Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.07.2017 18:39 Чоп этиш версияси

Илм ва маърифат йўли

Тошкент шаҳрида жорий йил 15 июнь куни бўлиб ўтган анжуманда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги маърузаси юртимизда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, муқаддас ислом дини ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломаларимиз меросини ўрганиш, тадқиқ этиш, фарзандларимизни турли ёт ғоя ва таъсирлардан асрашга қаратилгани билан қалбимиздан чуқур жой олди.

Айни пайтда барчамиз ушбу учрашув таассуротларини юртдошларимизга сўзлаб, зиммамизга юклатилган вазифаларни адо этиш ҳаракатидамиз. Аввало, оилаларда, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит соғломлигини янада мустаҳкамлаш, тинч-осуда ҳаётимизни, муқаддас динимиз поклигини асрашга асосий эътибор қаратилмоқда.

Тошкент шаҳрида Ўзбекистондаги Ислом маданияти маркази, Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқотлар маркази барпо этилишидан кўзда тутилган мақсад ва унинг аҳамияти ҳақида халқимизга тушунча беряпмиз.

Билиб-билмай диний экстремистик оқимларга кириб қолган юртдошларимизни тўғри йўлга қайтариш, улар жамиятда муносиб ўрин топиши, юрт равнақи йўлида меҳнат қилиши учун имконият яратиш доимий эътиборимизда бўлиб турибди. Ўзим Самарқанд шаҳридаги 15 нафар ана шундай адашган кишилар билан суҳбатлашиб, уларнинг бу йўлга кирганидан пушаймонлиги ва бугунги кунда Президентимизнинг бағрикенглигидан миннатдорлигини эшитдим. Улар соғлом ҳаёт тарзига қайтиб, маҳалла-кўй ишида фаол қатнашмоқда.

Бундай хайрли ишларни изчил давом эттириш, маҳаллаларда “Ўз қўлингиз билан ўзингизни ҳалокатга ташламанг”, “Бола ота-она қўлида омонатдир”, “Ўз болангиз тарбиясига ўзингиз масъул, огоҳ бўлинг”, “Ўз уйингни ва ўз болангни ўзинг асра”, “Бефарқлик – иллат, оқибати – ғурбат” каби мавзуларда мулоқотлар ўтказмоқдамиз. Айрим кишиларнинг ўз жонига қасд қилиши нафақат ўзи, балки унинг оиласи, жамият учун ҳам ножоиз экани тушунтирилмоқда.

Президентимиз маърузасини тинглаб, халқимиз, айниқса, ёшларнинг диний тушунчаларини ошириш мақсадида уларга аввало ислом дини асосларини ўргатиш, муқаддас динимиз илм ва маърифат йўли эканини кенг, мунтазам тушунтириш лозим, деган хулосага келдим. Юртимиз уламоларининг “Одоблар хазинаси” асарини чоп этишни янада кенгайтириш зарур, деб ўйлаймиз. Жамият тараққиёти кўп жиҳатдан тадбиркорлар фаолияти билан боғлиқлигини эътиборга олиб, барака ҳалолликда, инсоф ва диёнатда эканини кенг тарғиб этишимиз даркор.

Нуриддинхон Исломов,
Самарқанд шаҳар Шоҳизинда масжиди
имом-хатиби.

ЎзА
4 102






Все о погоде - Pogoda.uz