнинг энг мард, жасур, оилапарвар, халқимизга, миллатимизга хизмат қиладиган буюк инсон бўлишингизни истайман, ҳали ҳаммаси яхши бўлиб кетади, оила қурамиз, бир умр хизматингизни қиламан деганида, албатта йигит ўз шаҳдидан қайтган бўлар эди. Аммо... афсуски, улар бошқа йўлни танлашди. Улар ота-оналари, қавму қариндош, ҳамшаҳру ҳамқишлоқлари, жамиятга қарши... қасддан, ўчакишиб бошқа йўлни танлашди. 

Энди 21 яшар фарзандини йўқотган ота-онанинг аҳволини тасаввур қилинг. Она "Сен ўлгандан кўра, мен ўлсам бўлмасмиди", деб оҳу фарёд чекаётганини кўрасиз. "Мени қаро ерга киргизиб кетдинг ўғлим", деб унсиз нола қилаётган ота кўз олдингизга келади. Бундай жабру жафони, бундай оғир мусибатни ҳеч кимга раво кўрмаган бўлар эдик. Ота-онани мана шундай кулфатга, фалокатга қасддан, атайлаб ташлаб кетиш қайси фарзандлик ўлчовига тўғри келади?

Ўн етти яшарлик гулдай қиз, ҳали она қучоғидан чиқиб улгурмаган, ҳали болалик завқу шавқи танасидан кетиб улгурмаган, ҳали ҳаётга боқиб ҳайрати кўзида балқиб турган қиз, ота-онаси не машаққатлар билан уни парваришлаб, бошида тож сингари кўтариб, катта қилганини, ўзлари емай, унга едирганини, ўзлари ичмай, унга ичирганини, ўзлари киймай, аввал унга кийдирганини, ўзларидан кўра уни яхшироқ кўришини унутишга улгурмаган қиз ота-онасига қарши исён қилиб, қасдлашиши ҳеч қандай ақлга сиғмайди. Улар ўзлари билмаган ҳолда, ота-оналарига қарши энг ашаддий душманлари ҳам қилмаган ваҳшийликни қилдилар.

Улар балки тушкунлик тузоғига тушиб қолганлиги учун қилгандир. Балки, жоҳиллик, балки илмсизлик, балки ўз қобиқларига ўзлари ўралашиб қолганлиги учун бу ишни қилгандир. Балки қўрқувдан, ваҳима босганидан, бирор доиранинг таъсиридан бу ишни қилгандир. Бу сирни улар ўзлари билан олиб кетди. Бу сир нималиги энди биргина Худонинг ўзигагина аён.

Бу мақолани ёзиб, икки ёш норасиданинг ортидан тавқи лаънат отмоқчи эмасман. Ўлган ўлиб кетди, Худойимнинг ўзи энди улар билан ҳисоб-китоб қилади. Ўз қилмишларига энди улар ўзлари жавоб беради. Тирикларнинг ҳеч бири уларнинг ҳисоб-китоб дафтарига, на яхши гап, на ёмон гап қўшолади. Энди уларнинг ортидан гапиришга бизнинг ҳаққимиз йўқ. Гап шундаки, гап уларнинг ўзидагина бўлганида ушбу мақолани ёзиб ўтирмасдим. Ёзаётганимнинг сабаби, афсуски ундайлар битта иккита эмас, ўнта-ўн бешталаб эмас, бундай фожиалар кейинги йилларда юзлаб бўляпти. Бу ёзаётганларим ўликларга эмас, тирикларга – бундай фожиаларга қўл уриши мумкин бўлганларга атаб ёзилмоқда.

Яқинда ўн олти ёшга кирган қизга атаб, синфдоши севги мактубини ёзган. Мактуб айланиб-айланиб, қизнинг акаси қўлига тушган. Акаси мактуб ёзган ошиқни ўласи қилиб урган. Ошиқнинг отаси қизникига кетмон кўтариб келган, қизни уриб дарвозасини синдирган, болани урган, болага қўшиб онасини урган, онасини ураётганда отаси етиб келган, бутун қишлоқ иккига бўлиниб, уруша кетган. Бу шармандаликларга, гап-сўз, ур-йиқитга чидолмаган қиз уйга кирган-у, ўзини дераза пардасига осган. Салга тушиб кетадиган дераза пардаси фалокат босиб, мустаҳкамроқ чиқиб қолган, то қизнинг жони чиққунча кўтариб тураверган...

Мажбурий ижро бюроси ходимлари ер, уй, даромад солиғи тўламагани учун уй эгасини қаттиқ қийин қистовга олган. Уйни тортиб оламиз, дея дўқ-пўписа қилган, иш ёқалашишгача, судгача борган. Уй эгаси жаҳл устида қасддан барча уй оила аъзолари, икки боласи, хотинини, ўзини уй ичига олган-у, эшикни қулфлаб, бутун уйни ёққан. Бургага аччиқ қилиб, кўрпани ёқди, деганларидай аламини ўзидан олган, ғазабини ўзига сочган. Ўз ҳаётини, болалари, аҳли аёлининг ҳаётини жуда арзонга сотган. Жоҳиллик, калтафаҳмлик, ваҳшийликнинг энг олий намунасини намойиш этган.

Бундай ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари намунасини яна ва яна бир қанчасини мисол қилиб келтириш мумкин. Аммо гапни чўзиб ўтиришдан, мисол келтиришдан мақсадимиз нима эканлигини айтиб қўя қолайлик.

Мақсадимиз, қиёматда энг оғир жазога мубтало бўлгувчилар айнан ўз жонига қасд қилганлар эканлигини айтиш. Аллоҳ ўз ояти-каримасида “Шунингдек, ўзларингизни ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шавқатлидир” (Нисо сураси, 29-оят) деганлигини тушунтириш ва бундай қалтис ва мудҳиш йўлга кириши мумкин бўлганларни огоҳлантиришдир.

Аллоҳ инсоннинг ҳамма гуноҳларини кечирар экан, аммо ўз жонига қасд қилган, ўзини ўзи ўлдирган одамни ҳар қандай ҳолатда, у ҳатто мана шунга мажбур бўлган ҳолатда ҳам асло кечирмас экан.

Аллоҳ нафақат одамни ўзини ўлдиришга, ҳатто оғир лаҳзаларда ўзига бирон тан жароҳати етказишдан, қўлни кесиш, юзни тимдалаш, бошга муштлаш, совуқ сувга ташлаб ўзини атай касал қилиш, гиёҳвандлик, турли маст қилувчи дориларни ичиш, жонини гаровга қўйишнинг ҳар қандай туридан қайтаради ва буни қаттиқ қоралайди. Энди Аллоҳ таолонинг бу ҳақдаги ояти-карималарининг мазмун-моҳияти, мағзини чақишга ҳаракат қилайлик: “Ерда ўрмалаган нарса борки, ҳаммасининг ризқи Аллоҳ зиммасидадир” (Ҳуд сураси, 6-оят). “Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди. (Бақара сураси, 286-оят). “(Эй, Муҳаммад алайҳиссалом) Менинг иймон келтирган бандаларимга айтинг: “Парвардигорингиздан қўрқингиз! Бу фоний дунёда эзгу ишлар қилган зотлар учун боқий дунёда жаннат боғлари бордир. Аллоҳнинг даргоҳи кенгдир. Ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр тоқат билан ҳаёт кечирганларга роҳатда яшашлари учун фирдавс кошоналаридан гўзал масканлар берилур. (Зумар сураси, 10-оят).” "Аллоҳ ўз бандаларига меҳрибондир". (Шўро сураси, 10-оят). “У деди: “Парвардигорингиз фазлу марҳаматидан фақат адашган кимсаларгина ноумид бўлур”. (Ҳижр сураси, 56-оят). “У одамлар тушкунликка тушганларидан кейин, уларни шодлантириш учун ёмғир ёғдирадиган ва ўз марҳаматини, барокатини кенг ёядиган Зотдир. (Шўро сураси, 28-оят).

“У зот ҳар куни ҳаётни янгилаб турар. Албатта ҳар бир машаққат ортидан Аллоҳнинг изни билан фароғат ҳам келар. Албатта ҳар бир мушкулотнинг ортидан енгиллик-ҳаловат ҳам келур. У Зот ҳамиша уйғоқ, бедор ва огоҳ, ўз вазифасини бажариб тургувчидир. (Шарҳ сураси, 5-6 оятлар).

Ушбу ояти карималардан кўриниб турибдики, инсон озгина сабр қилса, бу ҳаёт тегирмони ўзгарувчан, алмашиб турувчи, ёмон кунлар ортидан яхши кунлар келувчи, қийинчиликлардан кейин роҳат фароғатли кунлар, саодатли лаҳзалар келадиган, ҳаловатдан кейин ҳалокат келадиган, соғлиқдан кейин касаллик келадиган, инсон яна соғайиб, яна ўйнаб куладиган, бир имтиҳондан ўтиб, иккинчи имтиҳонга борадиган, Яратган Парвардигори олам бошқариб турган ҳаёт чархпалагидир бу ёруғ олам. Ҳаёт бир лаҳза бўлсин, бир жойда туриб қолмайди. У ҳамиша ўзгарувчан. Ҳеч қачон қаро кунлар ортидан яна қаро кунлар келмайди, албатта тун тонгни етаклаб келади. Шунинг учун, одам ўзини ўзи ўлдириши Аллоҳга ишонмасликдан, ношукурликдан, бесабрликдан, иймонсизликдан, ота-онасининг меҳр-муҳаббатига беписандликдан бошқа нарса эмас. Ўз-ўзини ўлдирган одамга ҳатто жаноза ҳам ўқилмаслигининг сабаби ҳам шу. Чунки ўзини ўзи ўлдирган одам Аллоҳга кофир бўлади. Кофирга эса жаноза ўқилмайди. Чунки у мусулмон биродарларининг бирортасини биродар деб ёнига бормади, бу ишда Аллоҳнинг ҳукми менга қандай бўлади, деб сўрамади, жамоатдан узилди, жамоат ҳам энди ундан юз ўгиради ва унинг жанозасида қатнашишни ўзига маън қилади. Аллоҳ ҳаммамизни бундай фалокатдан, хатодан омон сақласин. Биз яшашимиз, ҳайратланишимиз, мўъжизаларга гувоҳ бўлишимиз учун бу ёруғ оламда миллион-миллион мўъжизавий хилқатларни яратдики, фақат лол қолишдан, Аллоҳнинг буюклигига таслим бўлишдан, бу дунёни нақадар мукаммал ва бебаҳо гўзалликларга лиммо-лим тўлдириб ташлаганига маҳлиё бўлиб, бутун вужудимиз, ақлу ҳушимиз, онгу шууримиз билан ояти-шарифлар асосида яшаш, ислом йўлини энг тўғри йўл деб билишимиз лозим. Аллоҳ яратган, жимитдеккина пашшада қанчадан-қанча мўъжиза борлигини кўрайлик-а!

“400 минг марта катталаштириб кўрсатадиган электрон микроскоп орқали маълум бўлдики, пашшанинг бошида юзта кўзи, оғзида 48 та тиши, кўксида 3 та юраги бор экан. Пашшанинг танасида ҳароратни ўлчовчи термометр бор экан. У атрофидаги нарсаларни рангидан, шаклидангина эмас, ҳароратидан ҳам таниб олар экан. Пашшанинг қонни таҳлил қилувчи ускунаси бўлиб, у орқали қайси танага қўниш, қайси танадан қон олиш, қайсидан олмасликни ҳал этар экан. Шунинг учун у ҳаммадан қон сўравермай, худди биз овқатни танлаб егандай, у ҳам танлаб-танлаб, ўзига маъқул келган, ўзига хуш ёққан қонни сўрар экан. Пашшанинг нинаси бўлмиш хартумида олтита йўлак бўлиб, ҳар бири ўз вазифасини бажарар экан. Пашшанинг панжаларида худди бургутники сингари ўткир тирноқлари бўлиб, қўнган пайтларда ишга солар экан. (Шайх Набулсий китобидан)

Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деб марҳамат қилган:

“Бу Аллоҳнинг яратганидир. Қани менга кўрсатинг-чи, Ундан бошқалар нимани яратдилар“ (Луқмон сураси, 11-оят).

Аллоҳ таоло биргина пашшада (Тошкентда уни чивин дейишади) шунча мўъжиза яратган экан, пашшадан каттароқ қушларда, қўй-қўзида, сигир-у бузоқда, қолаверса ҳамма-ҳамма нарсада қанчадан-қанча мўъжиза мужассам экан?! Инсоннинг ўзи мўъжиза эмасми? Кўзинг, қулоғинг, бурнинг, қўл оёғинг ҳамма ҳаммаси мўъжиза эмасми? 
Олимларнинг аниқлашича, битта одам танасидаги томирларнинг узунлиги юз минг километр экан. Бу ақлни танг қолдирадиган мўъжиза эмасми? Инсон юраги шу қадар қудратли ва мустаҳкам эканки, бутун умр мобайнида у икки юз эллик миллион марта урар экан? Бу лол қолдирувчи мўъжиза эмасми? Инсоннинг тухум катталигидай буйраги бир миллион икки юз минг фильтрга эга экан. Бу Аллоҳдан бошқа ҳеч ким бажаролмайдиган мўъжизаку! Инсон миясига икки ярим миллион гегабайтлик хотира сиғар экан. Инсоннинг кўриш қобилияти 576 мегапиксел экан. Дунёдаги энг зўр фотоаппарат ёки видеокамеранинг кўриш қобилияти бор йўғи 50 мегапиксел, холос. Нега шунча мўъжизага эга бўла туриб, Аллоҳ унга шунча марҳамат кўрсатган бўлса-да, нега инсон ўзини ўлимга маҳкум этади? Бу берилган тана, бизга Аллоҳнинг омонатику?! Нега уни асраб авайламаймиз? Доноликни чегараси бору, нодонликни чегараси йўқ, деб балки шуни айтсалар керакда. Одам ўзини ўзи ўлдириши, шу ўринда айтиш керакки, аҳмоқликнинг энг юқори чўққисидир. Бундай нодонликдан, илмсизликдан Аллоҳим барчамизни асрасин.

Шу ўринда биз адибларда ҳам озгина айб, нотўғри фикрлаш, ҳаволаниб кетиш ва бу нуқсонларимиз ортидан ўқувчиларимизни чалғитиб қўядиган гуноҳларимиз бор. “Ёрим сенга жоним фидо”, “Сени бир лаҳза кўрмасам, ўлиб қоламан”, “Сенсиз яшолмайман”, “Сен мени ҳаётимсан”, “Сенсиз менга бу дунё қоронғи”, “Адо бўлдим” каби мисралар қаламимиз остидан чақнаб чиқиб кетаверади. (Бу сўзларим бугунги замонавий шоирлар ҳақидадир. Асло, Алишер Навоий ёки Бобораҳим Машраб боболаримиз ҳақида эмасдир. Улар авлиё зотлар эдилар. Нафақат уларнинг ўзлари, балки уларнинг адабий қаҳрамонлари бўлмиш Лайли, Мажнун, Фарҳод ва Ширинлар ҳам, Аллоҳнинг ошиқлари, валий зотлар эдилар. Бу ҳақда бошқа мақолаларимизда бошқа сафар батафсилроқ тўхталиб ўтамиз). 
Шу гапларни рост, деб билган баъзи ошиқи-беқарорлар ўзини ўлдирмай, кимни ўлдирсин. Аммо билишмайдики, шу сўзларни ёзган шоирларнинг бирортаси ҳали ўзини ўлдиргани йўқ. Шунчаки ёрга яхши кўриниш учун шеър ёзиб қўйишган, холос. Айниқса, бу шеърларни қўшиқ қилиб куйлаган хонандалар, ўзларини ўлдириш тугул, адо бўлиш фикридан ҳам мутлақо йироқлар. Аммо шу ўлдим-куйдимларга ишонадиган, ўзларини ўлдириб, куйдирадиганлар ҳам, шу шеърлардаги гапларни рост, деб биладиганлар ҳам орамиздан чиқиб қоляпти. Эй, ёронлар, бу сўзларга мутлақо ишонманглар. Албатта, дунёда муҳаббат туйғуси бор нарса. Муҳаббатнинг борлиги ҳам рост. Аммо ҳақиқий муҳаббат, инсонни ҳалокатга етакловчи эмас, улуғликка етакловчидир. Агар у ҳалокатга етакласа, демак, у муҳаббат эмас. Қолаверса, ҳақиқий инсон, ўз ақлу ҳушини таниган, баркамол инсон, махлуқни эмас Холиқни севувчи инсондир. Аллоҳни севган, Аллоҳга иймон келтирган инсон Аллоҳ турганда, у яратган нарса учун, у яратган инсон учун жонини фидо қилмайди. Қолаверса, еру осмонларни, бутун самоватни, Ойу юлдузларни, сайёраларни, миллиард-миллиард одамларни, ҳайвонларни, уммонларни, дарёларни, тоғу тошларни, кўзимиз кўриб, ақлимиз англаб турган ҳамма нарсани Яратган зот Аллоҳ бўлса-ю, ўша биз севган маҳбубанинг ўзини ҳам Аллоҳ яратган бўлса-ю, нега Аллоҳга эмас, унинг махлуқига жонимизни фидо қилишимиз керак. Бизда озгина иймон бўлса, ёзадиган жонбахшида сатрларимизни бундан кейин ўйлаброқ ёзсак, ўзини ўлимга маҳкум қилиб қўяётган ошиқларимизнинг сафини бироз камайишига ҳисса қўшиб қолар эдик.

Сўз якунида шуни айтмоқчиманки, албатта ушбу мақола ўтганларни, ўзини ўзи ўлдирганларнинг ортидан отилган таъна тошлари эмас, балки тирикларга қарата, “Ҳаётни севинг, тирикликни улуғ неъмат деб билинг, умрингизни ҳар бир лаҳзасини завқу шавққа, меҳру муҳаббатга, эзгуликка, савоб ишларга тўлдиринг!” маъносидаги даъватнома деб тушунишингизни истар эдим. Ҳаёт сиз ўйлаганчалик узоқ ва туганмас муддат эмас. Бугун йигирма ёшда бўлсангиз, ҳадемай элликка кириб қоласиз. Элликка кирсангиз, ҳаётингиз поёнига етаётганини ҳар лаҳза ҳис қилиб турасиз. Шундай экан, Худо берган, тириклик деган улуғ неъматнинг қадрига етайлик, ҳар бир лаҳзасини ардоқлайлик, ҳар бир кунни шарафга, шонга тўлдирайлик. Агар бу ишлар қўлимиздан келмаса, Каъбани зиёрат қилишдан ҳам улуғроқ иш – бир инсон қалбини шодликка, бахтга, севинчга, фараҳга тўлдирайлик. Ёинки эллик йил нафл номози ўқишдан ҳам улуғроқ иш – бир соат илм олиш, илму ирфон ила тафаккуримизга чироқ ёқиш билан машғул бўлайлик. Ёки энг олий саодатларнинг бири – бир неча дақиқа бўлсин Қуръон ўқиб, ўзимизни азизлар қаторига қўйиш бахтига мушарраф бўлайлик. Буларнинг ҳеч бири ҳеч бир машаққат талаб қилмайдиган, аммо инсонга катта саодат келтирадиган барокатли юмушлардир. Аслини олганда, оддий инсонийлик бурч бўлмиш, онангизни она деб суюшнинг ҳам қанча гашти, қанча завқу шавқи бор?! Онанинг қучоғида бир лаҳза бўлишнинг ўзида қанча тароват бор?! Фарзандингизни бир лаҳза қучиш, меҳру муҳаббат билан эркалашнинг ўзи бир дунё фароғат бахш этади. Дўстингиз билан бир соат ҳангома қилиб ўтириш, дилдан суҳбат қилиш туганмас ҳузур-ҳаловат эмасми? Яна қанча бахт керак инсонга?! Хуллас, бу дунё бахт-саодатга тўла! Биз ундан баҳраманд бўлишни билишимиз керак, холос. Бундай бахту саодатларни бир-бир санайверсам, уларнинг сони фалакдаги юлдузларнинг сонидан ошса-ошадики, асло кам бўлмайди. Албатта, ҳаёт қийинчиликларга, хафагарчилик, машаққатларга тўла. Аммо уларнинг ҳаммасини йиғиб, хирмон қилиб уйсангиз, уйган хирмонингиз қабр дўнгалагича бўлса, бу дунёнинг яхши ва гўзал жиҳатларини тўпласангиз, баландлиги Ҳимолай тоғидан баландроқ ва салобатлироқ бўлиб кетади. Чунки “Аллоҳ ўз бандаларига Меҳрибондир!” (Шўро сураси, 19-оят)

Муҳаммад Исмоил,
Тошкент шаҳар, Маҳалла Кенгаши бош мутахассиси.

10 500