ЎзА Ўзбек

23.05.2020 Чоп этиш версияси

Қилган ишимдан жуда ҳам афсусдаман…

Қилган ишимдан жуда ҳам афсусдаман…

Президентимизнинг “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонига кўра, жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахслар афв этилди. Уларнинг орасида Қорақалпоғистон Республикасидан 10 нафар фуқаро ҳам бор.

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ахборот хизматининг ЎзА мухбирига маълум қилишича, афв этилган шахсларнинг 1 нафари асосий жазодан озод этилди, 4 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 5 нафарининг эса тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари иккидан бир қисмига қисқартирилди.

Инсон ҳаётда билиб билмай хатога йўл қўйиши мумкин. Агар у қилган қилмишини тан олиб, астойдил пушаймон бўлса кечирилади. Ана шундай ҳуқуқбузарлик ва жиноят йўлига адашиб кирган, содир этган қилмишидан чин кўнгилдан афсусланганлар орасида Беруний туманидан Ислом Султанов ҳам бор.

– Cаҳоват ва мурувват ойи, муборак Рамазон айёми бу йил менга қўшалоқ қувонч олиб келди, – дейди Ислом Султанов. –Россия Федерацияда ишлаб юрганимда ёшлик қилибми, билиб-билмай жиноят йўлига кириб қолдим. Бундан жудаям афсусдаман. Фармон билан байрам арафасида уйга, оилам бағрига қайтдим. Бунинг учун Президентимизга миннатдорлик билдираман.

Дарҳақиқат, бир гуруҳ ҳамюртларимизнинг оиласи ва яқинлари бағрига қайтгани халқимизга хос меҳр-оқибат, эзгулик, хайр-саховат каби олижаноб фазилатларнинг ёрқин ифодаси бўлди.

1 230
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА