Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.09.2017 17:44 Чоп этиш версияси

Ихтиёр Қурбоновнинг жиноий иши сайёр судда кўриб чиқилди

Жиззах вилоятида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳоли ўртасида профилактика ишларини кучайтириш мақсадида сайёр судлар ўтказилмоқда. Шундай тадбирлардан бири Шароф Рашидов туманидаги "Тоқчилик" маҳалла фуқаролар йиғини идорасида бўлиб ўтди.

Сайёр судда ушбу маҳаллада яшовчи фуқаро Ихтиёр Қурбоновнинг жиноий иши кўриб чиқилди. 5 фарзанднинг отаси, ёши элликни қоралаб қолган бу фуқаронинг қилмиши ҳақида эшитган биров “Эссиз умр”, деб ачинган бўлса, бошқаси “Шунақаси ҳам бўлар эканми-а?” дея таажжубланди.

У бундан 5 йил муқаддам ҳам судланиб, 3 йил озодликдан маҳрум этилган. Аммо давлатимизнинг бағрикенглиги, кечиримлилиги туфайли унга нисбатан амнистия акти қўлланиб, жазони ўташдан муддатидан олдин озод қилинган. Бироқ, бундан тўғри хулоса чиқармаган И.Қурбонов яна нопок ишга қўл уриб, суднинг қора курсисига ўтирди.

Жорий йил июнь ойида туман ички ишлар ва терроризмга қарши кураш бўлимлари томонидан ўтказилган “Қорадори – 2017” тадбири давомида И.Қурбоновнинг ҳовлисида каннабис гиёҳвандлик ўсимлиги ўстирилаётгани ҳамда истеъмол учун қуритиб тайёрлаб қўйилгани аниқланди. Суриштирув ва тергов давомида у барча айбларини бўйнига олди.

Жиноят ишлари бўйича Шароф Рашидов тумани судининг сайёр суд мажлисида И.Қурбоновнинг айбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, оиласида ягона боқувчи экани инобатга олиниб, унга нисбатан 1 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

Мазкур жиноий иш учун судланувчига қонуний жазо берилди. Сайёр суд мажлисида қатнашган маҳалла аҳли бу ҳукмни мамлакатимизда одамларни жазолаш эмас, балки тарбиялашга қаратилган сиёсат устуворлиги, қонунларимизнинг инсонийлик ва адолат тамойилларига асослангани ҳақида сўз юритди.

– Агар ушбу судда қатнашмаганимда, Ихтиёр Қурбоновга енгил жазо берилди, деб ўйлашим ҳам мумкин эди, – дейди 12-умумтаълим мактаби биология фани ўқитувчиси М.Фозилова. – Мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлардан мақсад инсонни жазолаш эмас, аксинча, тарбиялаш эканига ишонч ҳосил қилдим. Бу И.Қурбоновга ҳаётда тўғри йўлга тушиб олиши учун берилган яна бир имконият. Ушбу суд жараёнида ҳеч биримиз қўшнимиз ё маҳалладошимиз ҳаётига бефарқ бўлмаслигимиз лозимлигини янада теран англадим.

Худди шундай сайёр суд туманнинг “Қўшкўприк” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам бўлиб ўтди. Унда ўзи истеъмол қилиши учун гиёҳванд модда ўстирган фуқаронинг жиноий иши маҳалла аҳли иштирокида муҳокама қилиниб, айбдорга тегишли жазо белгиланди.

Бундай сайёр судлар вилоятнинг барча туманларида ўтказилаётир. Уларда айбдорга фақат жазо тайинлаш эмас, балки содир этилган жиноятнинг келиб чиқиш сабаб ва омилларини таҳлил қилиш, фуқаролар ўртасида ҳуқуқий тарғиботни кучайтириш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда давлат ва жамоат ташкилотлари билан кенг жамоатчилик ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш асосий мақсад экани уқтирилмоқда.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
1 400






Все о погоде - Pogoda.uz