ЎзА Ўзбек

06.12.2018 18:15 Чоп этиш версияси

Ихтисослаштирилган прокуратура ташкил этилди

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев яқинда Хоразм вилоятига ташрифи давомида халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида вилоят иқтисодиётини ривожлантириш, аҳолининг ижтимоий шароитларини яхшилаш бўйича қатор ишлар амалга оширилаётганини қайд этди. 

Шу билан бирга йиғилишда яратилган иш ўринлари етарли эмаслиги, вилоятда ишсизлик сақланиб қолаётгани таъкидланди. Шу боис иқтисодиёт тармоқларини кўпайтириш, янги саноат корхоналари ташкил этиш ва мавжудларини кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги, туризм ва тадбиркорликни ривожлантириш орқали бандлик даражасини ошириш бўйича топшириқлар берилган эди. 

Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур топшириқлар ижроси бўйича Бош прокуратура томонидан Хоразм вилояти прокуратураси тузилмасида Қишлоқ хўжалигида қонунчилик ижроси устидан назорат бўйича Хоразм ихтисослаштирилган прокуратураси ташкил этилди. 

Мазкур тузилма ҳудудда шоличилик, мева-сабзавотчилик ва балиқчиликни ривожлантириш, ер ва сувдан оқилона фойдаланишда прокуратура органлари томонидан қонунийликни таъминлашга хизмат қилади. 

Ихтисослаштирилган прокуратура қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ер майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сув хўжалиги объектларининг ҳолатини яхшилаш, сувдан оқилона фойдаланиш ва томчилатиб суғориш тизимларини жорий этиш, балиқчилик тармоғини жадал ривожлантириш, балиқ етиштириш иншоотлари ва қурилмаларини барпо этиш, балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда шоли етиштириш ҳажмларини кўпайтириш, уни қайта ишлашда замонавий технологияларни жорий этиш ва мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш, уларни қайта ишлаш (қуритиш) қувватлари ҳамда экспорт ҳажмини ошириш, шоличилик, мева-сабзавотчилик ва балиқчилик соҳаларидаги тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ҳамда ушбу соҳаларга тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш каби йўналишларда қонунчилик ижроси устидан назоратни амалга ошириш каби вазифаларни бажаради. 

Қишлоқ хўжалигида қонунчилик ижроси устидан назорат бўйича Хоразм ихтисослаштирилган прокурори вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари ҳисобланади. 



ЎзА
4 379