Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

02.08.2018 18:24 Чоп этиш версияси

Илҳомбахш тарихий учрашув

ge90eJrIpK9sbNEv_ZajOc4JuSX4Q0a1.jpg2017 йил 3 август куни Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашди. Шу кун маънавий ҳаётимизда янги саҳифа очилган сана сифатида ёдда қолди. Учрашувда ҳар бир йўналиш бўйича муаммо ва камчиликлар теран ва чуқур таҳлил этилиб, мавжуд ҳолатни тубдан яхшилаш бўйича топшириқлар берилди.

Шу учрашувдан сўнг ҳар бир ижодкор, маданият ва санъат соҳаси вакили фаолиятини холис, танқидий-таҳлилий назардан ўтказа бошлади. Йиллар давомида йиғилиб келган муаммо ва камчиликларни бартараф этишга оид долзарб вазифалар белгиланди. Орадан кўп ўтмай бу камчиликларни ҳуқуқий жиҳатдан бартараф этиш мақсадида бир қатор қарор ва фармонлар қабул қилинди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 18 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш тўғрисида”ги қарори барчамизга қанот бағишлади. Қарор ижроси доирасида бир қатор тарихий ўзгаришлар амалга ошди. Маданият вазирлиги ўз биносига эга бўлди. Юртимиздаги етакчи ижодий ташкилотларнинг “дўстлари клуби” ташкил этилди. Буни ижод аҳли катта қувонч билан қарши олди, кўнгли ўсди.

Бунга мисол кўп. Ўзбек Миллий академик драма театрига ҳомий сифатида бириктирилган “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти билан икки йиллик аниқ чора-тадбирлар ҳамда беш йиллик режа тасдиқланди. Театрнинг кичик томошалар зали, электр тармоқлари, тикув цехининг том қисми, дурадгорлик устахонаси, электр тармоғи таъмирланди. Қўшимча видеокузатув мосламалари ўрнатилди. Театр гримхоналари учун янги техник жиҳозлар харид қилинди. Кўрсатилган ҳомийлик ишларига умумий ҳисобда 9 миллиард сўм сарфланди.

Ўзбекистон давлат қўғирчоқ театри “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси билан 2017-2021 йиллар давомида ҳамкорлик қилиш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқди. Театр жамоаси Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида ўтказган гастроль сафарига 12 миллион сўм миқдорида ҳомийлик қилинди. Шу билан бирга янги саҳналаштириладиган “Тўмарис” спектакли ва Янги йил тадбирларини амалга ошириш учун сарф-харажатлар сметасига кўра 29 миллион сўм маблағ театр ҳисобидан, 71 миллион сўм “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси томонидан қопланди.

Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театри ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ўртасида мавжуд режа асосида театр биноси олдига катта ҳажмдаги электрон экран жойлаштирилди. Ижодий жамоанинг “Масхарабоз” шоу дастури билан Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида бўлиб ўтадиган гастроль сафарлари учун 113 миллион сўм маблағлар ажратилди.

Эзгу мақсад йўлидаги ҳомийлик кўмаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри, Ўзбекистон давлат академик рус драма театри, “Томоша” болалар театр-студияси, “Дийдор” режиссёрлик ва актёрлик маҳорати театр-студияси фаолиятини қўллаб-қувватлаш, янги-янги ижодий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, ижодкорларга мадад кўрсатишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу йўналишда вилоятларимизда фаолият юритаётган ижодий жамоаларга ҳам улкан ҳомийлик ишлари кўрсатилдики, қилинган эзгу ишларни санаб адоғига етиш қийин.

Сўз ва амал уйғунлиги бугунги ислоҳотларнинг таъсирчанлигини ошираяпти, десак айни ҳақиқат. Зеро, бир йил аввалги учрашувда илгари сурилган таклифлар таҳлилига холис назар ташласак, маданий-маърифий ҳаётимиз учун ғоят муҳим масалалар ҳал этилаётганига амин бўламиз. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 январдаги “2018-2022 йилларда давлат театрларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Давлатимиз раҳбари ўша учрашувда бугунги кино ва спектаклларнинг савияси, халқ артистларининг масъулияти, уларнинг ижтимоий бурчи, ёшлар тарбиясидаги ўрни ҳақида куюнчаклик билан фикр билдирган эди. Дарҳақиқат, бу йўналишда камчиликлар кўп. Томошанбинга, айниқса, ёшларга ибрат бўладиган саҳна асарлари яратиш борасида тилга олишга арзигулик ишлар қилингани йўқ. Шундан келиб чиқиб, муҳим ва долзарб мавзуларда асарлар яратишга ижтимоий буюртма бериш юзасидан режа ишлаб чиқилиб, тасдиқланди.

Таниқли ёзувчи ва драматурглар билан “Миллий драматургия: муаммо ва ечимлар” мавзусидаги илмий-амалий анжуман ўтказилди. Унда киночилар, журналистлар, театршунослар, адиб ва шоирлар, санъатшунос олимлар, театр директорлари, бош режиссёрлар, адабий эмакдошлар, драматурглар билан ҳозирда замонамиз қаҳрамонлари образи яратиш ва драматургияни тубдан ислоҳ қилиш масалаларига эътибор қаратилди.

Юртимизнинг бир қатор театрларида Шароф Бошбековнинг “Ер барибир айланаверади” асари, Қўчқор Норқобилнинг “Азизим, табассум қил”, Эркин Хушвақтовнинг “Жаҳолат” асарлари, Нурилла Абдуллаевнинг “Қўқоннинг ўн икки дарвозаси”, Жўрабек Рўзметовнинг “Қудуқ” номли драмалари, “Халқ бўл, элим” номли театрлаштирилган композиция саҳналаштирилди. 2017 йил 14-15 октябрь кунлари Хоразм вилоят мусиқали драма театрида “Энг яхши драматик асарлар” танлови эълон қилинди ва унда замонавий мавзудаги асарларни саралашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Танловга тақдим этилган энг яхши замонавий мавзудаги асарлар саралаб олиниб, юртимиз театрларида саҳналаштирилмоқда.

Ижодкор зиёлиларнинг ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйиш бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режасида Ўзбекистон композиторлар ва бастакорлари уюшмаси, Журналистлар ижодий уюшмаси, “Ўзбеккино“ миллий агентлиги, Ёзувчилар уюшмаси ва Маданият вазирлиги билан ҳамкорликда доимий тарзда ишлар амалга оширилиши кўзда тутилди.

Тизимдаги олий таълим муассасаларида ҳам ислоҳотлар олиб борилмоқда. Президентимизнинг соҳага тааллуқли қарори ва унинг 2-иловасида кўрсатилган “Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиалини ташкил этиш, унинг моддий-техника базасини шакллантириш, ўқув ва илмий-педагогик таъминлаш чора-тадбирлари дастури” асосида Қўқон шаҳрида институтнинг филиали ташкил этилди. Унинг ахборот-ресурс маркази 700 дан ортиқ илмий, бадиий ва ўқув-услубий адабиётлар ҳамда 12 мингдан зиёд электрон версиядаги адабиётлар билан бойитилди.

Ўзбекистон давлат консерваториясининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва модернизация қилиш юзасидан Миллий банк билан ҳамкорликда 2017-2019 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб тасдиқланди. Маданият вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимиятининг 2017 йил 21 августдаги қўшма қарори қабул қилиниб, Мирзо Улуғбек туманидаги Мустақиллик проспекти, 31-уйда жойлашган бино Ўзбекистон давлат консерваторияси балансига ўтказилди. Ўзбекистон давлат консерваториясини тубдан ислоҳ қилишга оид изчил саъй-ҳаракатлар давом этмоқда.

Маданият ва санъат ходимлари ҳамда давлат архивлари бошқарув ходимлари ва мутахассисларининг меҳнат ҳақи миқдорлари ўртача 45 фоизга оширилди ҳамда лавозим маошлари ўртасидаги тафовутни кучайтириш ҳисобига касбий ўсишни рағбатлантиришга эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон давлат филармонияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори мамлакатимизда мусиқа ҳамда рақс санъатини ривожлантириш, мусиқа ижрочилари ва рақс жамоалари ижодини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришга мустаҳкам таянч бўладиган ҳуқуқий асос бўлди. Унинг ижросини таъминлаш юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси келишилмоқда.

Соҳага кўрсатилаётган эътибор самарасида Маданият вазирлиги ҳузурида Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси фаолият кўрсатмоқда. Жамғарма халқаро тажрибани қўллаш орқали маданият муассасаларининг фаолиятини қайта тиклаш, янгилаш ва ислоҳ қилиш, маданий ҳомийлик каби муҳим вазифалар билан шуғулланади. Қисқа вақт ичида жамғарма маданият ва санъат соҳасида халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш, соҳага инновацион усулларни жорий этишга оид кўплаб лойиҳаларга муаллифлик қилди. Президентимизнинг жорий йил май ойида Америка Қўшма Штатларига расмий ташрифи давомида жамғарма Вашингтоннинг Смитсон институти билан ҳамкорлик битими имзоланишига эришди. Институт инсоният маданий мероси муҳофазаси билан шуғулланиб, имзоланган битим ҳамкорликда тадқиқот ишлари олиб бориш, илмий ишлар чоп этиш, кўргазма фаолияти билан боғлиқ масалаларни ўз ичига олади. Қолаверса, Париждаги жаҳоннинг йирик музейи Луврдан Ўзбекистонга ташриф буюрган делегация билан илк бор ўзбек миллий кўргазмасини Луврда ўтказишга келишилганлиги ҳам жамғарманинг ютуғидир.

Миллий мақом санъатини келгуси авлодларга етказиш ва уни хорижда ҳам кенг тарғиб этиш мақсадида Ўзбек миллий мақом санъати маркази ташкил этилди. 6-10 сентябрда Шаҳрисабзда Халқаро мақом санъати анжуманини юксак савияда ўтказиш белгиланган. Унда хорижий давлатлардан таниқли мусиқашунос олимлар, санъаткорлар, ижодий жамоалар ва мутахассислар иштирок этади. Ҳозир ушбу йирик халқаро анжуманга жиддий тайёргарлик кўрилмоқда.

Шу билан бирга, маданият ва санъат муассасаларини давлат томонидан қўллаб-қувватланишнинг самарали тизимини яратиш мақсадида куни кеча Президентимизнинг “Маданият ва санъат соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш учун шарт-шароитларни яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тасдиқланди.

Маданият ва санъат соҳасига қаратилаётган юксак эътибор, ишончни ҳамиша ҳис этмоқдамиз. Бу ишонч эса бизга чексиз илҳом бағишлайди. Давлатимиз раҳбарининг “Инсон қалбини, унинг дарду ташвишларини, халқнинг орзу-интилишлари, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини бетакрор сўз, оҳанг ва рангларда тараннум этишни ўз ҳаётининг маъно-мазмуни деб биладиган сиз, муҳтарам ижод аҳлининг меҳнати нақадар машаққатли, масъулиятли ва шарафли эканини барчамиз яхши биламиз. Мен сизларнинг кўпчилигингизни узоқ йиллардан буён яқиндан танийман, асарларингизни ўқиганман, сизлар яратган куй-қўшиқларни, картиналар, фильм ва спектаклларни доимо катта қизиқиш билан тинглаб, томоша қилиб келаман. Бир сўз билан айтганда, адабиёт ва санъатнинг чинакам мухлиси бўлиш насиб этганидан бахтиёрман”.

Бир йил аввал янграган бу сўзлар, бундай юксак эътироф соҳа ходимларига бемисл куч-ғайрат, шижоат бахш этмоқда. Бинобарин, инсон ҳар доим эзгу ният билан яшайди. Яхшиликни дилига тугиб, жамиятга, юртга наф келтиришдек хайрли амаллар, албатта, ўз самарасини беради.

Бахтиёр Сайфуллаев,
Ўзбекистон Республикаси маданият вазири.

ЎзА