Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

06.08.2018 23:59 Чоп этиш версияси

Илдизи асрларга туташ дўстлик

Илдизи асрларга туташ дўстлик Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Абдураҳмон Жомий ижод намуналари жамланган "Муҳаббат махзани" номли китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирга ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, таржимонлар, юртимизда фаолият кўрсатаётган миллий маданият маркази фаоллари, ёш ижодкорлар таклиф этилди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси С.Саййид, Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Б.Абдуҳалимов, Тожикистон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Содиқ Имомий ва бошқалар азал-азалдан тарихи, тили, эътиқоди, анъана ва урф-одатлари муштарак бўлган ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари янги ривожланиш босқичига кирганини таъкидлади. Жумладан, жорий йилнинг март ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикасига давлат ташрифи халқларимиз ўртасидаги қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлашда янгидан-янги истиқболларни очмоқда.

Тадбирда таъкидланганидек, халқларимиз ўртасидаги ҳамжиҳатлик илдизлари асрларга туташ экани билан диққатга сазовордир. Бу жиҳатлар Абдураҳмон Жомий ҳамда Ҳазрат Навоий ўртасидаги ўзаро меҳр, самимият, қадрдонликка йўғрилган устоз-шогирдлик муносабатларида ҳам яққол намоён бўлади. Манбаларда келтирилишича, буюк шоир бобокалонимизнинг Жомийга ҳурмати шу даражада баланд эдики, у "Хамса"нинг барча достонларида, шу билан бирга, "Насоим ул-муҳаббат", "Мажолис ун-нафоис" ва бошқа кўплаб асарларида устозининг эзгу фазилатларини чин дилдан таърифу тавсиф этади. Ўз навбатида Абдураҳмон Жомий ҳам Алишер Навоий ижодини юксак қадрлагани тарихий манбалардан яхши маълум.

4 (1).JPG

Жомий асарларини халқимиз ҳамиша севиб мутолаа қилади. Навоий, Бобур, Убайдий, Амирий, Нодира, Увайсий, Мунис, Огаҳий, Завқий сингари шоирларимиз унинг ғазалларига мухаммаслар боғлаб, асарларига шарҳлар ёзган. Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар фондида Абдураҳмон Жомийнинг бир қатор асарлари қўлёзма нусхалари сақланмоқда.

– Аллома боболаримиз қадрдонлар дийдори барчасидан улуғ ва афзалроқ эканини ўз асарларида айтиб ўтганлар, – дейди Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи раиси, Тожикистон халқ шоири Низом Қосим. – Ижод аҳли учун қад ростлаган бундай ажойиб бино мамлакатингиз раҳбариятининг миллий адабиётга, маънавиятга кўрсатаётган чексиз эътиборининг яққол намунасидир. Ҳазрат Жомий ва Алишер Навоий ўртасидаги самимий ва дўстона муносабатлар барча авлод вакиллари учун чин маънода ибрат намунасидир. Ташкилотимиздаги алоҳида шўъбада 30 га яқин ўзбек тилида ижод қилувчи адиб ва шоирлар меҳнат қилади. Шу билан бирга "Муҳаббат армуғони" деб номланган катта адабий тўпламни нашрга ҳозирладик. Замонавий ўзбек адабиёти антологияси бўлган ушбу китобда Ғафур Ғулом, Шуҳрат, Зулфия ва бошқа кўплаб ўзбек адиб ва шоирларининг ижод намуналари келтирилган. Ўзбекистон Ёзучилар уюшмаси билан ҳамкорликни янада кенгайтиришни мақсад этганмиз.

Мазкур нашр Президентимизнинг "Мумтоз шеъриятнинг порлоқ юлдузи" сарлавҳали сўзбошиси билан бошлангани диқатга сазовор. Адабиётшуносларнинг фикрича, "Муҳаббат махзани" китобида Абдураҳмон Жомийнинг беназир сиймо, ўлмас сўз санъаткори, қомусий аллома, шоир ва мутафаккир сифатидаги қирралари яққол намоён бўлган. Китобда унинг ғазаллари, қитъа ва рубойиларидан намуналар, "Юсуф ва Зулайҳо", "Искандар Хирадномаси" достонлари, "Силсилат уз-заҳаб" достонидан боблар, "Баҳористон" асари, Алишер Навоийга ёзган мактубларидан намуналар келтирилган.

Тадбир доирасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Назокат Усмонова, Аъло Абдуллаев (сурат) ЎзА