ЎзА Ўзбек

03.07.2018 23:27 Чоп этиш версияси

Ихчам тўйлар бўйича аҳоли қандай фикрда?

Ихчам тўйлар бўйича аҳоли қандай фикрда?
Тоҳир КОМИЛОВ,
“Умид” МФЙ раиси:

– Халқимизнинг эзгу қадриятларини юксалтириш, одамларимизни бирлаштириш, улар ўртасида ўзаро аҳиллик ва меҳр-мурувват туйғуларини мустаҳкамлашда тўй ва маросимларимиз муҳим ўрин тутади. Шу маънода, бундай тадбирлар эл-юртимизнинг маданияти, маънавий савияси даражасини яққол кўрсатувчи омиллардан бири, десак янглишмаймиз. Афсуски, кейинги пайтларда тўйлар, оилавий тантаналар, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказишда шуҳратпарастлик, ўзини кўз-кўз қилиш, атрофда яшаётган одамларнинг ҳол-аҳволини инобатга олмаслик, халқимизнинг урф-одатлари ва анъаналарини менсимаслик каби салбий иллатлар кўзга ташланмоқда. Ушбу иллатларга қарши эса биргаликда курашсаккина мақсадга эришамиз. Тўй ва маъракалар ота-боболаримиздан қолган урф-одат бўлгани сабабли бунга аниқ бир чеклов қўя олмаймиз ҳам. Бундай ҳолларда одамларга тўғри тушунтириш керак. Маҳаллада тўй-ҳашамларни камхарж ўтказиш бўйича мутасадди ташкилотлар вакиллари, имом-хатиблар билан ҳамкорликда тушунтириш-тарғибот тадбирлари ўтказаяпмиз. Бу ўз натижасини бераяпти. Лекин, баъзида одамларда кўпларнинг ошини еб келяпман, қандай қилиб уларни ошга ёки тўйга айтмаслигим мумкин, деган фикрлар ҳам бўлаяпти. Маҳалладаги ёшларни тўй қиламиз, деб яхши ниятда келади. Биз келин ва куёвнинг оилавий шароитидан келиб чиқиб, маслаҳат берамиз.

Ҳозирги ёшлар тўйда "иномарка" машиналардан фойдаланади. Улар жуда қиммат. Аслида оддийроқ бир-иккита машина ҳам етади-ку. Ундан кўра, шу пулни рўзғор бутлигига, фарзанд тарбиясига ишлатсак фойда эмасми? Бир ҳафта олдин шундай ихчам, намунали тўй ўтказдик. “Аъло” тўйхонасининг кичкина залида 160 кишилик тўй бўлди. Тўй бошида турдик. Жуда чиройли ўтди. Ҳамма рози. Яна бир жиҳатига эътибор қаратиш керак. Баъзи тўйхоналар 150 кишилик тўй учун 300 кишининг тўловини олаяпти. Сабабини ўрганиб чиқсак, тўйхона раҳбарлари тўйга кетадиган энергия сарфини қопламаяпти, деган жавобни беради. Бу томонларининг ҳам ечимини топсак мақсадга мувофиқ бўлади.

ЎзА
9 171