Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.08.2018 20:45 Чоп этиш версияси

Иллатнинг олдини олган афзал

Инсон ўткир спиртли ичимлик тайёрлашни ўрганиб олгандан буён ушбу офат домига тушиб қолмаслик учун курашиб келади. Афсуски, бугунги кунга келиб, ҳатто ўсмир ёшлар ўртасида ҳам ичкиликбозлик, кашандалик, гиёҳвандлик сингари иллатларга ружу қўйиш ҳолатлари кўпаймоқда.

Албатта, ҳеч ким кашанда, гиёҳванд ёки "туғма ичувчи" бўлиб дунёга келмайди. Бунга кўпроқ муҳит таъсир ўтказади, бир неча омиллар сабаб шу кўйга тушади. Масалан, туғилган кун, турли оилавий тадбирлар ва тўй-тантаналарда аксар ҳолларда биз, катталарнинг қистови билан "оз-оз"дан бошланади. Бора-бора бу одат тусига киради. Тунги клуб, ресторан ёки барда тун ярмигача қолиб спиртли ичимлик истеъмол қилиш эса бу иллат домига тушиб қолганликни англатади. Айниқса, ёшлар ўртасида ичкиликбозлик каби тузалиши қийин бўлган "вабо" тарқалишига ота-оналарнинг ўз юмуши билан бандлиги, болаларни назоратсиз қолдириши, оилавий низолар, ортиқча бойлик орттиришга ружу қўйиш ва бошқа омиллар сабаб бўлмоқда. Натижада ичкилик оқибатида содир этилаётган оғир жиноятлар, зўравонлик, тан жароҳати етказиш каби жирканч ҳодисаларга гувоҳ бўлаяпмиз. Хўш, бу муаммони қандай ечиш мумкин?

Европа мамлакатларида ҳам спиртли ичимликлар истеъмолига маълум бир чекловлар мавжуд. Масалан, Туркиянинг Анталия вилоятида расмий меҳмонхона ва ичкилик ичиладиган манзиллардан ташқарида алкоголь истеъмол қилиш тақиқланган. Тақиқ парклар, боғлар, хиёбонлар, турар жой даҳалари ва сайр ҳудудларига тааллуқли. Шунингдек, спиртли ичимликни атрофдагилар норозилигига сабаб бўладиган тарзда истеъмол қилиш ҳам ман этилган. Мазкур чекловларга риоя қилмаганлар 100 турк лираси (28 АҚШ доллари) миқдорида жаримага тортилади. Ушбу давлатда кечки соат 23.00 дан сўнг спиртли ичимликлар сотилмайди. Украинада эса спиртли ичимлик 22.00 гача сотилади, холос. Ундан кейин бу "бало" билан савдо қилишга қонун йўл бермайди. 

Шундай экан, бизнинг юртимизда ҳам мазкур иллатнинг олдини олиш мақсадида алкоголли ичимликларни кеч соат 21.00 дан кейин сотишни тақиқлаш ташаббуси кенг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Ўз келажагини ўйлаган жамият шундай йўл тутмоғи ҳар томонлама ўринли ва мақсадга мувофиқ бўлади.

Жўлдас Абдужамилов, 
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.        

ЎзА
8 554