Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.06.2018 18:29 Чоп этиш версияси

Ихтисослаштирилган таъмирлаш-эксплуатация бўлимларига 27 “Дамас” хизмат автомашиналари топширилди

Ихтисослаштирилган таъмирлаш-эксплуатация бўлимларига 27 “Дамас” хизмат автомашиналари топширилди Сурхондарё вилоятида Термиз шаҳри ва барча туман халқ таълими бўлимлари қошида янги ташкил этилган ихтисослаштирилган таъмирлаш-эксплуатация бўлимларига 27 “Дамас” хизмат автомашиналари тантанали топширилди.

Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, халқ таълими ва мактабгача таълим муассасалари масъул ходимлари, журналистлар иштирок этган тадбирда мамлакатимиз таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар чуқур билим ва юксак салоҳиятга эга авлодни тарбиялаб, камолга етказишда муҳим омил бўлаётгани таъкидланди.

Вилоятда 854 умумтаълим мактаби, 200 га яқин мактабгача таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Жорий йилда яна 250 хусусий боғча бунёд этилаётир.

Махсус жиҳозланган автомашиналар Президентимизнинг 2017 йил 21 августдаги “Таълим ва тиббиёт муассасаларини молиялаштириш механизмини ҳамда давлат молиявий назорати тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ жойлардаги таълим муассасаларига сифатли ва тезкор хизмат кўрсатишга мўлжалланган.

4.jpg

Янгидан ташкил этилган ихтисослаштирилган таъмирлаш-эксплуатация бўлимлари таълим муассасаларининг бино ва иншоотларини тегишли тартибда эксплуатация қилиш, электр энергияси, табиий газ, сув ресурсларидан тежамкорлик билан фойдаланиш, уларни ҳисобга олиш асбоб-ускуналари ҳолатини мониторинг қилиш каби вазифаларни амалга оширади. Таълим муассасаларида юзага келадиган авария ҳолатлари тўғрисидаги хабар ва шошилинч маълумотларни телефон орқали қабул қилиб, зудлик билан бартараф этиш чораларини кўради. Таълим муассасаларини ҳар йили янги ўқув йилига ҳамда куз-қиш мавсумига белгиланган муддатларда сифатли тайёрлайди.

– Бўлим мутахассислари бюджетдан ажратиладиган маблағлар асосида ҳар йили янги ўқув йили бошлангунга қадар таълим муассасаларининг бино ва иншоотлари, муҳандислик-коммуникация тизимлари жорий таъмирланишини якунлаш ва улардан фойдаланиш бўйича тизимли мониторинг юритади, – дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари К.Ашуров. – Физика, кимё лабораториялари ва компьютер синф хоналаридаги техник воситалардан самарали фойдаланиш ҳолатини мунтазам кўрикдан ўтказиб, якуний хулоса ва нуқсон далолатномаси асосида уларни таъмирлаш ёки янгисига алмаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади. Бу жараёнларда замонавий автомашиналар мобиль ҳаракатдаги таъмирлаш-эксплуатация хизматининг энг чекка, олис ҳудуддаги таълим муассасаларига ҳам тезкорлик билан бориб, амалий ёрдам кўрсатишида муҳим аҳамият касб этади.

Тадбирда вилоятнинг шаҳар ва туман мактабгача таълим бўлимларига ҳам 13 махсус жиҳозланган “Дамас” автомашиналари топширилди.

Тантанали тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Э.Турдимов сўзга чиқди.

Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат), ЎзА
4 872