ЎзА Ўзбек

07.10.2019 Чоп этиш версияси

ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари “Кексалар ҳафталиги”да фаол иштирок этмоқда

ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари “Кексалар ҳафталиги”да фаол иштирок этмоқда

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 27 сентябрдаги “Кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, БМТ Бош Ассамблеясининг 1990 йил 14 декабрдаги резолюцияси билан эълон қилинган “1 октябрь – Халқаро кексалар куни”ни ҳар йили мамлакатимизда муносиб нишонлаш мақсадида октябрь ойининг биринчи ҳафтаси “Кексалар ҳафталиги” этиб белгиланди. 

Дарҳақиқат, оқибат ва тотувлик бор юртда қут-барака бўлади, дейди кўпни кўрганлар. Юрт тинчлиги, жонажон Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшган кўпни кўрган кекса авлод вакилларининг ҳолидан хабар олиш, уларнинг доимо эътиборда эканлигини доимо ҳис этишларини таъминлаш ҳам қарз, ҳам фарз ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан жойларда ички ишлар органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўтказилаётган сайёр ўқув йиғинлари доирасида кекса авлод вакилларининг ҳолидан хабар олиш ҳам анъанага айланиб бормоқда.

Жумладан, якка ёлғиз қарияларнинг холидан хабар олиниб, уларнинг шарт–шароитлари билан танишишга, ижтимоий муаммоларини эшитиш ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда уларнинг ечимини топишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Институт ходимларида қарияларимизнинг серқирра умр йўллари тўғрисидаги ҳаётий ҳикоялари катта таассуротлар уйғотмоқда. Зеро, кексалар қалби ўқилмаган китобдир.

“Қарилик қурсин, кўзим яхши кўрмай қолган, сизларни таниёлмай турибман” дейди Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир тумани “Ойдин кўл” маҳалласида яшовчи, 75 ёшли онахон Шайдохон Ўразимбетова. 
ИИВ Малака ошириш институти катта ўқитувчиси Абдулла Бадалхўжаевнинг биз сизни кўргани келдик, деган сўзлари онахони тўлқинлантириб юборди, шекилли. “Аввало минг километр йўл босиб, мени кўриш учун келганларингиздан миннатдорман. Вақт ўз таъсирини кўрсатар экан. Ҳозир соғлигим яхши эмас, ўғлим 1976 йилда туғилган Ирза Абдуллачоров ҳам касалманд бўлиб қолди. Сизлар каби саховатли инсонлар бор экан, холимиздан хабар олиб туришади. Катта раҳмат. Соғлиғимни тиклаш учун маҳаллий идоралар билан биргаликда даволанишим учун ёрдам бермоқчи эканлигингиз мени жуда хурсанд қилди”, деди Шайдохон ая кўзда ёш билан.

– Уйда кампирим билан ўтирган эдик, келиним шошиб кириб, уйга меҳмонлар келишди, деб менга хабар берди. Кейин билсам, пойтахтимиздан ИИВ Малака ошириш институтининг бир гуруҳ ходимлари экан, “1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни” билан табриклашди, суҳбатлашдик, кўзимга ёш келди, кайфиятим кўтарилди, – дейди Сурхондарё вилояти Термиз тумани “Кокилдор ота” маҳалласида яшовчи, 78 ёшли Қўзимурод ҳожи ота Шобиров. – 50 йил таълим соҳасида меҳнат қилдим, ёшларга туманимиздаги 9-сонли умумтаълим мактабида “Физика” фанидан сабоқ бердим. Бундан ташқари, ўғил болаларга спортнинг кураш туридан мураббийлик қилганман. Шогирдларим ичида бир нечтаси Ўзбекистон чемпиони, халқаро мусобақаларда совриндор бўлган. Худога шукр, турмуш ўртоғим билан 3 нафар ўғил, 2 нафар қизни вояга етказиб, ўқитиб, оилали, уй-жойли қилиб, халққа нафи тегадиган инсон қилдик, бундан ортиқ бахт борми, бугун энди қарилик гаштини суриб ўтирибмиз. Ички ишлар вазирлиги раҳбариятига ўз миннатдорлигимни билдираман, халқнинг тинчлик-осойишталигини таъминлашда қилаётган ишларингизда омадлар тилаб, сизларни дуо қилиб қоламан.

photo5242344662847564558.jpg

– Турмуш ўртоғим билан 5 нафар қиз, 2 нафар ўғилни вояга етказдик, дейди Ангор тумани Улуғбек номли маҳаллада яшовчи, 83 ёшли Роҳия момо Хайитова. – 40 йил жамоа хўжалигида пахта даласида меҳнат қилдим. Турмуш ўртоғим 20 йил аввал қазо қилган, катта ўғлим 5 йил бурун касаллик туфайли вафот этган. Яқинда 4 ой олдин кичик ўғлим ҳам йўл-транспорт ҳодисасида вафот этди, Мен сизларни кўриб, қувониб кетдим, пойтахтдан уйимга келиб, мендан ҳол-аҳвол сўраганларингиз учун сизларга раҳматларимни айтиб, юрт тинчлиги йўлидан қилаётган меҳнатларингизда зафарлар тилайман.

Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой тумани “Темирйўл” гузарида яшовчи, 1952 йилда туғилган Бозорбой Ўразимбетов билан ўтказилган суҳбат жараёнида унинг 1979 йилда туғилган ўғли Жалғасбай Ўразимбетов 1-гуруҳ ногирони эканлиги, унинг кўзи кўрмаслиги, оиласи ижтимоий ҳимояга муҳтожлиги маълум бўлди. Уйининг томини ёпишда амалий ёрдам кўрсатишни сўради. Туман ҳокимлиги томонидан Б.Ўразимбетовнинг уй томини таъмирлаб бериш бўйича чора-тадбир белгиланди.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой тумани Т.Сойимбетов кўчасида яшовчи Айтбой Жоломбатов, Тахтакўпир тумани “Ойдин кўл” маҳалласида яшовчи Гулпарчин Бойзакова, Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани “Янги шаҳар” маҳалласида истиқомат қилувчи Бахтиёр Мирзаев каби ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг ҳам ҳолидан хабар олинди.

Шу билан бирга, Институт жамоасининг ушбу ҳудудлардаги “Саховат” уйларидаги кекса авлод вакилларининг ҳолидан хабар олинганлиги уларга бир олам қувонч бағишлади.

ИИВ Малака ошириш институти 
Матбуот хизмати. 

2 809
ЎзА