ЎзА Ўзбек

26.01.2020 Чоп этиш версияси

Илм ва маърифат билан юксак марраларни эгаллаймиз

Илм ва маърифат билан юксак марраларни эгаллаймиз

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталарига тақдим этган Мурожаатномасида таъкидлаб ўтганларидек, агар барчамиз жипслашиб, тинимсиз ўқиб-ўргансак, ишимизни мукаммал ва унумли бажарсак, замонавий билимларни эгаллаб, ўзимизни аямасдан олдинга интилсак, ҳаётимиз ҳам, жамиятимиз ҳам ўзгаради.

Бугунги кунда давлатимиз раҳбари олиб бораётган одилона сиёсатнинг бош мақсади-халқимизнинг ҳаёт даражаси ва турмуш сифатини яхшилашдир. Миллионлаб юртдошларимиз қаторида комбинат ишчи-ходимлари ҳам бунинг гувоҳи бўлмоқдалар ва шундай эзгу мақсадлар йўлида олиб борилаётган улкан бунёдкорликларда фаол иштирок этмоқдалар.

Мурожаатномада Президентимиз жамият тараққиётида муҳим ва ҳал қилувчи аҳамиятга эга илм-фан ва маърифатга алоҳида эътибор берганликлари таҳсинга сазовордир. Зеро, ривожланган давлатлар тажрибаси шундан тўла далолат беряпти. Қолаверса, маърифат сўзи замиридаги мазмун-моҳиятни теранроқ идрок этмоқ керак. Назаримда, муҳтарам Юртбошимиз йилни “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб номлаш билан халқимиз, айниқса, ёшларимизнинг интеллектуал, замонавий билим салоҳиятларини ошириш, мамлакатимиз иқтисодиётини жадал ривожлантириш баробарида юртимизда XX аср бошларида шаклланган жадидчилик ҳаракати намояндалари-халқини илмли, фаровон кўришни истаган аждодларимизнинг армонлари рўёбга чиқишига пойдевор қўйдилар. Дарвоқе, Президентимиз Мурожаатномасида маърифатпарвар ва жамоат арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 145 йиллигини нишонлаш ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.

Илм-фан ютуқларини ишлаб чиқариш, транспорт, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳаларга дадил йўналтириш ва амалий самараларга эришишимизни замоннинг ўзи талаб қилмоқда. Президентимиз бу соҳада кўп нарсаларни бой бериб қўйганлигимизни алоҳида таъкидладилар. Демак, бу борадаги масалалар ечимига эртага эмас, бугуноқ киришишимиз лозим.

Жумладан, кон-металлургия саноати ривожига боғлиқ бўлган геология соҳасига эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида куйинчаклик билан айтган мулоҳазалари кўнглимиздаги гап бўлди. Чунки, геология мамлакатимиз заминидаги бойликларни қидириб топиш, у ёки бу ерости бойликларнинг тасдиқланган захираларига эга бўлишда катта роль ўйнайди.

Ўзбекистон ҳудудида қадимдан ерости бойликларимиз тадқиқ қилинган. Ўрта асрнинг энг буюк олимларидан бири Абу Райҳон Берунийнинг “Минералогия” асарида 30 дан ортиқ қимматбаҳо тош ва минералларнинг номи, уларнинг кимёвий ва физикавий хоссаларини аниқлаш, эритиб синаш, деярли барча қимматбаҳо тош ва турли маъданлар ҳақида илмий маълумотлар берилган.

Ўзбек геология мактаби яқин-яқинларгача чет элларда ҳам маълуму машҳур эди. Академиклар Ҳабиб Абдуллаев ва Иброҳим Ҳамробоев ва уларнинг шогирдлари геология соҳасида олиб борган илмий-тадқиқот ишлари билан ҳеч шубҳасиз ўзига хос мактаб яратган эди. Давлатимиз раҳбари томонидан геология-қидирув ишларига катта эътибор қаратилиб, соҳада йўл қўйилган камчиликларни зудлик билан бартараф этиш, геологиянинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, кадрлар салоҳиятини ошириш мақсадида жорий йилда истиқболли конларни аниқлаш ва мавжуд захираларни кўпайтириш учун бюджетдан 2 триллион сўм маблағ ажратиладиган бўлди. Бу биз, кончиларни ҳам беҳад қувонтирмоқда. Саховатли заминимиз қаърида ҳали табиий бойликлар жуда кўп. Юрт манфаати йўлида уларни излаб топиш, қазиб олиш ва қайта ишлаш асло кечиктириб бўлмайдиган вазифадир.

Мурожаатномада мамлакатимиз саноати тармоқларида модернизациялаш ва рақобатбардошликни кучайтириш дастурлари жадал амалга оширилаётганлиги қайд этиб ўтилди. Давлатимиз раҳбари томонидан Навоий кон-металлургия комбинатида янги инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш билан бирга, корхонани халқаро молия бозорининг тўлақонли иштирокчисига айлантириш лозимлиги таъкидланиб, бунинг учун 2020 йилда халқаро стандартлар асосида молиявий ҳисоботларни тузиш, захираларни қайта ҳисоблаш, корпоратив ошкораликни татбиқ этиш каби ишларни якунлаш борасида зарур кўрсатмалар берилди.

Навоий кон-металлургия комбинатида йирик инвестицион дастурлар амалга оширилмоқда. Комбинат томонидан 2017-2026 йилларда қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш дастури доирасида 27 та йирик инвестиция лойиҳалар амалга оширилиши эвазига 3,1 млрд доллар маблағ ўзлаштирилади. Натижада қимматбаҳо металлар ишлаб чиқариш ҳажми 30 фоизга ошиб, 30 мингдан ортиқ иш ўринлари яратилади. Ушбу дастур қабул қилингандан буён 5045 та янги иш ўринлари яратилди. Жорий йилда дастур доирасида 646,5 млн доллар капитал маблағлар ўзлаштирилиб, умумий қиймати 241,3 млн. доллар бўлган 4 та лойиҳа фойдаланишга топширилади.

Жонажон Ўзбекистонимиз миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари шахдам қадамлар ташлаётганлигининг боиси бунинг мустаҳкам сиёсий, иқтисодий ва ҳуқуқий пойдевори яратилаётганлигидадир. Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси яқин беш йилликдаги улуғвор вазифалар ва уларни муваффақиятли амалга ошириш, жамиятимизда демократик жараёнларни чуқурлаштириш, Парламентга эса мамлакатимизнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш, халқимиз турмуш фаровонлигини яхшилашга хизмат қиладиган энг зарур қонунларни қабул қилиш йўлларини белгилаб берганлиги билан жуда муҳим сиёсий воқеа бўлди. Эндиликда ҳамма гап- буларни чуқур англаб етиш, идрок этиш ва ижро этишда қолмоқда.

Олдимизда катта марралар турибди. Ватанимиз равнақи, ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш учун барчамиз ҳамжиҳат, бир-биримизга елкадош бўлиб, бор билим, тажрибамиз ва куч-ғайратимизни сафарбар этсак, илм-маърифат билан шуғуллансак, албатта, юксак марраларни шараф билан эгаллаймиз.

Қувондиқ САНАҚУЛОВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси,
Навоий кон-металлургия комбинати бош директори

1 418
ЎзА