Илғор пахтакор фермерга “Тracker” автомобили совға қилинди
Пахта етиштириш бўйича жорий мавсумдаги контрактация шартномаларини ортиғи билан бажарган Элликқалъа туманидаги “Рўзимбой бобо” фермер хўжалиги раҳбари Телман Султановга “Boʻston Cluster” масъулияти чекланган жамияти томонидан “Tracker” автомобили совға қилинди.
Пахта етиштириш бўйича жорий мавсумдаги контрактация шартномаларини ортиғи билан бажарган Элликқалъа туманидаги “Рўзимбой бобо” фермер хўжалиги раҳбари Телман Султановга “Boʻston Cluster” масъулияти чекланган жамияти томонидан “Tracker” автомобили совға қилинди.
Фермер хўжалиги белгиланган 212 тонна ўрнига 280 тонна пахта етиштирди. Ҳосилдорлик ўртача 40 центнерга етказилди. Далалардаги қолган ҳосилни ҳисоб-китоб қилиб яна қўшимча 50 тонна пахта етиштириш режалаштирилмоқда.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда туман ҳокими С.Авезов, ҳудуддаги фермер хўжалиги раҳбарлари ва теримчилар иштирок этди.
Пахтани йиғиб-териб олишда меҳнат қилаётган ҳашарчи ва ишчилар туман ҳокимлиги томонидан ҳам қимматбаҳо эсдалик совғалар билан тақдирланди. Ҳашарчиларга дастурхон ёзилиб, бир пиёла чой устида суҳбат қурилди.
– Жорий йилда пахтачиликка ихтисослашган 223 та фермер хўжалиги “Boʻston Cluster” масъулияти чекланган жамияти билан шартнома тузиб, бугунги кунга 60 дан зиёд фермер хўжалиги шартномавий режасини бажарди, – дейди Элликқалъа тумани ҳокими ўринбосари Д.Кабулов. – Улардан “Қирққизобод” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Элим толаси”, “Рўзимбой бобо”, “Гулдурсин” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Гулдурсин парвози” фермер хўжаликлари юқори натижаларга эришиб, бошқаларга ўрнак бўлмоқда.
Туман пахтакорлари давлатга 24 минг 290 тонна пахта топшириш шартномавий режасини яқин кунларда бажаришни мўлжаллашмоқда.