ЎзА Ўзбек

13.07.2018 17:05 Чоп этиш версияси

Иллатга қарши биргаликда курашамиз

Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши томонидан Тошкент шаҳар Давлат санитария ва эпидемиология марказида “Тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси остида “Тараққиёт кушандаси” мавзусида тадбир бўлиб ўтди.

Терроризм ва дин ниқобидаги сиёсий экстремизм — миллий, этник, диний ва ҳудудий хусусиятини йўқотиб, халқаро муаммога айланди. Шунинг учун ҳам ёшларда бу каби иллатларга қарши иммунитет яратиш, ғоявий ҳужумларга таслим бўлмаслик учун барча давлат ва жамоат идоралари, маҳаллалар, таълим масканлари бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиши лозим. 

Тадбирда сўз олганлар ислом динини ниқоб қилиб, ноинсоний ҳаракатларни олиб бораётган террорчилик ташкилотлари ўзбекистонлик ёшларни ҳам четлаб ўтмаётганини алоҳида қайд этдилар. Бу борада Президентимиз ташаббуси билан ўз хатосини англаб, тўғри йўлга қайтган ёшларни халқимизга хос бағрикенглик асосида кечириб, ота-онаси бағрига қайтариш ишлари якдиллик билан олиб борилмоқда. Бугунга қадар юзлаб адашган ёшлар йўл қўйган хатосидан пушаймон эканини тан олиб, мамлакат равнақига ҳисса қўшишга бел боғлагани олиб борилаётган ислоҳотлар тўғри эканлигидан далолатдир.

Йиғилишда ҳуқуқ тартибот ташкилотлари томонидан диний экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолган фуқароларни ижтимоий ҳаётга қайтариш, ёшларни ёт маданият таъсирларидан асраб-авайлаш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларнинг натижалари ҳақида тўхталиб ўтишди. 

Фуқароларнинг мафкуравий иммунитетини ошириш ва маънавиятини юксалтириш юзасидан фикр алмашилди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА
8 648