Иккинчи жаҳон уруши. Ўзбекистон. Жасорат солномаси (9-қисм)
Яна олти ойдан кейин бутун инсоният Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Буюк Ғалабанинг 75 йиллигини тантанали нишонлайди.
Яна олти ойдан кейин бутун инсоният Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Буюк Ғалабанинг 75 йиллигини тантанали нишонлайди.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) 30 октябрдан бошлаб Иккинчи жаҳон урушида ўзбекистонлик жангчиларнинг жасоратлари тўғрисида туркум материаллар беришни бошлади. Унда жаҳон урушининг дастлабки азобини тортган Брест қалъаси, Москва, Ленинград, Сталинград шаҳарлари, Европа давлатлари ва, ниҳоят, уруш олови ёқилган Германия ҳамда унинг пойтахти Берлин шаҳри учун бўлган жангларда собиқ совет армияси сафида ҳамда партизанлик ҳаракатларидаги ўзбек жангчиларининг қаҳрамонликлари тўғрисида ҳикоя қилинади.
IX қисм
Академик, мунаққид, мерган жангчи
Иккинчи жаҳон уруши тарихидан. Ўзбекистонлик жангчилар Ленинград қамалини ёриб ўтиш, Украина, Беларусь, Молдова ва Болтиқбўйи республикларини душмандан озод қилиш учун бўлган жангларда қаҳрамонлик намуналарини кўрсатдилар.
– Мен сизни кўраяпману, лекин фақат умумий қиёфангизни кўраяпман. Юз, кўз, қошларингизни аниқ, тиниқ кўраётганим йўқ, – деди салом-аликдан кейин, кимнидир қидириб, хонамга тасодифан кириб қолган ёши 80 лардан ошган бир зиёли киши.
У киши мени билмас эди, лекин мен бу инсонни яхши танир, қаттиқ ҳурмат қилар эдим. Ўткир нигоҳи, дурбинли мерган милтиғи билан Ленинградни фашистлардан ҳимоя қилган бу инсон дўстлари, ҳамкасблари, халқимиз томонидан алоҳида ҳурмат билан тилга олинар эди.
Биринчи учрашувимиз бўлса ҳам баҳонаи-сабаб бўлиб бироз суҳбатлашиб қолдик. Бу кишининг “сизни аниқ кўрмаяпман” деган сўзларини эшитиб, мен ич-ичимдан зил кетдим. Сабаби, кўзининг нури хиралашган бу инсон урушда линзалик мерганлар милтиғидан 60 дан ортиқ душман зобит ва снайперларини ер тишлатган, урушдан кейин адабий-танқидий мақола, тақриз, бадиий асарлар ёзиб, бир неча авлод қалбида ўзига нисбатан фақат меҳр, фахр ва ғурур ҳисларини уйғотган адиб эди.

Раҳматли домламиз Озод Шарафуддинов бу киши ҳақида:
– Агар у кишининг баданига чертсанг жаранг-жаранг этади, – деб таърифлаган эдилар.
– Сиз «морж»сиз-а, – дедим мен унинг қишин-ёзин очиқ оқар сувда чўмилишини эслаб.
– Бир йил бўлди ташлаганимга. Анҳор қирғоқларини яхши кўраолмай қолдим, – деди у.
Рўпарамда, аниқлашим бўйича, 85 баҳорни қарши олган машҳур мунаққид, филология фанлари доктори, академик Матёқуб Қўшчонов ўтирар эди.
– Мен кундуз кунлари осмонга қараб юлдузларни санар эдим, – деди у.
Ҳа, у ёшлигидан овчилик қилар, милтиқ отар, осмонда учиб кетаётган қушни бехато уриб туширишидан хабарим бор эди. Кўзлари бироз хиралашган Матёқуб ака Ленинград блокадасида 63 фашистни снайпер милтиги билан ер тишлатган эди. Шундан қарийб 10 нафари Матёқуб аканинг қуролдош дўстларини отиб жаҳаннамга жўнатган, пихини ёрган душман снайперлари эди.
– 14 ёшимда отам битта отни сотиб менга милтиқ совга қилган, – деди Матёқуб ака. Ҳа, айтгандек, мени яна бир «хоббиим» бор – қурувчиман, деди у негадир «хоббиим» сўзига алоҳида урғу бериб.
Энди бир айтди қўйди-да, дедим ўзимча мен. Лекин кейинроқ ўғли Қудрат акадан сўраганимда у: – Учта уй қурганлар. Отам кеч уйланган. Биз ёш эдик. Биринчиси – ҳозир яшаётган участкамизнинг деворларини кўтарган. Томини ёпиб, полларини қоққан. Қибрайда ўз қўллари билан дача қурган. Хожикентда ҳам чорбоғ барпо этганлар. 10 тонна тошни бир ғилдиракли арава билан ташийман деб, қуёш нури уриб, касалхонага тушиб қолдилар. Йўқ, дадамнинг организми бақувват. Бир-икки кун ётиб чиқиб кетдилар.
Бу гапларни эшитиб, мен кўп ўйга толдим ва ҳаёлан бу хатти-ҳаракатларнинг асл сабабларини қидирдим. Ниманидир топгандек ҳам бўлдим. Ахир Лев Толстой ҳам ижоддан бўш вақтларида қўш қўшиб, ер ҳайдаган эди-ку, деган фикр ўтди ҳаёлимдан.
1934 йил… 16 яшар Матёқуб Қўшчоновнинг орзуси бор эди. Чоржўйдаги педагогика техникумида ўқиб юрганида у бир куни ўқитувчисидан: – Устоз, агар одам ўқийверса-ўқийверса, профессор бўладими? – деб сўрайди. – Йўқ. Профессор бўлиш учун талант керак, – деб жавоб беради ўқитувчи.
…Талант дегани нима ўзи? Агар менда талант бўлмаса-я, – деб ич-ичини еган эди шунда ёш Матёқуб. Шундан сўнг у Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Алишер Навоий, Лев Толстой, Чехов, Тургенев, Шолоховларни тўхтамай ўқиди. Ҳаётда кўп нарсаларга эришди. Иккинчи жаҳон урушидан кейин Ўрта Осиё давлат университетига кириб уни битирди. Республиканинг олий даргоҳларида ишлади. Уруш тугаши арафасида бир куни у «Правда» газетасида Москвадаги Ижтимоий фанлар академиясига тингловчилар қабул қилинаётганлиги ҳақидаги эълонга кўзи тушиб қолади. У ана шу академияга ўқишга киришга қарор қилади. Айни академияга киришга тайёргарлик кўриш пайтида уни пахта теримига жалб қилишади. Чигит экиш кампанияси пайтида Хоразм вилоятида масъул бўлган Матёқуб Қўшчоновнинг жонига Шовот райкомининг шу пайтдаги иккинчи котиби Мадиёр Худойберганов оро кирди. У Матёқуб Қўшчоновни академияга киришга тайёргарлик кўриши учун шароит яратиб беради.
… «Кўз», «нур», «хира кўраяпман», «болалигимда кундуз кунлари осмонга қараб ётиб юлдузларни санардим», деган, Ленинград блокадасида Ладога кўлида 10 нафар душман снайпери ва командирларини узоқдан туриб пешонасига бехато урган, урушдан кейин эса бир неча ўн йиллар мобайнида ўқийвериб-ёзавериб кўз нурини йўқотган (ахир унинг ёзган китоблари 50 дан ортиқ) Матёқуб ака суҳбатдан бироз тўхтаб тин олди. Безовта қилганим йўқ.
Кўп кишиларнинг ҳақиқий машҳур бўлишида уларнинг ўткир хотиралари сабабчи бўлади, дейишади. – Матёқуб аканинг мияси – компьютер. Сиз ундан 20 йил муқаддам ўқиган китобидан сўранг, саҳифама-саҳифа, бобма-боб ёддан айтиб беради, – деган эди ўз дўсти ҳақида Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Одил Ёқубов.
60-йилларда ўзбек адабиётига адабий танқид соҳасида ўткир қалами, янги мавзулари, оригинал ёндашувлари билан кириб келган, дейлик, тўрт оғайни ботирлар: Одил Ёқубов, Озод Шарафуддинов, Пиримқул Қодиров ва Матёқуб Қўшчонов эди. Бизнинг бахтимиз – устозларимизда, – деб гапини давом эттирди Матёқуб ака. Улар эса ўзбек адабиётининг йирик дарғалари эди: Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор ва Шайхзода. Матёқуб Қўшчонов ижодий фаолиятининг чўққиси мафкура ҳар нарсадан устун турган тоталитар совет даврига тўғри келди. Шунга қарамай, у нафис адабиётга, юксак инсоний эътиқодига содиқ қолди. У ўз асарларида бир умр талантни, бадииятни ҳимоя қилди. У даврда бу осон иш эмас эди. Чунки талантни менсимаслик, ёзувчининг партиявий мафкурасига содиқлигини талантдан афзал кўриш – адабий сиёсатда ва амалиётда устун турарди. Адабиётимизда ғайрат билан ишлаётган бирорта талант йўқки, унга Қўшчоновнинг назари тушмаган бўлсин, бирорта истеъдодли ёш йўқки, у Қўшчоновдан мадад сўзи эшитмаган бўлсин. Унинг адабий доираларда маҳоратшунос-олим, «адабиётнинг жонкуяри» деб ном қозонгани бежиз эмас. Ўзбекистонда ўз вақтида ўз ижоди ҳақида М.Қўшчоновдан интизорлик билан фикр кутмаган ёзувчи бўлмаган, – деб ёзган эди академик Иззат Султон. Биз қанча таърифламайлик, қаламимиз ожизлик қилади. Келинг, шу ерда ҳаммамиз учун қадрли ва мўътабар бўлган домла Ойбекнинг сўзини келтирайлик. Буюк ўзбек ёзувчиси, машъум 30-40 йиллар таъқиби остида тилдан қолган академик Ойбек Матёқуб Қўшчонов ҳақида тутила-тутила: «Асарни танийди… Асарни танийди…» деб такрор-такрор қайтарган эди. Шу ерда яна бир йирик адабиётшунос олим, драматург, академик Иззат Султоннинг 1998 йилда матбуотда чоп этилган Матёқуб Қўшчонов ижодига бағишланган мақоласининг номини ёдга олмоқчимиз. Мақола: «Олим жасорати» деб номланган эди. 1959 йили Матёқуб Қўшчоновни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига қабул қилиш пайтида ўткир тили, чўрткесарлиги билан машҳур бўлган Абдулла Қаҳҳор адабиётда ҳам мавжуд бўлган бюрократларни эътиборга олиб, шундай деган эди: «Қўшчоновнинг делоси (тўсиқларни, демоқчи И.А.) тешиб ўтиб кетди-ю». Катта дарё ва тиниқ бўлоқлардан сув ичган киши катта ишларга қодир, дейди халқимиз. Матёқуб Қўшчоновдек устозлар ўзбек адабиётига Абдулла Ориповни, Эркин Воҳидовни, Шукур Холмирзаев, Омон Мухтор, таниқли адабиётшунос олимлар: Раҳматилла Иноғомов, Абдуғофир Расулов, Иброҳим Ғофуров, Бегали Қосимов, Норбой Худойберганов, кенжа шогирд дейлик, лекин у киши ҳам академик – Бахтиёр Назаровларни берди. Шунга айтсалар керак: Катта устоз кўрган шогирд мактаб яратади, деб. Оддий деҳқон оиласидан чиққан, Москвадаги Ижтимоий фанлар академиясини битирган, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Матёқуб Қўшчоновдек инсоннинг ҳаёти тинч-осойишта ўтди, деб бўлмайди. 1982 йили КПССнинг Тошкент шаҳар қўмитаси бутун институт жамоасини мафкуравий ноетукликда айблади.
Тоталитар мафкура қурбонлари бўлган Чўлпон, Фитрат ижодини, жадидизмни қайта тиклаш йўлидаги саъй-ҳаракатлари учун 1982 йили Матёқуб Қўшчонов қаттиқ таъқиб остига олинди. Миллатчи тавқи-лаънатига қолиб, қаттиқ ҳайфсан билан зўр-базўр ишда қолди.
Қандай даврларни бошдан кечирдик-а?! Маърифатчилик фаолияти, зиё, нур тарқатгани учун таъқиб остига олинар, жазоланар эди у даврларда. 1981 йили «Миллатчи олим» деган “юмалоқ хат” Москвага боради. Бу маълум доираларнинг атайлаб ўйлаб қилган ишлари эди. Нима дейсан – Ўзбекистон Фанлар академиясининг Пушкин номли тил ва адабиёт илмий-тадқиқот институти директори – миллатчи! КПСС Марказий Қўмитасининг чора кўриш, тартиб ўрнатиш учун Тошкентга йўллаган хати Ўзбекистон Компартияси Тошкент шаҳар партия қўмитасида жиддий муҳокама қилинади. Кўрилган чоралар ҳақида бутун ижодий ташкилотларда, институтлар, университет, ўқув юртларида, ёзувчилар уюшмасида ўқиб берилди. 1982 йили 10 февраль куни республиканинг бош газетаси «Совет Ўзбекистони»да Матёқуб Қўшчоновни қоралаб бош мақола чоп этилади. Кўпчилик олдида “сазои қилиш” дейди бунинг номини. – Ҳайрият, Шароф Рашидов сақлаб қолди, – деб эслайди Матёқуб ака. (Ҳа, айтгандек, Шароф Рашидов вафотидан кейин Матёқуб Қўшчоновни энди «рашидовчи» деб, партвзносни яшириб қолган, деб яна таъқиб қилишади.) – Институт раҳбарлигидан кетганимдан кейин ўша пайтлардаги даҳшатли парткомиссия Москва, Олмаота, Қозонда бўлиб, ўша ерларда чоп этилган китобларим, мақолаларимдан взнос тўлаганманми-йўқми, қаттиқ текширди. Натижада кам эмас, балки 290 рубль ортиқча тўлаганим маълум бўлди.
Сайтимизни кузатиб боринг. (Давоми бор)