ЎзА Ўзбек

15.08.2018 16:34 Чоп этиш версияси

Илм-фанга йўналтирилган маблағлар ижроси нега депутатлар танқидига учради?

Илм-фанга йўналтирилган маблағлар ижроси нега депутатлар танқидига учради?
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ижросида ижтимоий харажатларнинг 2018 йил I ярим йиллик режаси бўйича ажратилган маблағлар тўлиқ ўзлаштирилмади. Мактабгача таълим муассасаларига болаларни қамраб олишда айрим ҳудудларда ўсиш кузатилмаяпти. Нега? Инновацион, илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва “стартап” лойиҳаларини молиялаштириш учун қанча маблағ ажратилди?

Adolat_sotsial-demokratik_partiyasi.png
Парламент қуйи палатаси Матбуот хизмати хабар қилишича, жорий йил 14 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясида муҳокама қилинган Давлат бюджети ижросининг 2018 йилнинг I ярим йиллиги якунлари тўғрисидаги ҳисоботда депутатларни қизиқтирган шу каби қатор масалалар қизғин муҳокама этилди. Фракция аъзолари Давлат бюджетининг ижроси муҳокамасида социал-демократик ғояларга таянган ҳолда, асосий эътиборни ижтимоий соҳаларда амалга оширилган ишларга қаратдилар.

Таъкидланганидек, ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 18 378,5 миллиард сўм ёки умумий харажатларнинг 55,7 фоизи миқдорида маблағ сарфланди. Бу харажатлар ЯИМга нисбатан 12 фоизни ташкил этади.

Фракция аъзолари 2018 йилнинг I ярим йиллигида таълим тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, таълим стандартлари ва дастурларини такомиллаштириш, шунингдек таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашни давом эттириш масалаларига устувор аҳамият қаратилганини алоҳида эътироф этдилар. Хусусан, ижтимоий харажатларнинг асосий қисмини ташкил этган таълим тизими муассасаларини сақлаш ва уларни ривожлантириш харажатларига Давлат бюджетидан ажратилган 9 586,9 миллиард сўм маблағнинг қай даражада мақсадли ишлатилгани депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди.

Шунингдек, партия дастурий ғояларидан келиб чиқиб, илм-фанни ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган маблағлар ижроси ҳам алоҳида кўриб чиқилди. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида мавжуд 300 дан ортиқ илмий-тадқиқот марказлари, илмий-ишлаб чиқариш ташкилотлари ва инновацион марказлар учун ҳисобот даврида Давлат бюджетидан 168 миллиард сўм йўналтириш режалаштирилган бўлиб, шундан 43 миллиард сўм маблағлар ўзлаштирилмагани депутатлар томонидан жиддий камчилик сифатида қайд этилди.

Инновацион, илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик, “стартап” лойиҳаларини амалга оширишга қаратилган Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан 50 миллиард сўм миқдорида бюджет маблағлари ажратилгани Ўзбекистон келажагини инновацион иқтисодиётда деб ҳисобловчи “Адолат” СДП фракцияси аъзолари томонидан алоҳида эътироф этилди. Чунки, бу соҳага ажратилаётган маблағлар миқдорини ошириб бориш мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарор ривожланиши ва аҳоли фаровонлиги гарови экани таъкидланди.

Бундан ташқари, мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилаётганига қарамасдан, қамров даражаси Қорақалпоғистон Республикасида 8,4 фоизга, Тошкент шаҳрида 19,5 фоизга, Самарқанд вилоятида 2,5 фоизга камайгани мазкур соҳада парламент ва депутатлик назоратини янада кучайтириш лозимлигини кўрсатмоқда.

Муҳокамалар жараёнида Ўзбекистон «Адолат» СДП сайловолди дастуридан ўрин олган соғлиқни сақлаш секторини ривожлантириш, унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтирилган маблағлар ижроси ҳам фракция аъзолари диққат марказида бўлди.

Йиғилишда соғлиқни сақлаш муассасаларини замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш билан бирга касалликларнинг профилактикасига қаратилган чора-тадбирларни кучайтиришга йўналтирилган маблағлар таҳлил этилди. Хусусан, 2018 йилнинг ўтган 6 ойида профилактика хизматларига 1288,1 миллиард сўм, яъни соҳага ажратилган маблағларнинг 30,8 фоизи йўналтирилганини эътироф этиш баробарида депутатлар ушбу маблағларнинг мақсадли сарфланишига алоҳида эътибор қаратдилар.

Бундан ташқари, 2018 йилда тез тиббий ёрдамни молиялаштириш ҳажми оширилди. Яъни, республика бўйича ҳар бир чақирув қиймати 5 минг сўмга етказилди (бу 2017 йилга нисбатан 2,3 баробарга кўп), ҳудудлардаги тез тиббий ёрдам бригадаларини марказлашган тарзда дори воситалари ва тиббиётда қўлланиш учун мўлжалланган буюмлар билан таъминлаш тартиби жорий этилди.

Қизғин муҳокамалардан сўнг фракция аъзолари Ўзбекистон «Адолат» СДПнинг дастурий мақсадлари нуқтаи назаридан келиб чиқиб, ўз таклиф ва тавсияларини билдирдилар.

ЎзА
5 413