ЎзА Ўзбек

28.08.2018 19:02 Чоп этиш версияси

Икки халқ адабий дўстлиги тимсоли

Икки халқ адабий дўстлиги тимсоли Пойтахтимизда атоқли Беларусь адиби ва жамоат арбоби Якуб Колас хотирасини ёд этиш ва унинг бюстига гул қўйиш маросими ўтказилди.

Тадбирда таниқли давлат ва жамоат арбоблари, илм-фан, маданият, санъат намояндалари, адабиёт соҳаси вакиллари, ёшлар, Беларусь Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ходимлари, Тошкент шаҳридаги "Свитанак" Беларусь маданият маркази аъзолари иштирок этди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда Якуб Коласнинг хотираси ёд этилиб, юксак ҳурмат кўрсатилди. Адиб ижодий фаолияти мисолида ўзбек ва беларусь адабий алоқаларининг келгуси истиқболига эътибор қаратилди.

26.JPG

Тадбирда таъкидланганидек, ўзбек ва Беларусь халқлари ўртасидаги даврлар синовидан ўтган дўстлик ва биродарлик алоқалари бугунги кунда янги босқичга кўтарилмоқда. Дўстлик, ҳамкорлик ришталарининг мустаҳкамланишида адабиётнинг ўрнини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди.

Назм, наср, драматургия, адабиётшунослик, бадиий публицистика жанрларида бирдай баракали ижод қилган Якуб Колас ҳам беларусь адабиётининг ёрқин вакилларидан бири ҳисобланади.

Якуб Колас ҳаётида Ўзбекистон алоҳида ўрин тутади. Иккинчи жаҳон уруши давом этаётган 1941-1943 йилларда у ўзи фаолият кўрсатаётган Беларусь Фанлар академияси таркибида Тошкентга кўчиб келиб, икки йилдан зиёдроқ вақт оиласи билан шу ерда яшаган. Бу даврда Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Мақсуд Шайхзода сингари ўзбек адабиёти вакиллари билан мустаҳкам ижодий ҳамкорлик ўрнатади.

28.JPG

Тошкентда яшаган вақтида адиб "Ўз яқинларимга", "Рим – Берлин ёйида", "Она ер ҳимоячиларига", "Курашувчи халққа", "Ер овози" каби ўнлаб шеърлар, "Душман билан учрашув", "Доя Таня", "Разведкада" қиссаларини ёзади.

Бугунги кунда ҳам Ўзбекистонда Якуб Колас ижодига қизиқиш юқори. Мамлакатимиздаги адабий нашрларда унинг асарлари мунтазам чоп этиб келинмоқда. Якуб Коласнинг бюсти пойтахтимиз марказидаги Шаҳрисабз ва Шевченко кўчалари чорраҳасидаги сўлим хиёбонда ўрнатилгани ҳам унинг ижоди, шахсиятига бўлган улкан ҳурмат ва эҳтиромнинг яққол намунасидир.

Инобат Аҳатова, Т.Мамадаминов (сурат), ЎзА
3 905