ЎзА Ўзбек

19.07.2018 16:43 Чоп этиш версияси

Иккинчи ҳосил хирмонга тушди

Иккинчи ҳосил хирмонга тушди
Мамлакатимизда пиллачиликни ривожлантириш, соҳага илғор инновацион технологияларни жорий этишга қаратилаётган эътибор юксак самаралар бермоқда. Жумладан, бир йилда икки-уч марта ҳосил етиштириш тажрибаси такомиллашмоқда.

Буни Наманган вилояти Мингбулоқ тумани пиллакорлари эришаётган меҳнат ютуқлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Туманда Хитойдан келтирилган 2 минг 100 қути ипак қурти 1 минг 900 дан зиёд хонадонда парваришланди. Пиллакорларга қулай шароит яратилиб, рағбатлантириш мақсадида қурт уруғи билан бирга ўсимлик ёғи ва ҳар қути учун 200 минг сўмдан бўнак пули тарқатилгани меҳнат самарадорлигини оширишда муҳим омиллардан бири бўлди.

Пиллачиликда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳиссаси катта бўлмоқда. Алишер Навоий номидаги, “Хоразм” машина трактор парклари ҳудудидаги Савринисо Арабова, Манзура Шерназарова каби пиллакорлар пилладан юқори ҳосил кўтариб нафақат туман, балки вилоятда ҳам энг юқори кўрсаткичга эришди. Улар ҳар бир қути ипак қурти уруғидан 110 килограммдан ҳосил кўтарди. Ёки суяги пиллачиликда қотган меҳнат фахрийси Обида Арслонова 6 қути ипак қурти парваришлаб, 610 килограмм қимматбаҳо саноат хомашёси етиштирди.

Бир мавсумда икки марта хирмон кўтариш ҳадисини олган мингбулоқликлар яна 118 қути ипак қуртини юқори агротехника талаблари асосида парваришламоқда. Холида Турсунбоева, Гулноза Толипова ҳосилни туманда биринчи бўлиб қабул пунктига топширди. Саратон жазирамасида уларнинг 10 грамм ипак қурти уруғидан 25 килограммдан аъло навли пилла етиштиргани эътиборга сазовордир.

Туманда иккинчи ҳосил учун 236 пиллачига ўртача 10 граммдан уруғ тарқатилган. Давлатга 5 минг 900 килограмм юқори навли пилла топшириш бўйича шартномавий режа бор. Ҳар килограмми учун 20 минг сўмдан ҳақ тўланмоқда. Туман “Агропилла” МЧЖдан олинган маълумотларга кўра, “Мингбулоқобод замини”, “Фаридабону диёри”, “Шуҳрат Худойбердиев”, “Қаҳрамономадбек”, “Раҳима Қўлдошева”, “Минҳожиддин даласи”, “Оққум ободлиги” фермер хўжаликлари бошқа соҳалар қатори пиллачиликда ҳам алоҳида намуна кўрсатаётир.

Пиллачилик ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, пиллакорлар меҳнати муносиб рағбатлантирилаётгани соҳада юксак сифат ва самарадорликни таъминламоқда.

Акромжон Сатторов, ЎзА
8 692