ЎзА Ўзбек

09.07.2018 16:45 Чоп этиш версияси

Илдиз отаётган “урф-одат”лар қачон барҳам топади?

Илдиз отаётган “урф-одат”лар қачон барҳам топади?
Шаҳар сари одимлаган “Дамас”да йўловчилар турли мавзуларда гурунглашиб борардик. Ёши ўттизлар атрофидаги аёлнинг тўй ҳақидаги гапидан кейин суҳбат беихтиёр бугунги тўйлар, қудалар ўртасидаги “олди-берди” ва водий вилоятларида авж олиб бораётган мазарга уланиб кетди.

— Дадам бечора оддий ишчи бўлса ҳам, бизни беками-кўст қилиб, турмушга узатган, — дея гап бошлади ўша аёл. — Бир ойча бўлиб қолди, кенжа синглимни Фарғонадаги қишлоқлардан бирига узатдик. Оиламизда бошқа фарзанд бўлмаганлиги боис, ота-онамни қийнамай, деб ҳар куни мазар ташийман. Ҳозир ҳам эрталабки нонушта ва тушликни бир қилиб олиб кетяпман. Қудалар кўнгил учун бўлса ҳам, “Етар, энди олиб келманглар”, деган сўзни айтишмаяпти. Улар оилавий шароитимизни яхши билишади. Буни тўғри тушунишса бўларди. Дадам бир корхонада оддий қоровул. Онам эса уйда ўтиради. Бунинг устига, ўғлим катта невара бўлганлиги учун унга кузда хатна тўйи қилмоқчимиз. Ўғлимга қўшиб менга ва турмуш ўртоғимга қайнона-қайнотам, асосийси, овсинларимнинг ёнида уялтирмайдиган даражада сарпо-суруғ қилиш керак. Ота-онамга бўлди, энди мазар олиб бормаймиз, десам, улар синглимни хафа бўлиб, янги тушган оиласида изза бўлишидан хавотир олишяпти... 

— Синглим, нимасини айтасиз, бугун тўй-маросимларнинг ортиқча машмаша ва ҳашамлари кўпайиб кетди. Мазари энди ортиқча. Унинг келишига кўз тикиб ўтирадиган бети қаттиқ қайнота-қайноналар энсангни қотиради, — дея гапга аралашди ҳайдовчи. — Яқинда бир танишим қўшни туманга қизини узатганди. Тўйдан кейин тўрт ҳафта тинмай мазар берди. Қизи телефон қилиб, “қайнонам уйдагиларингизга айтинг, ҳали уни, ҳали буни олиб келсинлар”, деб айтибди. Бир куни сабр косаси тўлган танишим тонг саҳарлаб телефон қилиб, уйига юк машинам билан боришимни илтимос қилди. Борсам, салкам уч миллионга сотиладиган новвосини машинамга юклади. Сўнг келинчак қизининг уйига бордик. Дарвоза очган эркак қуда бизни кўриб, ҳайратланди. Қизнинг дадаси жаҳл билан: “Қуда, мана шу молни ўзларинг сўйиб, еб ўтиринглар”, деди ва машинага ўтириб, ортга қайтдик. Бир неча кун ўтгач, суриштирсам, куёв томон уялганидан “тирик мазар”ни қайтариб юборибди ва мазар олиб бормасликни илтимос қилибди...

Қизғин суҳбатни тинглаб кетаётган эллик ёшларга кирган бир аёл ҳам кўнглидагиларини дастурхон қилди...

— Ҳа, бугун турмушимизда бундай ҳолатларнинг кўпини учратиш мумкин. Ўтган йили қўшним бир кунда қўш келин олди. Иккала келин ҳам қўшни маҳалланинг қизлари. Оиласи, ота-оналари ҳам бизга яхши таниш. Ишонсаларинг, ҳар икки оиладан қирқ кун тинмай мазар келди. Қўшним неча бор айтди, барибир “рақобат” тўхтамади. Ҳар замонда бизга ҳам турли егуликлар тортиқ қилади. Бу ҳолатни кўриб, жуда ҳам хафа бўлдим. Уларнинг “мен сендан қоламанми” қабилидаги хатти-ҳаракатлари, исроф, увол нима эканлигини билмасликлари мени ранжитди. Ҳозир эса бу икки келин бир-бири билан тескари, кунора жанжаллашади. Қўшним ҳам қай бирига бўлишни билмай, боши қотади. Ота-она биринчи галда фарзандига яхши таълим-тарбия бериб, одобли-ахлоқли қилиб ўстириши керак.

Ҳамроҳларимнинг ҳаётий воқеаларини эшитиб, манзилга қандай етиб келганимни ҳам билмай қолдим. Бу суҳбатларни хаёлимдан ўтказарканман, бугун ёш оилалар ва қудалар орасига тушаётган совуқчиликнинг, турли келишмовчиликларнинг, можароларнинг бир учи тўйдан кейинги маросимларга бориб тақалишини англаб етдим.

Аслида тўйдан кейин қирқ кунгача овқат билан йўқлаш шартми? Кимдир обрў қозониш учун, кимдир ўзини кўрсатиш учун қилаётган бу ортиқча сарф-харажат кимнингдир “бели синишига” сабаб бўляпти. Неча йиллардан буён бот-бот турли йиғинларда, оммавий ахборот воситаларида мазарнинг кераксиз дахмаза эканлиги, уни йўқотиш зарурлиги айтиб келинади. Лекин, ҳеч қандай ижобий натижа йўқ. Янги-янги қўшимчалар билан кучаймоқдаки, аммо, пасаймаяпти. Бугун тўйларни камхарж қилиб ўтказиш, дабдабабозлик ва ҳашамларнинг олдини олиш бўйича тарғибот-тушунтириш ишлари олиб бориляпти. Аммо тўй ўтгач, “илдиз” отаётган янги-янги “урф-одат”ларга барҳам бериш борасида ҳали қилиниши зарур бўлган ишларимиз талай эканлиги жудаям ачинарлидир.

Хуллас, тўй-маросимлардаги ортиқча сарф-харажатлар, мазарларнинг олдини олиш, исрофгарчиликка йўл қўймаслик учун барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, “кўрпамизга қараб оёқ узатсак”, мақсадга мувофиқ бўларди. Шундай эмасми, азиз юртдошим?

Миролим Исажонов
20 423